11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сиёсий муҳожир Юсуф Расулов: “Ватан соғинчи бизни бир лаҳза ҳам тарк этмайди”

05.09.2007 02:14 msk

Ўз ахб.

30 август куни, Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида Швеция пойтахти бўлмиш Стокгольмнинг “Рикстаг” майдонида Ўзбекистон мухолифатчилари томонидан уюштирилган пикет бўлиб ўтди. Пикетчилар Швеция ва Ўзбекистон раҳбарияти ўртасидаги алоқаларни қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган жазо чораларини узайтириш учун ЕИ мамлакатлари ҳукуматларига босим ўтказиш, ўзбекистонлик сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишига кўмаклашиш ва ҳоказоларни талаб қилдилар.

Пикет иштирокчилари ичида ҳозир Швецияда истиқомат қилаётган журналист ва шоир Юсуф Расулов ҳам бор эди. Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманида туғилган Юсуф 1988-1993 йиллар мобайнида Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. Унинг талабалик йиллари Ўзбекистонда мухолифатчилик ҳаракатининг пайдо бўлиш йилларига тўғри келган бўлиб, унда талабалар ҳам муҳим роль ўйнагандилар. Юсуф Расулов мухолифатчилар сафига кирган. Юсуфнинг эътирофича, унинг дунёқараши ва сиёсий қарашлари шаклланишида мухолифатдаги “Эрк” партиясининг шу номдаги газетаси катта роль ўйнаган. Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида партия фаолияти тўхтатиб қўйилганидан кейин газета ҳам ёпилган. Бу нашрда ўз мақолалари билан иштирок этиб юрган бошқа муаллифлар каби Юсуфнинг ҳам бир неча маротаба тегишли идораларда гувоҳлик беришига тўғри келган. Шулар ва ўзининг ҳозирги кундаги ҳаёти ҳақида Юсуф Расулов “Фарғона.Ру” АА мухбирига берган интервьюсида гапириб берди.

Фарғона.Ру: - Юсуф, университетни тамомлаганингиздан кейин Ўзбекистонда нима билан шуғулландингиз?

Ю. Расулов: - Сўнгги ўн беш йил ичида мен айрим матбуот нашрларида ва Ўзбекистон давлат радиосида ишладим. “Ўзбек миллий адабиёти” мутахассислиги бўйича аспирантурада ўқидим. 1998 йилдан бошлаб хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қила бошладим. Аввал “Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизматининг штатсиз мухбири бўлиб, сўнгра “Америка Овози” радиосининг мувофиқлаштирувчиси бўлиб ишладим, 2004 йилнинг кузидан то 2005 йил май ойида содир бўлган Андижон воқеаларигача эса IWPR (Уруш ва тинчликни ёритиш институти) мухбири бўлиб ишладим.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистонни нима учун тарк этдингиз?

Ю. Расулов: - Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати хорижий ОАВ ҳамда мустақил журналистларни таъқиб қилароқ ва улар ҳақида маҳаллий ОАВда “фош қилувчи” материалларни чоп этароқ, уларга нисбатан очиқ душманлик сиёсатини юрита бошлади. Идорамиз олдида номаълум автомобиллар пайдо бўлди, шубҳали кимсалар ҳамма ерда мухбирларимизни таъқиб эта бошладилар. Биз уларнинг мақсадларини билмасдик, идорамиз олдида “навбатчилик қилаётган” одамлар билан гаплашишга уринардик, аммо улар биз билан гаплашишни истамасдилар. Шулар натижасида “Би-Би-Си”, “Озодлик” радиолари ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институти идоралари ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлдилар.

Андижон воқеаларидан сал аввалроқ эса Интернетда қандайдир Сафар Абдуллаевнинг мақоласи пайдо бўлган, унда Ўзбекистон ҳукуматида гўё мустақил журналистларни жисмонан йўқ қилиш бўйича режа мавжудлиги таъкидланганди. Мақола муаллифига кўра, режа яқин келажакда амалга оширилиши керак эди. Мақолада бир неча журналистнинг исмлари келтирилган бўлиб, биринчи ўринда Галима Бухарбаева ва менинг исмим турарди.

