08:20 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Лағмон осиш санъати ёки Ўзбекистонда маошларнинг жадал суръатлар билан ошиб бораётгани тўғрисида

03.09.2007 04:05 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Қуёшли республиканинг ўртача ойлик маоши, ўн етти йилдирки, гизлилигича қолмоқда, бу ҳақдаги ҳар қанақа маълумот ёпиқ бўлиб ҳисобланади. Бу вақт мобайнида ўзгармас биринчи шахс тимсолидаги мамлакатнинг ўзгармас раҳбарияти бу маълумотларни моҳиятан давлат аҳамиятига молик сирларга тенглаштирароқ, уларни эълон қилишдан турли йўллар билан бўйин тоблаб келганди. Шунинг учун ҳам йил бошида Ислом Каримов узоқ йиллик жимликни дафъатан бузиб, ўзбекистонлик меҳнаткаш ойига ўртача 185 минг сўм (150 АҚШ доллари) топишини билдирганида, ҳамма ҳайрон қолганди. Ўша кундан буён бу рақам маҳаллий матбуот саҳифалари бўйлаб бетўхтов кўчиб юрибди, хорижий ОАВда ҳам уни тез-тез чоп қилинаяпти ва борган сари у шубҳага ўрин қолдирмайдигандек одатий рақамга айланмоқда.

Шубҳаланмаслик мумкин бўлибгина қолмай, балки зарур ҳамдир. Айниқса, бу маълумотлар, дейлик, обрў-эътибори унча яхши бўлмаган кишидан чиққан пайтда. Шунинг учун ҳам айтилганларни тоза ёмби билмай, унинг ҳақиқатга қанчалар мувофиқ келишини текшириб кўришга уринамиз. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, аввалги йилларда Ўзбекистондаги ўртача ойлик ҳажми бир мартагина эълон қилинганди. 2004 йили ҳукумат газеталарида тасодифан 60 минг сўм (ўша пайтдаги курс билан – тақрибан 60 доллар) деган рақам ялт этиб ўтганди. Бироқ бу рақам гўё гап орасида эслатиб ўтилганди ва кузатувчиларга кўра, ҳатто шу рақам ҳам жуда ошириб кўрсатилган. Умуман олганда, бу суммадан барча солиқлар чиқариб ташланганида, 40-45 минг сўм қолган бўларди – бу пулни ҳақиқатга яқинроқ деб ҳисоблаш мумкин (халқаро молиявий институтлар Ўзбекистонда ўша пайтдаги ўртача маош ҳажмини 20-40 доллар атрофида белгилагандилар).

Кейинги сафар ўртача ойлик маош ҳақидаги маълумотлар орадан уч йил ўтгач – Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2006 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган февраль мажлиси чоғида очиқланганди. Ўша мажлисда сўзга чиққан Ислом Каримов кутилмаганда Ўзбекистондаги ўртача ойлик 2006 йил охирига келиб 185 минг сўмга етиб қолганини эълон қилган, лекин бу статистика маҳкамаларининг маълумотлари эканини айтиб ўтганди. Шу билан бирга, унга кўра, “2006 йилда барча тоифадаги ишчиларнинг ҳақиқий маоши 36 фоизга ошган”.

Хуллас, агар президентга ишонилса, кейинги икки ярим йил ичида Ўзбекистондаги ўртача ойлик уч баробардан кўпроқ - 2004 йилдаги 60 минг сўмдан 2006 йил сўнгидаги 185 минг сўмгача ошган. Агар долларнинг бозор курси шу вақт мобайнида йигирма фоиздан ошмагани ҳисобга олинса, ойликлар ошишида мутлақо афсонавий ўсиш бўлган!

