06:13 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

И. Каримовнинг сўнгги маърузаси Ўзбекистонда бирор-бир ўзгариш кутиб бўлмаслигини англатади

04.09.2007 17:55 msk

Давлат Озодий

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси ва президент девони қўшма мажлисидаги “Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” маърузаси дея номланган нутқи кўп жиҳатдан эътиборга лойиқдир. Биринчидан, ўз шаклига кўра у расман Мустақиллик куни муносабати билан табрик нутқи деб эмас, балки айнан маъруза деб аталган. Иккинчидан, аудитория ўз ҳуқуқий мақомига кўра учта турлича тузилмалар - қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимияти ҳамда президент девони тимсолидаги “функционал-тақсимот” ҳокимияти вакилларидан иборат эди. Ниҳоят, учинчидан, маъруза номланишида урғу мустақилликка эмас, балки “мустақил тараққиёт”га берилган. Бу деталларнинг ҳаммаси ҳозирги тарихий босқичда И. Каримовнинг сиёсий йўналишини акс эттиргани сабабли алоҳида аҳамият касб этади. Давлат раҳбарининг нутқини таҳлил қилиш мамлакат раҳбари ўз сиёсий амалиётида қўллаётган тоифавий аппарат ҳақида ҳамда унинг яқин келажакдаги муҳтамал қадамлари хусусида муайян тасаввур беради. Декабрь ойида бўлажак президентлик сайловлари кўпчилик кузатувчилар ва экспертлар томонидан Ўзбекистон тарихидаги муҳим давр сифатида кутилаётгани учун бу янаям кўпроқ қизиқишларга сабаб бўлади. Мустақиллик куни муносабати билан И. Каримов томонидан фойдаланилган асосий сўзлар таҳлили қизиқ манзарани пайдо қилди. Ўзининг анча узун бўлган маъруза-нутқида у “давлат” сўзи ва унга ёндош сўзларни 48 маротаба, “мустақиллик” ва унга ёндош сўзларни 29 маротаба, “демократия” ва унга ёндош сўзларни 13 маротаба, “ҳокимият” ва унга ёндош сўзларни 13 маротаба, “жамият” ва унга ёндош сўзларни 37 маротаба, “партиялар” ва унга ёндош сўзларни 7 маротаба, “террорчилик” ва унга ёндош сўзларни 5 маротаба, “душман” сўзини атиги 1 марта ишлатган.

Энг кўп ишлатилгани “иқтисодиёт” ва унга ёндош сўзлар бўлди: нотиқ бу атамаларни ўз маърузасида 49 маротаба ишлатган. Бу ўринда “терминологик математика” филологик хусусиятлар билан бир қаторда сиёсий тусга ҳам эга.

Умуман олганда, айтилганлар ичида кўп нарса ички ва ташқи аудитория учун муайян мурожаат унсурлари бўлиб ҳисобланади. Айни пайтда, унда, бир томондан, Ўзбекистон раҳбари хатти-ҳаракатини тушунтириш, бошқа томондан эса, унинг ички ва яширин ҳадиклари ифодаланган. Дейлик, расмий сиёсий партиялар (аслида расмийлар томонидан тузилган) мавжуд режимда “фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, аҳолининг айниқса сайлов жараёнларида хоҳиш-иродаси ва фикрини ифодалаш, марказда ва жойларда давлат ҳокимият органларини шакллантиришнинг муҳим таъсир кўрсатувчи воситасига айланиши алоҳида аҳамият касб этади”.

Партияларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги вазифасига берилган бунақа таъриф кўп маъноларни англатади. Шунга қарамай, нутқдаги “Ўзбекистонда... жиноий жазо чораларининг жорий этилиши билан дунёда жиноий жазолашнинг энг инсонпарвар, ҳуқуқий тизимларидан бири ташкил этилди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди” каби жумлалар жуда эътиборга лойиқ бўлиб, маъруза муаллифига кўра, бу тизим Германия, Польша, Бельгия, Россия, Франция ва Голландиядаги мавжуд тизимларни ортда қолдирган. Бунақа қиёс ўз ролини ўйнаши – Ўзбекистондаги муҳтамал ўзгаришлар ҳақидаги саволга жавоб бериши керак.

И. Каримовнинг ҳокимият юқори эшелонларида ўзаро мутаносиблик ва мувозанатни сақлаш тизимидан фойдаланиш юзасидан амалиёти ўзаро мутаносиблик ва мувозанатни сақлаш тизимини яратиш ҳамда умумдавлат ва ҳудудлар манфаатларининг ўзаро мувозанатини таъминлаш учун икки палатали парламентга айлантирилмиш ҳокимиятнинг ваколат органи -Олий Мажлисга нисбатан қўлланилгани очиқ айтилган.