Биз ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокир Алматовга очиқ хат билан мурожаат қилдик ва Сафар Абдуллаевнинг мақоласида келтирилган маълумотларни рад этиш ёки тан олишни сўрадик. Вазир муовини Алишер Шарафутдинов ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар мақолада исми келтирилган журналистлар гуруҳини ИИВга таклиф қилдилар ҳамда Абдуллаев томонидан ёзилган нарсалар ёлғонлигини билдирдилар. Биз вазир муовини қабулида бўлган кунимиз ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналист Мўътабар Тожибоева ўғирланиб, номаълум ёққа олиб кетилди. Кейинчалик маълум бўлишича, уни қаттиқ руҳий қийноққа дучор қилган эканлар.

Андижон воқеаларидан кейин журналистларни жисмонан йўқ қилиш бўйича режа унутилгандай бўлди. Бунинг ўрнига ўзбекистонлик расмийлар хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилган журналистларни бадном қилишга киришдилар. Бу қабиҳ мақсадни амалга ошириш учун Ўзбекистонда расмийлар назорати остида бўлган барча оммавий ахборот воситаларидаги кучлар жалб қилинди. Газеталар ва телевидениеда ҳатто Андижон воқеаларини айнан хорижий ОАВ журналистлари уюштирганлиги таъкидланди. Галима Бухарбаева, Матлуба Азаматова, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожон, Зокиржон Ибрагимов ва бошқа журналистлар билан бир қаторда мен ҳам туҳматчилар нишонига айландим. Дейлик, Ўзбекистон телевидениесининг биринчи каналидаги кўрсатувлардан бирида мен ҳам фожеали воқеаларни уюштиришда айбландим. Маълум бўлишича, 12 май куни мен Андижонда ҳовлима-ҳовли юриб, одамларни митингга чақирган эмишман. Аслида, ўша кунлари мен Тошкентда эдим.

Фарғона.Ру: - Ўзингизни ҳимоя қилиш учун қандай чора кўришга қарор қилдингиз?

Ю. Расулов: - Ҳақиқий хавф-хатар устимизга келиб қолган пайтда, 2005 йилнинг июль ойида Бишкекда журналистлар хавфсизлигини таъминлаш мавзусида тренинг уюштирилди. Тренингдаги бошқа иштирокчилар билан бирга мен ҳам Қирғизистон пойтахтида жойлашган БМТ қочоқлар иши бўйича Олий комиссари бошқармасига (ҚИОКБ) ҳимоя сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

Фарғона.Ру: - Бишкекда қандай ҳаёт кечирдингиз?

Ю. Расулов: - Нима бўлганига қарамасдан, Бишкекдаги ҳаёт менда яхши таассурот қолдирди. Тошкентда юрган пайтимизда бизда Ўзбекистондаги ҳамда Марказий Осиёда демократия ороли бўлиб ҳисобланган Қирғизистондаги турмуш шароитини таққослаш имконияти йўқ эди. Бишкекда яшаб кўргач, мен у ерда одамлар демократия меваларидан баҳраманд бўлаётганларига амин бўлдим. Биз Қирғизистондаги демократия даражаси ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига ҳавас қилардик. Ҳукумат одамларнинг шахсий ҳаётига аралашмайди, кўчаларда милиционерлар ўткинчиларнинг ҳужжатларини текшириш учун тўхтатмайдилар. Демократик эркинлик халқнинг менталитети ва дунёқарашини ўзгартириб юборган. Қисқаси, ватан билан солиштирганда, Қирғизистон менга эртакдаги мамлакатдай кўринганди.

Фарғона.Ру: - Бишкекда қанча бўлишингизга тўғри келди?

Ю. Расулов: - Биз Бишкекда роппа-роса етти ой яшадик. Ўзбекларда “Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан”, деган яхши мақол бор. Мусофирчиликда одам бошқачароқ фикрлай бошлайди, унда дўстларининг, ўзининг ишларини таҳлил қилиш, инсон бу дунёга нима учун келгани ҳақида мулоҳаза юритиш имконияти пайдо бўлади. Оч қолган кунларимиз ҳам бўлди. Мен Нью-Йоркдаги журналистларни ҳимоя қилиш комитети, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ёрдамни ҳеч қачон унутмайман. Бишкекдаги БМТ ҚИОКБ ходимлари Виталий Масловский, Анна, Олегни, “Адилет” юридик клиникасининг меҳрибон ходимларини доимо ҳурмат билан эслайман. Бишкекда мен кўплаб ажойиб инсонлар билан танишдим, ҳуқуқ ҳимоячилари Тўлекан Исмаилова, Рамазан Дирилдаев, Азиза Абдурасуловалар шулар жумласидандир. Улар ўз ватанини ва ўз халқини севган ҳақиқий инсонлардир.