Балки мустақиллик йиллари бошида Ислом Абдуғаниевич томонидан ваъда қилинган буюк келажак, ниҳоят, кириб келгандир, агар маошлар бунақа мисли кўрилмаган суръатлар билан ўсаётган бўлса? Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: бу тенденция сақланиб қоладиган бўлса, уч йилдан кейин ўзбекистонликлар 450 доллардан, яна уч йилдан сўнг 1.350 доллардан, яна уч йилдан кейин эса тўрт минг доллардан ола бошлайдилар! Яна озгина чидалса, Ўзбекистон Европа ва бошқа барча мамлакатлардан ўзиб кетади. Ҳар биримиз лимузинларда сайр қилиб, тансиқ таомлар еб юрамиз.

Бироқ президент бундан буён Ўзбекистонда ўртача ойлик сал камтарроқ суръатлар билан ошишини ҳамда яқин уч йил ичида уч баробар эмас, балки атиги икки ярим баробар ошишини айтиб, ортиқча умидланишдан совутди.

“Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи учун мустаҳкам ва барқарор пойдевор яратилганини ҳамда шаклланиб бораётган тенденцияларни инобатга олган ҳолда, биз ўз олдимизга 2007 йилда ўртача иш ҳақини камида учдан бир миқдорда, 2010 йилга бориб эса, яъни яқин уч йил давомида уни 2,5 баробар ошириш вазифасини қўймоқдамиз”, - деди давлат раҳбари.

Бу борада икки хил қизиқ хулоса чиқариш мумкин. Биринчиси: 2010 йилга келиб - қанақадир 2,5 йил ўтганидан кейин – Ўзбекистонда иш ҳақи 375 долларгача ошади (агар, жаноб президент бизни лақиллатаётган бўлмаса, албатта). Иккинчиси: бу иш ҳақини бетўхтов ошириб бориш вазифасини, ҳойнаҳой, шахсан Ислом Каримовнинг ўзи бажармоқчи. Нима бўлганда ҳам, у ўз нутқида: “биз ўз олдимизга... вазифа қилиб қўймоқдамиз”, деб айтган. “Биз” сўзи остида у кимни назарда тутгани номаълум, бироқ навбатдаги президентлик сайловлари арафасида бу анча қизиқ жаранглайди.

Президент нутқидан бир нарса ойдин бўлмай қолган: ўртача ойлик ниманинг ҳисобидан бунча тез ошаяпти? Масалан, унга кўра, 2006 йилда ЯИМ ўсиши 7,3 фоизни ташкил қилган. Аввалги йилларда бу кўрсаткич ҳам саккиз фоиздан ташқарига чиқмаганди: 2004 йилда ЯИМ 7,7 фоизга, 2005 йилда эса 7 фоизга ошган. Бошқача қилиб айтганда, иш ҳақи қайси даромадлар ҳисобидан ошгани номаълумлик пардаси билан қопланган.

Албатта, 2006 йилдаёқ “реал иш ҳақи”нинг 36 фоизга ошгани ҳақида гапира туриб, Ислом Каримов бюджет соҳасида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари ва нафақахўрларнинг пенсиялари йиллик маъмурий оширилувини назарда тутган бўлса керак, дея тахмин қилиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам бу иш ҳар йили содир бўлади. Масалан, ўтган йили президент фармони билан бюджетчилар иш ҳақи икки марта (август ва ноябрь ойларида) – 1,2 баробар оширилган. Бироқ, давлат раҳбари сўзларидан келиб чиқишича, у фақат бюджетчиларнигина эмас, айнан ҳаммани назарда тутаяпти. “2006 йилда барча тоифадаги ишчиларнинг ҳақиқий маоши 36 фоизга ошган”, - дея таъкидлайди у.

Бу нарса бизни бевосита рақамларга мурожаат қилишга мажбур қилади. Ҳарбийлар, милиционерлар, МХХ ходимлари қанча маош олишларини айтиш қийин, аммо кенгроқ тарқалган бюджет соҳаларининг ходимлари – ўқитувчилар ва шифокорларнинг маошлари 2007 йилнинг июль ойига келиб қуйидагича бўлган:

Ҳамшира: олий тоифадаги тиббиёт ҳамшираси ставкаси – 54.946 сўм ($43), биринчи тоифадагиники – 49.966 сўм ($39), иккинчи тоифадагиники – 45.408 сўм ($36), тоифасиз ҳамшираники – 41.297 сўм ($33).

