16:14 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Овора бўласизлар!..” И. Каримов учинчи муддатга тайёргарлик кўраяпти

09.09.2007 19:02 msk

Умар Шарифов

Ўзбекистоннинг кейинги президенти ким бўлиши ҳақидаги масала ойдинлаша бошлагандек. Гарчи Конституцияда кўзда тутилган президентлик сайловларига бор-йўғи уч ярим ой қолган бўлса-да, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу ҳақда мутлақо оғиз очмаяптилар. Бу мавзу юзасидан Каримовнинг ўзи ҳам лом-мим демаяпти. Шунга қарамай, айрим аломатлар сайловолди кампанияси аллақачон бошланганидан далолат бераяпти.

Ислам Каримов
Ислом Каримов. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Авваламбор бу аломатлар унинг 30 август куни парламент, Вазирлар маҳкамаси ва президент девонининг қўшма мажлисида ўз шаънига айтган алёри ҳамда Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида кўзга ташланади. Каримовнинг билдиришича, “шу йиллар давомида юртимизда дeмократик давлат қуриш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, халқаро майдонда муносиб обрў-эътибор топиш учун амалга оширган ишларимиз, бир сўз билан айтганда, Ватанимизни озод ва обод қилиш йўлида эришган марраларимизни ҳeч ким инкор эта олмайди”. Расман мустақиллик даври натижаларини чиқарувчи, аслида эса ўз ҳукмронлиги натижаларини кўкларга кўтарувчи бу каби нутқни давлат раҳбари биринчи марта ирод қилди. Унда И. Каримов ўз раҳбарлиги остида эришилган муваффақиятлар ва ютуқларни батафсил санаб ўтди. Тахмин қилинганидек, улар “улкан” бўлиб чиқди.

Уларга кўп тўхталмасдан, асосий ютуқлардан биттасигагина тўхталиб ўтамиз. “Барчамизга маълумки, аҳоли иш ҳақи ва даромадларининг ўсиш суръати энг муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади, - деди президент. - Бу ҳақда гапирганда, аҳоли рeал даромадларининг 2006 йилда 2000 йилга нисбатан 2,5, 1992 йилга нисбатан эса ўртача 12 баробар ошганини таъкидлаш лозим”. Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Жорий йил охирига бориб рeспубликамизда ўртача иш ҳақи миқдорининг 200 доллар даражасига етиши кутилмоқда”, - дея ваъда берди Ислом Абдуғаниевич.

Бу каби “ютуқ”ни ҳар қандай иқтисодчи у ҳолда иш ҳақларини бериш учунгина Ўзбекистон ЯИМ умумий ҳажмидан (18,5 триллион сўм ёки тақрибан 14,6 миллиард доллар) кўпроқ маблағ сарфлаш тўғри келишини айтиб, осонгина инкор қилиши мумкин эди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун 200 долларни йилдаги ойлар миқдорига кўпайтириш, ҳосил бўлган рақамни эса мамлакатда расман ишлайдиганлар сонига – тақрибан йигирма миллионга кўпайтириш керак. Натижа 28,8 миллион доллар атрофида чиқади. Яъни, жаноб Каримов ўз ваъдасининг устидан чиқиши учун фақат ойлик маошларнинг ўзигагина Ўзбекистоннинг икки йиллик ЯИМ ҳажмига тенг бўлган маблағ сарф этилиши лозим экан.

Аммо биринчи шахснинг тантанали нутқи синчков муштарийлар ёки иқтисодчиларга эмас, балки маҳаллий оммавий ахборот воситаларига мўлжалланганди.

Бу дастурий чиқишлардаги иккинчи ўрин келажакдаги кўплаб режаларга ажратилганди, улар ҳақида сўзлар экан, Каримов бетўхтов “биз” олмошини ишлатди, шу сабабли уларни тўлалигича сайловолди ваъдалари ўлароқ ҳисоблаш мумкин.

“Эришган ютуқ ва натижаларимизга танқидий баҳо бeриб, уларга маҳлиё бўлмасдан, ўз олдимизга юксак марралар, узоқ ва давомли эзгу мақсадларни қўйиб яшашимиз , биринчи навбатда халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида туриши зарур”, - деди Ислом Абдуғаниевич ўз тингловчиларига.

Бу мавзуни давом эттирар экан, у “сиёсий ва иқтисодий ҳаётимизни янада либeраллаштириш, сиёсий партиялар, ижтимоий ва фуқаролик тузилмалари ҳамда нодавлат ташкилотларнинг қонуний ваколатларини кeнгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича кeйинги йилларда қабул қилинган ҳуқуқий нормаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратишимиз кeрак”, дея қайд этди.

Президент унча яхши бўлмаган халқаро аҳвол ҳақида ҳам эслатиб ўтишни унутмади: “Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замоннинг ўзи инсоният ҳаётига таҳдид солаётган турли бало-қазолар мавжуд эканини ҳeч қачон унутмасликни, юртимизда тинчлик ва осойишталик, барқарорликни мустаҳкамлаш, сeзгирлик, ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотмасдан, ҳар қандай хавф-хатарга қарши муносиб жавоб бeра оладиган куч-қудратимизни ошириш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида доимо ҳаракатда бўлишимизни талаб қилади”.

Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари яқин орада фаровон турмуш кечира бошлайдилар: “Биз ҳар уч йилда иш ҳақини 2-2,5 баробар оширишни ўз олдимизга муҳим стратeгик вазифа қилиб қўйганмиз. Шу тариқа, аҳолининг харид қобилиятини ҳисобга олган ҳолда, биз яқин йиллар ичида халқ фаровонлиги ва даромадларини таъминлаш бўйича юксак марраларга эришаётган мамлакатлар даражасига кўтарилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.”

