22:48 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Кинорежиссер Шуҳрат Аббосов: “Кинематограф бизни бало-офатлардан сақлаб қолиши керак”

07.09.2007 14:47 msk

Абдумўмин Мамараимов (Иссиқкўл)

Олжас
Шуҳрат Аббосов. “Фарғона.Ру АА” фотоси
“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирининг Иссиқкўл бўйларидан туриб хабар қилишича, 5 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар киноанжумани доирасида Ўзбекистон делегацияси матбуот анжумани ўтказган. Кинематографчилар форумида Ўзбекистондан ўзбек киносининг устаси, кинорежиссёр, СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов ҳамда ёш режиссёрлар Абдуҳалил Мигнаров ва Мансур Абдухолиқовлар қатнашмоқдалар. Ҳар қандай жамият ривожида кинонинг муҳим роли борлиги ҳақида гапира туриб, Шуҳрат Аббосов, хусусан, “дунё эндигина шакллана бошлади, янгитдан ташкил бўлаяпти”, деди. “Қадриятлар ўзгармоқда, аввалги қаҳрамонлар кетаяпти, ҳаёт эса янги замонанинг янги қаҳрамонларини талаб қилаяпти, - дея қайд этди халқ артисти. – Бу вазиятда кинематограф бизни турли ҳалокатлардан – экологик, маънавий, диний ва бошқа офатлардан сақлаб қолиши керак. Бугунги кунда айрим кучлар халқлар, мамлакатлар ўртасида нифоқ солишга уринаяптилар. Улар дунёнинг турли жойларида зиддиятлар келтириб чиқармоқдалар... Биз дунёни қутқариб қолиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак. Кино шу қадар кучли қуролки, биз ҳали унинг кучини ҳис қилганимиз ва ундан фойдалана олаётганимиз йўқ”. Шуҳрат Аббосовга кўра, ШҲТ мамлакатлари киноанжумани бу вазифани бажариши мумкин: “У [ижодимизни] солиштириб кўришга, бир-биримиздан ўрганишимизга ёрдам беради”.

Марказий Осиё мамлакатлари кино санъати усталарининг ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапира туриб, ўзбекистонлик кинорежиссёр “вақтнинг ўзи кучларни бирлаштиришни талаб этмоқда”, дея қайд этди. ШҲТ саммити ва ушбу киноанжуман минтақа давлатларини интеграциялашувига (шу жумладан, кино санъати соҳасида ҳам) хизмат қилиши керак. “Ҳаммамизда [бундай ҳамкорликка] рағбат бор. Сизда экранлаштиришга арзигулик Манас эпоси, бизда эса ўз қаҳрамонларимиз бор, - дея қайд этди у. – Биз буни биргаликда қилишимиз мумкин. Фақат бу ишга киришадиган ташкилотчи керак”. “Ушбу киноанжуман дебочадир, - деди кинорежиссёр Иссиқкўл форуми истиқболларини назарда тутган ҳолда. – Шунинг учун ҳам бизнинг ишимизни давом эттирадиган авлодларимиз олдида уялиб қолмаслик учун биз уни юқори даражага кўтаришимиз керак”.

Замонавий ўзбек киносидаги тенденциялар ҳақида

Мамлакатнинг асосий киностудияси бўлмиш “Ўзбекфильм” ҳали ҳам бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. Бироқ давлат “рақобат бўлиши, кино санъатининг турли йўналишлилиги таъминланиши ва янги талантлар ўзларини намоён этишлари учун” хусусий студияларга ҳам йўл очган. Ўзбекистон ҳар йили ўн бешта бадиий фильм ва олтмишта ҳужжатли фильмни суратга олиш учун маблағ ажратади.

Ўзбек киноси устасини томошабиннинг жиддий кинога, ҳақиқий санъатга бўлган муносабати қаттиқ ташвишлантиради. “Фикрловчи томошабин учун юксак бадиий савияда яратилган, фестивалларда мукофотлар олаётган фильмларни одамлар кўрмай қўйдилар”, - дея нолийди кинорежиссёр. Унга кўра, ҳозир одамлар омма учун яратилган фильмларни томоша қилаяптилар. “Телевидение ҳозир ёвузлик, қон, фаҳш ва зўравонликка тўлиб кетган... Нима учун санъаткорлар ўз қаҳрамонларини миллионлаб киши кўришини ўйламайдилар? – дея савол ташлайди Аббосов. – Биз кино миллионлаб кишилар учун яратилишини ёдда тутмоғимиз лозим, бу ҳайъатга мурожаат эмас, балки дунёга мурожаатдир”.