Шифокор: олий тоифадаги врач ставкаси – 81.935 сўм ($65), биринчи тоифадагиники - 73.812 сўм ($58), иккинчи тоифадагиники – 66.497 сўм ($52), тоифасиз врачники – 60.448 сўм ($48).

Боғча тарбиячиси: олий тоифадаги тарбиячи ставкаси - 58.000 сўм ($46), биринчи тоифадагиники – 53.900 сўм ($42), иккинчи тоифадагиники – 50.000 сўм ($39), тоифасизники – 42.640 сўм ($34).

Ўқитувчи: олий тоифадаги ўқитувчи ставкаси – 87.625 сўм ($69), биринчи тоифадагиники - 79.465 сўм ($62,6), иккинчи тоифадагиники – 74.425 сўм ($59), тоифасизники – 59.517 сўм ($47).

Тошкент давлат университети ўқитувчиларининг маоши:

Профессор - 159.594 сўм ($126). Бунга 12.420 сўмдан ($9,8) бир ё икки энг кам иш ҳақи миқдорида пул қўшилади.

Доцент – 144.890 сўм ($114). 12.420 сўмдан ($9,8) бир ё икки энг кам иш ҳақи миқдорида пул қўшилади.

Катта ўқитувчи – 130.560 сўм ($103). 12.420 сўмдан ($9,8) бир ё икки энг кам иш ҳақи миқдорида пул қўшилади.

Ўқитувчи – 116.686 сўм ($92). 12.420 сўмдан ($9,8) бир ё икки энг кам иш ҳақи миқдорида пул қўшилади.

Изоҳ. Бир ёки иккита энг кам иш ҳақи миқдоридаги қўшимча ҳақ университет жамғармасидан йилига ўн ойгина берилади. ТошДУдаги ойлик мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларидаги маошдан ўн беш фоизга юқори.

Қизиқ манзара ҳосил бўлаяпти: юқорида санаб ўтилган маошларнинг ҳаммаси жаноб Каримов “ўртача” деб атаётган маош миқдоридан анча паст бўлиб чиқаяпти. Устига устак: ўқитувчи ёки шифокор “ўртача” маошдан икки баробар – ўқитувчи 2,3-2,5 баробар, врач – 2,5 баробар маош олаяпти!.. Бу яна асосий ставка, ундан ҳали солиқлар чегириб қолиниши керак. Шундан кейин ўқитувчининг қўлига неча пул тегишини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.

Аснода августда бюджет соҳаси ходимларининг ойликлари яна бир марта оширилди. Президент фармони билан иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар 25 фоизга кўпайтирилди. Буйруққа иловада эса Ўзбекистондаги ўртача маош ҳақида янги маълумотлар келтирилган: “Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ўртача иш ҳақи миқдори 2006 йилнинг охирига келиб 187, 6 минг сўмга ёки 150 АҚШ долларига етди. Айни пайтда ушбу кўрсаткич саноатда 301,4 минг сўмни, алоқа тизимида – 293,8 минг ва транспорт тизимида – 285,9 минг сўмни ташкил этди”.

Ана шунақа: майдалашиб ўтириб нима қиламиз – алоҳида соҳаларда иш ҳақи уч юз мингдан ошиб кетган. Афтидан, буюк келажакка оз қолган кўринади.

