22:44 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда Шуҳрат Абдумаликовнинг “КОНЦЕПЦиЯ” кўргазмаси очилади

06.09.2007 17:15 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

7 сентябрь куни Тошкентдаги “Илҳом” театрида Ш. Абдумаликовнинг “КОНЦЕПЦиЯ” кўргазмаси очилади. Экспозицияда рангтасвир, саҳна безаги, “Шарқу Ғарб синтези услубидаги” инсталляция ва перформанс тақдим этилган. Кўргазма очилиши арафасида “Фарғона.Ру” АА мухбири рассом билан учрашди.

Фарғона.Ру: - Ушбу экспозицияни айнан ҳозир яратишга нима туртки бўлди – бирор ижодий ният пишиб етилдими ва уларни ҳамкасбларга, дўстларга, томошабинларга кўрсатиш истаги туғилдими?

Ш.Абдумаликов: - Биринчидан, ҳар бир санъаткор кўргазма ташкил этиш учун узоқ вақт ишларини йиғишга уринади. Мен ҳам узоқ вақт тайёргарлик кўрдим, аммо, ростини айтсам, ҳамма нарса айнан ижодий етишмовчилик туфайли ортга сурилиб келинаётганди. Беш-олти ой аввал мен ўзимни кўргазма ташкил этиш кераклигига ишонтирдим, мен ҳатто “шахсий” деган сўзни ҳам олиб ташладим, чунки жиддий шахсий кўргазма машшоқнинг яккахон концерти каби қанақадир ижодий ҳисоботга ўхшайди. Менда эса саҳна безаклари, рангтасвир, перформанс ва инсталляция кўргазмаси бўлади. Унга “КОНЦЕПЦиЯ” деган умумий ном бердим.

Замонавий санъат яхши маънода, профессионал маънода бир неча бўлакларга бўлиниб кетаяпти, бу бўлаклар индивидуал жанрлар, йўналишларга айланаяпти. Шу тариқа театр рассомчилиги жанридан перформанс пайдо бўлди, меъморий-экспозицион жанр эса бизга инсталляцияни берди. Боз устига, бу янги жанрлар кўз ўнгимизда бўлакларга бўлиниб бораётибди ва мутлақо янги нарсалар пайдо бўлаяпти. Мен ўзимни айнан шу соҳада имкониятларимни синаб кўришга ҳаракат қилдим. Мен ўзимни универсал рассом деб ҳисобламайман, менинг ижодим театр билан боғланган. Айнан театр рассоми мустақил равишда фазо билан боғлиқ актерлик ҳаракатини (перформансларни!), айни пайтда фазонинг ўзини уюштира олади, ахир биз макетлар билан, саҳна безаклари билан, яъни моҳиятан инсталляция билан ишлаймиз. Шунинг учун ҳам мен уларни бирлаштириб, бир бутун нарса яратишга уриндим. Бу ерда, албатта, Марк Вайлнинг ғоявий кўмаги яхши роль ўйнади ва мен тезлик билан бу лойиҳани амалга оширишга киришдим.

Фарғона.Ру: - Перформансларингизда “Илҳом” театри актерлари иштирок этадиларми?

Ш.Абдумаликов: - Бўлиши мумкин, фақат келажакда. Бу кўргазма очилишида “Пилигрим-арт” студиясидаги болалар – менинг дўстларим ва ҳамкасбларим иштирок этадилар. Улар менга нима кераклигини биладилар.

Фото с сайта компании
Ш.Абдумаликов иши. “Человеческая о!дежда” компанияси сайтидан олинган фотосурат

Фарғона.Ру: - Сўнгги беш-олти ой жуда ишингиз кўп бўлди шекилли, ахир бу кўргазма устида ишлаш билан бир қаторда сиз бевосита Мустақиллик байрамини тайёрлаш билан ҳам шуғулландингиз-ку. Бу икки катта лойиҳа ижодий топилдиқлар нисбатида бир-бирига ҳалақит бердими ёки тўлдирдими?