Кинорежиссер ҳозир ўзбек фильмлари гапдонликдан халос бўлиши керак, деб ҳисоблайди. “Одамга “мен сени севаман”, деб айтишдан кўра, уни отиб ташлаш осонроқ, - деб ҳисоблайди Шуҳрат Аббосов. – Аммо бизнинг барча фильмларимизда бу ҳақда очиқ-ошкора ва тўхтовсиз гапираяптилар. Бироқ уларда сўзгина бор, муҳаббатнинг ўзи эса йўқ”. Режиссёрнинг фикрича, гарчи замонавий ўзбек киносида маромига етказилган фильмлар ҳам бор бўлса-да, янги замон, янги давр “ўз” кинематографи бўлишини талаб қилаяпти. Ўзбек киносидаги асосий муаммо кадрлар масаласи бўлиб ҳисобланади.

“Биз уларни [кадрларни] тайёрлаётганимиз йўқ. Ҳозир тасвирчилар, рассомлар, сценарий муаллифлари режиссурага ўтиб кетаяпти, - дея қайд этди Аббосов. – Марҳамат қилиб, улар ўз ишлари билан шуғуллансинлар. [Ҳозир] кинорежиссёрларнинг янги синфини, табақасини яратиш ва уларни иш билан таъминлаш зарур”.

Ўзбек киноси устаси ўз ҳаётининг сўнгги ўн олти йилини (бу давр мобайнида у бирорта ҳам фильм суратга олмаган) бой берилган вақт, деб билади. “Мен кино олишни истагандим, аммо ўқитувчилик билан кифояланишга тўғри келди”, - дейди қайғу билан у. Бунга сабаб пул йўқлигидир.

Бир неча йил аввал Шуҳрат Аббосов буюк олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбек ҳамда Чингизхоннинг аёвсиз босқинига қарши элларни бирлаштиришга уринган Хоразм шоҳи Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ҳақида “бугунги кун талабига жавоб берувчи” иккита тарихий фильм яратишга киришган. Фильмни суратга олиш учун “буюк актерлар ва кийимлар бўйича усталар”ни таклиф қилган. Либослар тикилган, минглаб қадимги Хитой чироқлари, қурол-аслаҳа ва бошқа анжомлар тайёрланган, буларга миллиард сўмга яқин (800 минг доллардан ортиқ) пул сарфланган. Бироқ лойиҳага бундан беш баробар кўп пул талаб этилган ва маблағ етишмаганлиги сабабли ундан воз кечишга тўғри келган. Пировардида бу нарсаларнинг ҳаммаси бошқа лойиҳалар учун сотиб юборилган ва йўқотилган. “Кинода фақат ҳалол одамларгина ишламайди”, дея қайд этади афсус билан кинорежиссёр.

Замонавий ўзбек киносининг кичкина сири

Ўзбекистон делегацияси ҳайъат ва томошабинлар эътиборига таниқли актер Абдуҳалил Мигнаров ва ёш режиссёр Мансур Абдухолиқовнинг иккита янги қисқа метражли фильмини ҳавола этди. Ҳар иккала фильм ҳам қишлоқ одамлари тақдири ва ижтимоий муаммолар ҳақида ҳикоя қилади.

Ўзининг қисқа метражли фильмларга бўлган иштиёқини А. Мигнаров жўнгина изоҳлади. “Баъзан бир ярим соат фильм томоша қиласан ва ҳеч нарсага тушунмайсан, - деди у. – Қисқа метражли фильмларда сен ҳамма нарсани айтиб беришинг лозим ва айтиб бера оласан ҳам”. Ёш режиссёрлар янги фильмларни суратга олишни режалаштирмоқдалар, бу фильмларнинг сценарийлари ҳам аллақачон тайёр бўлган.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон кино санъатида жонланиш кузатилаяпти. Ҳар йили, “Ўзбекфильм”дан ташқари, хусусий студиялар ўнлаб янги оммабоп фильмларни суратга олаяптилар. Бу фильмларнинг кўпчилигида бош ролларни ўзбек эстрадасининг ёш юлдузлари ижро этаяптилар. Абдуҳалил Мигнарова кўра, эстрада юлдузларининг кинога ёпирилиб келишларининг сабаби уларнинг молиявий имкониятлари билан изоҳланади. “Хусусий студиялар уларга фильм суратга олиш таклифи билан мурожаат қиладилар, бу фильмлардаги бош роль уларга тегади, - деди Абдуҳалил Мигнаров. – Эвазига режиссёрлар суратга олиш учун зарур бўлган пулга эга бўладилар”.

Турли маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда битта “оммабоп” фильм бюджети ўн минг АҚШ долларидан йигирма минг АҚШ долларигача тушади.

Маълумотнома. Шуҳрат Солиҳович Аббосов - режиссер, сценарийчи, СССР халқ артисти, Қўқон шаҳрида туғилган. “Ўзбекфильм” киностудиясида 1959 йилдан буён ишлайди. “Тошкент - нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Абу Райҳон Беруний” каби машҳур фильмларни суратга олган.