Эътибор қилинг: фармонда август ойидан бошлаб ўртача бюджетчиларнинг иш ҳақлари 1,25 баробар ошиши айтилади, хусусан: “маориф соҳаси ходимлариники – 100 минг сўмдан, шу жумладан, ўқитувчиларники – 117 минг сўмдан ошади, соғлиқни сақлаш ходимлариники кўпайиб, 87 минг сўмга етади, шифокорларники эса – 128 минг сўмдан ошади”. Яъни, ҳатто кенгроқ тарқалган касб эгалари бўлган кишиларнинг 2007 ЙИЛ АВГУСТ ОЙИДАН 1,25 БАРОБАР ОШИРИЛГАН ойликлари ҳам 2006 ЙИЛ ОХИРИда билдирилган ўртача иш ҳақидан бир ярим-икки баробар паст бўлиб чиқаяпти.

Албатта, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ: кенгроқ тарқалган касб-кор вакилларидан ҳеч ким кўрмаган бу ўртача “ҳақиқий” ойлик қандай маош экан? Балки бу маълумотлар унча тўғри эмасдир? Балки жаноб Каримов уларни келтиришда бироз айёрлик қилгандир? Балки у баъзан шундай йўл тутиб турар? Ислом Каримовни кузатиш юзасидан 18 йиллик тажриба шуни кўрсатаяптики - ҳа, афсуски, у шундай йўл тутиб туради, у томонидан келтирилган рақамлар ва фактларга мутлақо ишониб бўлмайди.

Оддий инсоний психология нуқтаи назаридан келиб чиқилса, бунақа катта рақамларнинг пайдо бўлишини тушунса бўлади, албатта. Қўшни мамлакатлар ўзларининг ўртача маошлари ҳажми ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда эълон қилиб борадилар ва уларнинг ошиб бораётгани кўзга ташланиб туради. Масалан, агар 1994 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистонда ўртача маош бир хил бўлиб, тақрибан 40 долларни (ХВЖ маълумотларига кўра) ташкил этган бўлса, 2007 йилнинг январь ойида Қозоғистонда у 371 долларга етди. Россияда эса бу ойда ўртача ойлик 400 доллардан ошиб кетди. Қозоғистон ёки Россияни қўя туринг: камбағалгина Қирғизистонда ўртача номинал ойлик маош 2006 йил якунларига кўра 80 долларга етган.

Айни пайтда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 60-80 доллардан ошолмаяпти. Бу ҳолат қарийб йигирма йилдан буён ўз халқини бахт-саодат ва фаровонлик сари етаклаб кетаётган давлат раҳбарига ёқмаслиги тушунарли, албатта. Боз устига, янги президентлик сайловларига ҳам оз фурсат қолди. Ҳамюртларни эришилган ютуқлар (майли, ҳатто афсонавий бўлса ҳам) билан хурсанд қилиш ғояси шундан бошланади. Бу рақамларни биров текшириб ўтирмаса ҳам керак: мамлакат ичида буни қилишга йўл ҳам қўймайдилар, чет эллик журналистлар эса бунга вақт сарфлаб ўтиришни истамайдилар.

Тан олиш керакки, бу ҳисоб-китоб қай жиҳатдандир ўзини оқлади. Жаноб Каримовнинг сенсацион билдирувидан кейин портлаш содир бўлгандай бўлди: бугун бу рақамни Ўзбекистон статистика маҳкамалари ва ОАВ вакиллари, Россия ва Ғарб масс-медиаси (расмий маълумотларга таяниб бўлса-да) тинимсиз такрорламоқда. Бу расмий маълумотларнинг совун кўпиги экани, чакана фирибгарлик экани эса мутлақо муҳим эмас. Эртак айтилди ва у тобора ёйилиб бормоқда. Натижада Ўзбекистондаги ўртача маош ҳақидаги “маълумотлар” кўплаб турли-туман нашрларда чоп этилади.