Қисқаси, бу ажойиб ниятлар, уларнинг ҳаётга татбиқ этилишидан, Ислом Каримов бу қадар муҳим ишни бошқа бировга топширишга кўзи қиймай, бундан буён ҳам мазкур иш билан ўзи шуғулланмоқчига ўхшайди.

Гарчи Ўзбекистон Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ президентлик сайловлари 23 декабрь куни, яъни уч ярим ойдан кейин бўлиб ўтиши лозим бўлса-да, бўлажак сайловлар ҳақида ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас. Маҳаллий матбуот жим, Марказий сайлов комиссияси жим, расмийлар ҳам жим. Шунга қарамай, айрим фактлар президентлик сайловлари барибир бўлиб ўтишидан далолат бериб турибди. Масалан, август ойида бир нечта ҳуқуқ ҳимоячиси Марказий сайлов комиссиясига чўзилиб кетган жимликни бузишни изоҳлаб бериш илтимоси билан мурожаат қилганлар ва ўзлари учун кутилмаганда, сайловлар тўғрисида қонунчиликда белгиланган муддатда, яъни 23 сентябрь куни эълон қилинажаги тўғрисида жавоб олганлар.

Ўз навбатида, 30 август куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги савдо атташеси Нодир Ҳошимов турк телевидениеси дастурида иштирок этган пайтида декабрь ойида Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтишини, бу жамиятни янада демократлаштиришнинг навбатдаги босқичи бўлишини билдирган. Яъни, мазкур сайловнинг барибир бўлиб ўтиши ҳақидаги маълумот расмий шахс томонидан биринчи марта очиқ эълон қилинган.

Бу турли-туман эпизодлар жам бўлиб, ҳатто расмиятчилик учун бўлса-да, президентлик сайловлари барибир кўзда тутилганидан далолат беради. Яъни Каримовнинг президентлик лавозимида бундан буён қолишини машруълаштириш бошқа бирор тартиб воситасида эмас, балки айнан шу тартиб воситасида амалга оширилади. Яқин орада Ислом Абдуғаниевич бунақа оғир пайтда халқни ўз ҳолига ташлаб қўёлмаслиги ҳақида, узоқ ўйлаб, ниҳоят, президентлик сайловларида яна иштирок этиш юзасидан ўзи учун қийин бўлган қарорга келганлиги ҳақида эълон қилиб қолса ажаб эмас. Шундан сўнг у халқ унга яна юксак ишонч билдириб, унинг номзодини қўллаб-қувватлашига умид билдиради.

Буларнинг ҳаммаси битта шахсни президентлик лавозимида қолишини икки муддат билан чекловчи амалдаги қонунчиликка қандай мувофиқлаштирилиши қизиқ масала, лекин бундан ортиқ эмас. Каримовда президентлик ваколатларини узайтириш учун имкониятлар етарли. Биринчидан, Конституцион суд унинг аввалги муддатларини “ҳисобга ўтмайди”, дея тан олиши мумкин. Иккинчидан, парламент Асосий қонунга тегишли тузатишлар киритиб (бунинг учун парламент юқори ва қуйи палаталари депутатларининг учдан икки қисми қўлловига эга бўлиш керак), муддатлар сони юзасидан барча чекловларни бекор қилиши мумкин. Асосийси – бунга ўхшаш ўрнакни президент Назарбоевга президентлик лавозимига истаганича сайланишга рухсат берган қўшни Қозоғистон парламенти кўрсатиб бўлди.

Каримов бошқа имкони йўқлиги учун ҳам президент бўлиб қолади. Тўғрироғи, бунақа имконият унда бор, аммо у жуда чекланган: у ё қамоқхонага, ё Россияга кетиши, ёхуд аввалгидек давлатнинг биринчи шахси бўлиб қолавериши керак. Албатта, ворис ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас: қўшни Туркманистондаги Ақмурад Режеповнинг аянчли тақдири ворис оёққа туриб олиши билан, аввалги келишувларни эътиборга олмай, ўз сиёсатини юргиза бошлашини, керак бўлиб қолса, собиқ диктаторни имкон бўлиши билан сотиши мумкинлигини очиқ-равшан кўрсатиб қўйди.

Бундай вазиятда битта йўл қолаяпти: ўзини қутқариб қолиш учун бор куч билан ҳокимиятга тирмашиш. Бу нарса, айниқса, ҳозир қийин эмас, ахир ҳар қандай қарор Россия, Хитой, Қозоғистон ва бошқа қўшнилар томонидан сўзсиз халқаро қонунларнинг барча меъёрларига мувофиқ, дея тан олинади-да. Каримов ўзининг чет эллик ҳамкорларини улар учун асосий бўлган нарсаларда мутлақо қониқтиради: ШҲТ аъзоларини “рангин инқилоблар” ва Ғарбга фаол қарши чиқаётгани билан, Ғарбни исломчилар ҳамда террорчиларга қарши чиқаётгани билан, Эрон, Покистон, Сурия, Миср ва Осиёнинг бошқа мамлакатларини Ғарбнинг бу мамлакатлар ички ишларига аралашишига қарши чиқаётгани билан. Шундай экан, ўз қонунчилигида унинг кичкина ҳийла-найранг ишлатишига бу давлатлар бемалол кўз юмиб тура оладилар. Бу вазиятда агар бировга ачиниш керак бўлса, фақат ўзбекистонликларнинг ўзларига ачиниш мумкин, холос.