Фарғона.Ру: - Бишкекда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

Ю. Расулов: - Биз учун энг катта қийинчилик ватан соғинчи бўлди. Бу соғинч бизни бирлаштириб турарди, кимдир буни билинтирмасликка ҳаракат қиларди, бошқалар эса аксинча. Масалан, ҳамкасбим Тўлқин Қораев ҳар куни эрталаб Ўзбекистонга қайтиш учун нарсаларини йиғиштира бошлар, аммо оқшомга бориб унинг режалари ўзгариб қоларди. Матлуба Азаматова бир куни чидолмасдан, болаларини олиб, уйига жўнаворди. Бироқ гувоҳлик бериш учун терговчилар бир неча маротаба чақирганларидан кейин у яширинча Бишкекка қайтишга мажбур бўлди. Бизнинг чет элдаги ҳаётимиз ана шундай бошланган.

Фарғона.Ру: - Швецияга қачон келдингиз?

Ю. Расулов: - 2005 йилнинг ноябрида Швеция ҳукумати бизга сиёсий бошпана бергани маълум бўлди. Аввал у ёққа болалари билан Матлуба Азаматова кетди, 2006 йил февралида эса Швецияга мен, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожон ва Зокиржон Ибрагимов кўчиб келдик. Биз каби собиқ СССР одамлари учун Швеция афсонавор мамлакатдай кўринди. Биз хоккейчилар шаҳри ҳисобланган Тимро шаҳрини танладик, ҳамкасбларим эса жануброқдаги шаҳарларга ўрнашдилар. Швецияга келгандан кейин ҳаммамизни алоҳида квартираларга жойлаштирдилар: оилалиларга уч хонали, якка ўзи келганларга эса бир хонали уй бердилар.

Мен Швецияга келган дастлабки кунларимни яхши эслайман. Чор-атроф оппоқ қор билан қопланганди. Кун соат ўндан кейингина ёришарди, кундузги соат иккига бориб эса қуёш ботарди. Бу ерда қиш етти ой давом этади, баҳор келгани эса ҳатто сезилмайди ҳам. Салқин ёз июнда кириб келади, куз эса августда. Бизга Ўзбекистоннинг жазирама ёзи етишмаяпти.

Ҳаммамиз ватанни соғинганмиз, ҳамкасбларимиздан бири яна Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлиб турибди. Мен ватан ҳақида доим ўйлайман. Швеция мен учун барибир бегона юрт. Дастлаб ойнадан оппоқ кенгликларга боқиб, Ўзбекистон ҳақида ўйларканман, кўзларимдан ўз-ўзидан ёш қуйилиб келарди. “О, ватаним, нақадар узоқдасан. Наҳотки сенга етмоқ шу қадар қийин?” дердим ўзимга ўзим. Рафиқам руҳий ҳолатимга қараб ҳайрон бўларди, унга эркак киши бунақа сентиментал бўлмаслиги керакдек туюларди.

Фарғона.Ру: - Швед тилини ўрганиш қандай кечаяпти?

Ю. Расулов: - Келганимиздан бироз ўтгач, швед тили курсларига қатнай бошладик, ўғилларим Беҳруз билан Ҳумоюн эса мактабга бора бошладилар. Болалар уч ойдан кейиноқ швед тилида дурустгина гапира бошладилар, биз катталар учун эса қаттиқ об-ҳаво шароити ва ватан соғинчи туфайли бу иш қийинроқ кечди.

Ўқиш бошланганидан бир йил ўтгачгина шведча гапира бошладик. Афсуски, тилни яхши билмаганимиз сабабли биз журналистика соҳасида ишлай олмаймиз. Шунинг учун ҳам бошқа касб йўналишидаги амалий машғулотларга қатнай бошладик. Масалан, Тўлқин Қораев дурадгорлик касбини танлади, мен эса дўстим билан шаҳар марказидаги қаҳвахонани ижарага олдик – шведларни ўзбек миллий ошхонаси билан таништирмоқчимиз.

Фарғона.Ру: - Швециядаги қандай ўзига хос жиҳатларни ажратиб кўрсатган бўлардингиз?