Ш.Абдумаликов: - Аввал-бошда ижодий ҳаракатлар доим бир-бирига ҳалақит беради. Аммо ҳар иккаласини биргаликда олиб боришга тўғри келди, ҳолбуки, дастлаб бу иш мутлақо имконсиздай туюлганди. Бунинг устига, кўргазма ва байрамга тайёргарлик борар экан, Тошкентда ўтказиладиган замонавий санъат биеналлеси билан боғлиқ янги лойиҳалар ҳам пайдо бўлди. Боз устига, ҳозир тезлик билан дизайнер Лола Сайфи тайёрлаётган, Москвада ўтказилажак кўргазмага тайёргарлик кўриш керак. Санъаткорнинг иши бунақа кўпайиб кетиши яхши нарса, албатта. Шундай экан, мен учун тўхтаб қолиш ёки аниқ бир иш билан шуғулланиш ва бошқа нарсаларни ташлаб қўйиш хавф солаётгани йўқ. Иш ўта кўпайиб кетгани бир томондан яхши ҳам: киши истаса-истамаса очилишга, ўз имкониятларини максимум даражада кўрсатишга мажбур бўлади. Лекин танлаш имконияти ҳар доим бор. Бу нарсалардан воз кечиш, ортга қайтиш мумкин, лекин олға юриб, таслим бўлмасдан, ўз ғояларини амалга ошириш ҳам мумкин. Мен олға қараб кетаяпман.

Маълумотнома. ”Илҳом” театри сайтининг маълум қилишича, Шуҳрат Абдумаликов 1970 йили Самарқандда туғилган. 14 ёшидан бошлаб Тошкентда яшайди, 1989 йили Беньков номли Бадиий билим юртини тамомлагандан сўнг Театр ва рассомчилик институтига, Георгий Робертович Брим синфига кирган ва тақдир тақазосига кўра, унинг энг сўнгги ва севимли шогирдларидан бирига айланган. Талабалик пайтиданоқ Ёш томошабинлар театри, Аброр Ҳидоятов номли театр спектаклларида саҳнани безай бошлаган. Ўқишни битирганидан сўнг театр декорацияси кафедрасида ўқитувчиликка қолган.

Фото с сайта театра «Ильхом»
Ш. Абдумаликов иши. “Илҳом” театри сайтидан олинган фотосурат

Гарчи Шуҳрат расман бирор театрда ишламаса-да, ўзини эркин ижодкор деб ҳис қилса-да, ўттиз етти ёшли бу театр рассоми етмишга яқин спектаклларда саҳнани безаш ва ўн саккизта (!) режиссер билан ишлашга улгурган. У “Оқ оппоқ қора лайлак” спектаклида Марк Вайль билан, “Қобил ва Ҳобил”да Овлоқули Хўжақули билан, Баҳодир Йўлдошев, Барзу Абдураззоқов ва бошқалар билан бирга ишлаган. Тошкентдаги Ёш томошабинлар театрида қўйилган “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” (Ч. Айтматов) спектаклининг саҳна безаклари устида ишлаш ҳам унга ҳузур бағишлаган.

Шуҳрат Абдумаликов учун рангтасвир билан шуғулланиш шунчаки ишқибозлик эмас, балки турмуш тарзидир. Унинг рангтасвир йўналишидаги ишлари дўстларининг уйлари, театрлар ва кўргазма заллари деворларини безаб турибди.

Фото с сайта компании
Ш.Абдумаликов иши. “Человеческая о!дежда” компанияси сайтидан олинган фотосурат

Шуҳрат турли кўргазмаларда ҳам фаол иштирок этиб келади. У томонидан ишлаб чиқилган, Ўзбекистонга, унинг маданияти ва санъатига бағишланган Япониядаги катта экспозиция дизайни халқаро кўргазмада учинчи ўринни олган. Абдумаликов Прагадаги сўнгги Квадриеналеда ҳам тўртта макети билан иштирок этган.

Фото с сайта театра «Ильхом»
Ш. Абдумаликов иши. “Илҳом” театри сайтидан олинган фотосурат

Шуҳрат Абдумаликов Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда олтмишдан зиёд театр томошалари, фестиваллар ва шоулар безакларини ишлаган. У “йилнинг энг яхши саҳна безаги” бўйича бир неча мукофотлар соҳибидир.