Хўш, мамлакатдаги ўртача ойлик миқдори ҳақиқатда қандай? Ўзбекистон фуқаролари аслида қанча пул топадилар? Масалан, нобюджет соҳаларида нима бўлаяпти? Ҳар қандай маълумот яширин бўлган бир пайтда бу саволларга аниқ жавоб беришнинг имкони бўлмаса керак. Фақат Ўзбекистон шароитида тузуккина (150-400 доллар) пул топиш мумкин бўлган соҳаларнигина тахминан белгилаш мумкин, холос. Биринчи навбатда бу катта шаҳарлар бўлмиш Тошкент ва Самарқанд ҳамда олтин қазиб олувчи шаҳарлар – Навоий, Зарафшон, Учқудуқ аҳлига дахлдор. Булар савдогарлар, қурувчилар, олтин қазиб олувчилар, муҳандислар, тадбиркорлар, газчилар, нефтчилар, БЕЛАЗ ҳайдовчиларини ва ҳоказолардир. Албатта, барча тоифадаги ўмарувчи амалдорлар ва бошқарувчилар армияси ҳам бор, аммо улар статистикага кирмайдилар, албатта.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ёппасига қашшоқлик ҳукм сурмоқда. Аҳолининг асосий қисми доимий ишга мутлақо эга эмас, улар фақат ўз хўжалиги ҳисобидан тирикчилик қиладилар. Ҳайтовур, ишсизлар сонини қисқартириш мақсадида ўтган йили бу муаммо муваффақият билан ҳал қилинди: президент Каримов фармони билан чорва молларига эга бўлган фуқаролар “уйда қорамол етиштирувчи” шахсларга айландилар. Улар тўлақонли меҳнаткаш ҳисобланадиган, уларнинг меҳнат дафтарчасига тегишли қайдлар ёзиладиган бўлди.

Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида яшайдиган аҳолининг кўпчилиги қашшоқ яшайди. Аҳолининг яна бир қисми на ишлаб чиқариш, на мол боқиш ёки экин экиш имкониятига эга бўлмаган кичик шаҳарларда истиқомат қилади. Шу сабабдан ҳам туганмас одам оқими республика ташқарисига пул топиш учун чиқиб кетмоқда. Аммо улар ўз меҳнатлари учун олаётган ҳақ маҳаллий статистика маҳкамалари ҳисоботларига кирмайди.

Лекин расмий маълумотларни текшириб кўриш имконияти бўлган жойларда бутунлай бошқа натижага дуч келасиз. Ҳа, ҳеч бўлмаганда бюджет соҳаси ходимларининг ойликлари ошаяпти, аммо юқоридагидек тез суръатлар билан эмас. Дейлик, сўнгги уч йил ичида энг кам иш ҳақи ва пенсиялар ҳечам уч баробарга ошгани йўқ: 2004 йилдан 2007 йилнинг июлигача энг кам иш ҳақи 6.530 сўмдан ($6,5) 12.420 сўмгача ($9,8), энг кам пенсия эса 12.920 сўмдан ($12,9) 24.600 сўмгача ($19,4) ошди. Яъни ошиш миқдори сўмда 90,2-90,4 фоизни, долларда эса 51 фоизни ташкил қилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи миқдорини ўн олти йил аввал ғоявий жиҳатдан ёт бўлган ғарб қадриятларини қабул қилмиш постсовет ўлкаларидаги энг кам иш ҳақи миқдори билан қиёслаб кўриш қизиқ бўларди. Европанинг “Европастат” статистик бюроси маълумотларига кўра, 2007 йилнинг январида Латвиядаги энг кам иш ҳақи 172 еврони ($223), Литвада 174 еврони ($226), Эстонияда эса 230 еврони ($299) ташкил этган. Такрор айтамиз: бу ўртача ойлик эмас, фақат энг кам иш ҳақидир!

Аслида, бу ерда изоҳ берадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ўзгармас Ислом Абдуғаниевичнинг уч яримта президентлик муддати давомида эришилган олға силжиш шу қадар равшанки, айнан унинг ҳақиқий аҳволни тан олишни мутлақо истамаслиги князь Потемкин хаёлотига лойиқ турли-туман рақамларнинг қалқиб чиқадиган манба бўлиб ҳисобланади.



 

Реклама