Ю. Расулов: - Швецияда аёллар ва болалар ҳуқуқи биринчи ўринда туради. Болаларга махсус нафақалар берилади. Кўп қаватли уйлар ҳовлисида албатта болалар майдони бор. Қаерга борманг – касалхонагами, давлат муассасасигами – ҳамма ерда турли-туман ўйинчоқлар билан тўлдириб ташланган алоҳида кутиш хоналарини топасиз. Мактабларда ўқувчиларга икки маҳал бепул овқат берилади. Болаларга ўшқириш таъқиқланган, уларни калтаклаш ёки сўкишни-ку қўяверасиз. Бу ерда сиз муштлашаётган ёки сўкишаётган болаларни кўрмайсиз, улар иноқлик билан ўйнайдилар.

Аёллар учун ҳам ҳамма шароитлар муҳайё қилинган. Уларнинг бирор-бир касб-корни ўрганишлари масаласига алоҳида эътибор қаратилади, уни эгаллагач, аёллар албатта иш билан таъминланадилар. Аммо эркакларга бу ерда қийин. Швецияда эркаклар ҳуқуқи жониворларникидан ҳам озроқ, деб қўядилар. Масалан, ит ёки мушуклар бемалол айланиб юраверадилар, уларни ҳайдаш, думидан тортиш ёки уриш мумкин эмас. Жониворнинг эгаси уни вақтида овқатлантириши, чўмилтириши ва парвариш қилиши шарт, акс ҳолда уни ҳуқуқдан маҳрум қилиб, жониворни тортиб олишлари мумкин.

Фарғона.Ру: - Ҳозир Швецияда яшаётган ўзбекистонликлар кўпми?

Ю. Расулов: - Швеция ҳукумати кўплаб мухолифатчиларга ва ўз ватанида диний эътиқоди сабабли таъқиб қилинган кишиларга сиёсий бошпана берган. Яқинда Швецияга “Немис тўлқини” журналисти Наталья Бушуева келди. Бундан ташқари, бу ерда номашруъ равишда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам кўп. Уларнинг бир қисми мамлакатни иш қидириб тарк этганлар, аммо кўпчилик ватандаги таъқибдан қочиб келган. Стокгольмнинг ўзидаёқ мингга яқин ўзбекистонлик истиқомат қилади, бутун Швеция бўйлаб эса улар сони беш мингтага етади. Мен ўзбеклар мамлакатнинг энг шимолий нуқтаси – абадий музликлар диёрида ҳам борлигини эшитиб, танг қолдим.

Фарғона.Ру: - Тил ва янги касб ўрганишдан ташқари яна нималар билан машғулсиз?

Ю. Расулов: - Швецияга келган дастлабки йилимиздаёқ биз Тимро Ўзбек маданияти жамиятига асос солдик, унга қувғиндаги ўзбек журналистлари аъзо бўлдилар. Жамиятга раис этиб Тўлқин Қораев сайланган. Жамият аъзолари Швециядаги миллий байрамлар муносабати билан уюштирилган барча тантаналарда иштирок этадилар. Дейлик, яқинда, Миллий байроқ куни нишонланган пайтда биз ўзбек миллий либосларини намойиш қилдик, ўзбек рақсларини ижро этдик, буни шведлар жуда илиқ кутиб олдилар.

Фарғона.Ру: - Айтишларича, Сиз “Қувғиндаги ўзбек ижодкорлари ассоциацияси”ни ташкил этган эмишсиз.

Ю. Расулов: - Мен бу ерда узоқ вақтдан бери ўйлаб келган режаларимни амалга ошира бошладим. “Қувғиндаги ўзбек ижодкорлари ассоциацияси” ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, кинодраматурглар ва рассомлар, олимлар ва тадқиқотчиларни бирлаштириш ва уларнинг асарларини чоп этиш мақсадида улар фаолиятини мувофиқлаштириш учун ташкил этилган. Ассоциация “Эрк” партияси раҳбари, шоир Муҳаммад Солиҳ, адабиётчиларнинг халқаро парламенти аъзоси Сафар Бекжон, марҳум тарихчи Боймирза Ҳайит, адабиётчи олим Темур Хўжа, таниқли қўшиқчи ва шоир Дадахон Ҳасан, шоирлар Ёдгор Обид, Холдор Вулқон ва бошқалар томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳозирги пайтда ассоциация актив фаолият олиб бормоқда. Қувғиндаги ижодкорларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Рауф Парфи номидаги мукофот таъсис этилган. Ҳар йили иккитадан мукофот топширишни режалаштириб турибмиз.

