10:43 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Муборак Рамазон ойида масжидларда диний даъват маън қилинди

07.09.2007 16:04 msk

М.Тошотаров (Наманган)

Наманган шаҳридаги “Махдуми Эшон” жомеъ масжидида 5 сентябрь куни имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, унда Наманган вилоят Мусулмонлар диний бошқармасининг вакили, вилоят қозиси Абдулҳай Турсунов йиғилганларни Тошкентдан келган буйруқ мазмуни билан таништирди. Ўзбекистон Мусулмонлар диний бошқармасининг вилоятлардаги диний ташкилотлар раҳбарларига тарқатилган буйруғи Муборак Рамазон ойини ўтказишнинг янги қонун-қоидаларига дохилдир.

Ҳужжатга мувофиқ, Рамазон ойи бу йил ўн иккинчи сентябрь куни бошланади. Ўзбекистоннинг марказий жомеъ масжидларида ўн кунлик Хатми Қуръон ўтказилади. Имом-хатибларга Таровиҳ намозлари пайтида диний даъват билан шуғулланиш маън қилинади. Барча тадбирлар соат 22.00 гача якунланиши лозим, сўнгра ҳар бир имом-хатиб ўзининг вилоятдаги раҳбарига Таровиҳ намози кўнгилсизликларсиз ўтгани ҳақида хабар қилиши шарт, фақат шундан кейингина у уйига кетиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, кенгашда вилоят қозиси барча имомларга мактаб ўқувчиларини Таровиҳ намозига қўймаслик каби масъулиятли вазифа юклатилишини бир неча бор таъкидлади. “Агар масжидга болаларни таклиф қилсангиз, дўзахга тушасиз, сиз туфайли масжидларни ёпиб қўядилар ва сизларга халқнинг қарғиши тегади”, - дея таҳдид қилди имомларга А. Турсунов.

Қайд этиш жоизки, Наманган вилоятида мактаб ёшидаги болаларнинг Жумъа намозига бориши шундоқ ҳам маҳаллий расмийлар назоратида туради. Ҳар Жумъа ҳуқуқ-тартибот идоралари вилоят Халқ таълими бошқармаси ходимлари билан биргаликда масжидларда рейдлар ўтказишиб, мактаб болаларини тутиш билан шуғулланадилар, диний муассасалар олдида милиционерлар нарядлари навбатчилик қилади, мактаб директорлари эса ўзларига ишониб топширилган таълим муассасалари эшиги олдида қўлларига боғич таққанча турадилар. Шаҳар ва туман халқ таълими бўлимларида ҳатто махсус ҳисобот формаси мавжуд бўлиб, унда мактаб ўқувчиларининг масжидга боришлари ҳақидаги ҳисоботлар ҳар ҳафта қайд этиб борилади.

Бу йилдаги яна бир янгилик ҳар бир имом-хатиб ўз масжидида Хатми Қуръон ўтказиш учун фақат Намангандаги “Мулла Қирғиз” мадрасасини тамомлаган қориларнигина таклиф қилиши шартлиги юзасидан А. Турсунов томонидан айтилган талаб бўлди. Бунинг учун имом-хатиблар мадраса ҳисоб рақамига аввалдан 20.000 сўм ўтказишлари ва домулло Абдулҳай билан “келишиб олишлари” лозим. Агар бирор-бир имом-хатиб бошқа вилоятлардан келган ёки мадраса назорати остида бўлмаган қориларни таклиф қилгудек бўлса, ўзига жабр қилиши ҳақида алоҳида таъкидланди. Ҳар бир имом-хатиб А. Турсуновга [Хатми Қуръонга] таклиф қилинмиш қориларнинг телефон рақамлари ва манзилларини тақдим этиши шарт.

Шунингдек, имом-хатибларга намозхонларнинг масжидга машиналарда эмас, пиёда келишларини тайинлаш вазифаси ҳам юклатилди. Акс ҳолда, Турсуновга кўра, “машиналарга бир нарса бўлиши мумкин”, имомларнинг ўзлари эса раҳбарлардан гап эшитиб қоладилар.

Қайд этиш керакки, авваллари имомлардан Жумъа намози чоғида жомеълар ёнида йиғилган автомобиллар сони юзтадан ошмаслиги талаб этиларди. Ўтган йили Сўфизода маҳалласи ҳудудида жойлашган жомеъ масжиди намозхонлари участка нозирининг “нима учун масжид ёнида юзтадан кўп автомашина йиғилган”и юзасидан имом-хатибни тушунтириш хати ёзишга мажбур қилганининг гувоҳи бўлгандилар.

Маҳаллий мусулмонлар даъватнинг маън қилинишини расмийларнинг диний эркинликка навбатдаги тажовузи ўлароқ баҳоламоқдалар. Бироқ диний турмуш устидан давлат назоратининг кучайтирилгани очиқ сиёсий сабабга эга экани равшан.

Мустақилликка эришилганидан кейин, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида Ўзбекистондаги масжидлар норасмий мулоқот ва сиёсий ташкилотланиш жойига айланиб қолганди. Пировардида минглаб мусулмонлар турли экстремистик оқимларга мансубликда айблангандилар, миллий-диний уйғониш тўлқинида пайдо бўлган кўплаб масжидлар эса ёпиб қўйилганди.

Сўнгги пайтларда инфляция ва озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун, шакар ва ўсимлик мойи танқислиги туфайли юзага келаётган аҳоли норозилиги тобора авж олиб бораётгани ҳақида Фарғона водийсидан турли-туман хабарлар келиб турибди. Расмийлар, доимгидек, ҳукуматга қарам бўлмаган имомларнинг назоратсиз диний даъватлари ижтимоий норозиликни уюштиришнинг самарали воситаси бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.