11:43 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Аҳолини иш билан таъминлашни прокуратура амалга оширмоқда

09.09.2007 20:06 msk

Деҳқонбой Шуҳратбоев (

Фарғона.Ру Наманган вилоятининг Чуст туман прокуратураси аҳолини иш билан таъминлаш маҳаллий маркази билан биргаликда маҳаллий фермер хўжаликларини текшириш юзасидан рейд ўтказди, натижада уч мингдан зиёд иш ўринлари “ташкил этилди”. Ҳойнаҳой, прокуратура шунчаки фермерларни ўз ходимларини – мардикорларни расман ишга олишга мажбур қилган бўлса керак.

Чуст тумани Намангандаги энг йирик туманлардан бири бўлиб ҳисобланади. Бу ерда дон ва пахта етиштиришга ихтисослашган 847 та фермер хўжалиги рўйхатга олинган. Рейд чоғида туманнинг 775 та фермер хўжалигида 5111 киши меҳнат шартномасини имзоламасдан, оғзаки келишув асосида ишлаётгани аниқланган. 4129 ходимнинг меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувлар битилмаган, 416 ишчида эса меҳнат дафтарчаси умуман йўқ бўлиб чиққан. Аниқланган камчиликлар ўз жойида бартараф қилинган. Боз устига, Чуст туман прокуратураси ходимларидан бирига кўра, туман фермер хўжаликларининг барчасида айни пайтда касаба уюшмаси гуруҳи ташкил этилмоқда, меҳнат дафтарчаси билан эса эндиликда мавсумий ишчилар ҳам таъминланмоқдалар.

“Фермер хўжаликларини мониторинг қилиш чоғида 3131 та янги иш ўрни ташкил этилди, одамлар ишга қабул қилиндилар ва тўлалигича ҳуқуқий ҳимоя билан таъминландилар”, - дея қайд этади манба. Лекин айнан қандай иш ўринлари барпо этилгани, айнан қаерда барпо этилгани ва бу қай йўл билан амалга оширилгани юзасидан аниқлик киритилмаган.

“Фарғона.Ру” Ўзбекистонда иш ўринлари барпо этиш усулларидан бири ҳақида аввал хабар қилганди. Ўтган йили чорва молларига эга бўлган республика фуқаролари президент Каримовнинг фармони билан “уйда ишловчилар”, яъни “уйда шохли қорамол етиштирувчи” шахслар, деб атала бошлаган эдилар. Энди улар тўлақонли меҳнаткаш ҳисобланадилар, уларнинг меҳнат дафтарчаларига эса тегишли қайдлар битиб қўйилади.

Чуст туманидаги минглаб иш ўринлари пахта йиғим-терими мавсуми бошида пайдо бўлганини ҳисобга олган ҳолда, бу иш ўринларига ҳар йили пахта ҳосилини йиғиб олиш учун ёлланадиган ва маҳаллий фермерларнинг ижарага олинмиш далаларида мардикорлик қиладиган ишсиз кишилар расмийлаштирилганини тахмин қилиш мумкин.

Нима бўлганда ҳам, Чуст прокуратураси ходимлари кўрсатган ўрнак зийраклик ва уддабуронлик туфайли ҳеч қандай маблағ ишлатмасдан, ҳатто қоғозда бўлса ҳам, юқори даражада аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлигини кўрсатди.

Вилоят раҳбарияти туман прокуратураси ходимларининг ишини маъқуллади, юқори баҳолади ва уларнинг тажрибасини кенг ёйиш мақсадида Чуст шаҳрида семинар ўтказди. Семинарга тегишли бошқармаларнинг бошлиқлари, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, банк бошқарувчилари, статистика бўлими, солиқ қўмиталари, касаба уюшмалари, аҳолини иш билан таъминлаш марказлари бошлиқлари ҳамда Наманган вилоят фермер хўжаликларининг раҳбарлари жалб қилиндилар.

Семинар мазкур ҳудудда яна ўттиз мингта қўшимча иш ўрни барпо этилишига ёрдам бериши кутилмоқда. Агар наманганликлар Чуст туман прокуратураси тажрибасини бутун республикага ёйишда ғайрат кўрсатсалар, президентга у раҳбарлик қилаётган мамлакатда барпо этилган яна икки юз мингта иш ўрни ҳақида бемалол ҳисобот берса бўлаверади.



 

Реклама