Фарғона.Ру: - Сизнинг www.isyonkor.ucoz.ru сайтингиз муштарийлар орасида оммалашиб кетганди. Нима учун унинг иши тўхтатиб қўйилди?

Ю. Расулов: - Менда ўзбек тилида мустақил ва холис интернет-газета ва интернет-журнал ташкил қилиш бўйича лойиҳа бор эди. Биз ucoz.ru серверидан www.isyonkor.ucoz.ru доменини олиб, ўз ишимизни бошлагандик. Натижа кутилганидан зиёда бўлди – сайт тез орада оммалашиб кетди. Биз турли мавзуларда баҳсу мунозаралар уюштирдик, Ўзбекистондаги сиёсий вазият таҳлил этилган мақолалар ва суҳбатлар чоп қилдик, ижтимоий сўровлар ўтказдик. Бундан ташқари, бизда қувғиндаги ўзбек ижодкорларининг мақолалари, адабий асарлари эълон қилинди.

2007 йилнинг май ойида менда янги домен ва хостинг сотиб олиш фикри пайдо бўлди, янги сайтни www.yangidunyo.com деб номладик. Бу ерда аввалги сайтда бошланган иш давом эттирилди, ҳозир минглаб мухлисларимиз бор. Биз 1917 йилдаги Октябрь инқилобигача мамлакатни тарк этиб кетган маърифатчилар ва олимлар ҳақидаги қатор материалларни эълон қилдик. Бу ишда бизга АҚШда истиқомат қилувчи профессор, адабиётшунос Хайрулла Исматуллаев катта ёрдам бераяптилар. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг “Самарқандча қотиллик” китобига айнан шу киши шарҳ ёзиб бердилар. Ҳозир муштарийларимиз социолог Баҳодир Файзининг “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” мақолаларини, журналист ва адвокат Бахтиёр Шоҳназаровнинг “Ўқимасанг - ўзингга зарар” китоби кейинги қисмларини, Ёдгор Обид, Гулчеҳра Нуруллаева, Холдор Вулқон, Мақсуд Бекжон каби шоирларнинг шеърларини сабрсизлик билан кутаётганларини биламан. Ҳозирги пайтда мен “Исёнкор” сайти учун алоҳида домен қидириш билан бандман.

Фарғона.Ру: - Бу сайтларни ким молиялаштиради?

Ю. Расулов: - Ҳеч ким, менинг ҳомийим йўқ. Ҳамма ишларни ўзим амалга ошираман. Биласизми, шу кунларда мен, агар инсон доимий иш билан машғул бўлса, ҳар қандай тўсиқни енгиб ўта олишини алоҳида ғайрат билан ҳис қилаяпман. Агар на мен, на атрофимдаги дўстларим Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш мақсадида ватан ва халқ равнақи учун бирор иш қилмасак, бошқа бирон киши бу ишни биз учун қилиб бермайди. Мақсадга эришиш учун инсонга билим ва тажриба керак. Биз Европа Иттифоқи ичида, Швецияда юрарканмиз, ана шундай билим ва тажрибаларни орттирмоқдамиз. Гап бу ердаги демократик тизимни Ўзбекистонимизда нечоғли қўллай олишимиздадир.

Фото с сайта Yangidunyo.com
Стокгольмдаги пикет. Yangidunyo.com сайтидан олинган сурат

Фарғона.Ру: - Сўз сўнгида Стокгольмдаги пикет қандай ўтгани хусусида гапириб берсангиз?

Ю. Расулов: - Пикетда элликка яқин киши иштирок этди, улар орасида “Эрк” партиясининг Швециядаги аъзолари, ўзбекистонлик оддий муҳожирлар, журналистлар бор эди. Пикет Стокгольмнинг марказида ўтказилгани учун шаҳар аҳли ва меҳмонлари унга катта қизиқиш билдирдилар. Пикет иштирокчилари номидан ёзилган талабларимиз Швеция парламентининг турли фракцияларига топширилди. Алоҳида таъкидлашим керакки, пикет чоғида “Эрк” партияси ва “Бирлик” халқ ҳаракати аъзолари елкама-елка турдилар. Шунинг ўзи кўп нарсани англатади.