Бир қарашда, Ислом Каримовнинг нутқи СССР давридаги партия-хўжалик фаоллари олдида мамлакатнинг ўнгланиб бораётган иқтисодий аҳволи ҳақида берилган ҳисоботга ўхшаб кетади. Бироқ, аслида, у мутлақо бошқа мазмунни ташиган. У, биринчидан, олиб борилаётган йўналишнинг тўғрилигини исботлаш ва иккинчидан, яна бир марта ҳеч қандай ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар бўлмаслиги ҳақида билдиришда акс этган. “Иккита алоҳида даврга ажратиш” юзасидан анча кескин эътироф ана шундай хулоса чиқаришга асос беради.

Улардан бири, 1991 йилдан 2000 йилгача “ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантириш билан боғлиқ биринчи галдаги ислоҳот ва ўзгаришларни ўз ичига олган дастлабки босқич” ўлароқ ифодаланган. Ўзбекистоннинг энг янги тарихидан хабардор кишилар учун бу йилларни И. Каримов ўз ҳокимияти режимини қурган ва Евро-атлантика ҳамжамияти қўлловига эришишга ҳаракат қилган давр сифатида биладилар. Бироқ ХХ авр охирларига келиб мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш истиқболлари юзасидан рўёлар тарқай бошлади. И. Каримов томонидан “фаол дeмократик янгиланишлар ва мамлакатни модeрнизация қилиш даври” деб аталган “иккинчи давр” (2001 йилдан 2007 йилгача) эса аслан мамлакатда яратилган мустабид тузум моҳиятини намойиш қилди, бу 2005 йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган воқеалар чоғида яққолроқ намоён бўлди. Шунинг учун ҳам уни “демократик янгиланиш” даври деб аташ билан нотиқ бу ерда ҳам мавжуд тизимни ўзгартиришдан бош тортишини тасдиқлади.

И. Каримовнинг бутун нутқи ўзи томонидан бошқарилаётган мамлакатнинг жадал суръатлар билан ривожланаётганини исботлашга қаратилган, аммо, шу билан бирга, иқтисодий аҳвол маърузанинг катта қисмини эгаллаган. Ўзбекистоннинг барча фуқароларига иқтисодиётнинг ночор аҳволдалиги маълум, бироқ нотиқ “эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кeнг жамоатчилик, бутун халқнинг эътибори ва онгу шуурига етказиш”га чақирди. Шу муносабат билан мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ва иқтисодий иқлим юзасидан норози бўлган ҳамда унга танқидий муносабатда бўлганлар қуйидагиларни тушунишлари лозим: “Ўзбeкистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари жаҳон бозорида нeфть ва газ нархи ошиб бораётган бир шароитда қатор мамлакатларда кузатилаётган ҳолатдан тубдан фарқ қилади. Яъни, бизнинг иқтисодий ривожланишимиз экстeнсив ўсиш ва фақат углeводород хом ашёсини зўр бeриб тўхтовсиз қазиб олиш эвазига бўлаётгани йўқ. Аксинча, биз аниқ мақсадга қаратилган бозор ислоҳотларини, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, тармоқ ва корхоналарни янгилаш, тeхник қайта жиҳозлаш, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, кичик бизнeс ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан иқтисодий тараққиётга эришмоқдамиз”. Ўзбекистондаги ҳақиқий воқеликдан бохабар кишилар учун бунақа баёнот фақат битта нарсани англатади: ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди.

Президент нутқидаги Ўзбекистон Республикасида “яшаётган ҳар бир фуқаро ана шу ишларга ўз баҳосини бeриш билан бирга, ҳар қайси инсон ва бутун мамлакат учун ҳаётий муҳим бўлган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзининг танқидий қараш ва фикр-мулоҳазаларини билдиришга тўла ҳақлидир”, деган жумлалар ҳам аввалгидан кам бўлмагандек симптоматик жаранглади. Ҳозирги Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий воқеликни ҳамда расмийларнинг ўзларига қаратилган ҳар қандай танқидга қандай муносабатда бўлишларини назарда тутган ҳолда, жамият учун долзарб бўлган масалалар юзасидан эркин фикр алмашиш ҳақидаги сўзларни қуйидагича тушунмоқ лозим: бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

И. Каримов маърузасининг сайловолди характери декабрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ким ғалаба қозониши ҳамда Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тизим қайси йўналишда ривожланиши юзасидан шубҳага ўрин қолдирмайди.