23:29 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон яна Туркия билан дўстлашмоқчи

31.08.2007 22:37 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир)

© Артем Космарский фотоси

30 август куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Улфат Қодиров ҳамда элчихонанинг савдо атташеси Нодир Ҳошимов Туркиянинг “Канал-А” хусусий телеканали “Хориж” дастурида иштирок этдилар.

Кўрсатув меҳмонлари бир соат мобайнида Ўзбекистон ҳамда мамлакатнинг мустақиллик йилларида эришган муваффақиятлари ҳақида сўзладилар. Хусусан, телетомошабинлар 27 миллионли аҳолига эга бўлган Ўзбекистоннинг Ўрта Осиёнинг аҳолиси энг кўп бўлган мамлакат бўлиб, муҳим стратегик аҳамият касб этиши, шунингдек, унинг табиий бойликлари, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо экани ҳақида эшитдилар.

Инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлиги жабҳасидаги вазият тўғрисида гапира туриб, Улфат Қодиров Ўзбекистонда одамлар бир-бирларига ўзаро чидамли муносабатда эканларини, барча дин вакиллари ўз динларига бемалол риоя қилишлари мумкинлигини, масжидлар, черковлар ва синагоглар ўзаро тинч-тотув истиқоматда эканини маълум қилди. У. Қодиров Ўзбекистон расмийлари инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишларини, айниқса, инсонларнинг яшаш ҳуқуқига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини таъкидлади ҳамда 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинишини қайд этди.

Савдо атташеси Нодир Ҳошимов чет эллик сармоядорлар учун барпо этилган кафолатлар ҳақида батафсил гапириб беришга ҳаракат қилди. У туркиялик тадбиркорларга Ўзбекистоннинг енгил саноати ва озиқ-овқат саноатига, маиший техника ишлаб чиқаришга сармоя ётқизишни таклиф қилди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 470 дан зиёд қўшма корхоналар мавжуд, улардан 112 таси юз фоиз чет эл капиталига эга бўлган корхоналар бўлиб ҳисобланади.

Икки мамлакат ўртасидаги йиллик савдо-сотиқ айланмаси 600 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Н. Ҳошимов туркиялик тадбиркорларни Ўзбекистонда бизнес қилишдан чўчимасликка чақирди. Савдо атташеси, агар сармоядор фаолият бошлаганидан кейин мамлакат иқтисодий қонунчилиги у учун ёмон томонга ўзгарса, у ҳолда ўн йил мобайнида [сармоядорга нисбатан] эски қонун моддалари қўлланилишини билдирди. “Агар чет эллик тадбиркор ўз фаолиятини мамлакат қонунчилигига мувофиқ олиб борса, уни ҳеч ким безовта қилмайди”, - дея қайд этдилар дипломатлар.

Мамлакатдаги демократлаштириш масалаларига тўхтала туриб, Н. Ҳошимов Ўзбекистоннинг ўтиш даврида турганини, демократияни аста-секинлик билан ривожлантираётганини қайд этди. Хусусан, у мамлакатда кўппартиялилик тизими амалда эканини, бешта партия мавжудлигини ва уларнинг ҳаммасидан Ўзбекистон парламентида вакиллар борлигини, декабрда президентлик сайловлари бўлиб ўтишини, бу сайловлар жамиятни бундан буён демократлаштиришнинг навбатдаги босқичи бўлишини маълум қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон расмийлари оғзидан биринчи марта бу мамлакатда бўлиб ўтажак президент сайловлари ҳақида очиқ айтилди.

Ўз навбатида, аввал Ўзбекистонда бўлган ва ўзбекларнинг меҳмондўстлигини жуда яхши кўриб қолган кўрсатув бошловчиси Украина, Грузия ва Қирғизистонда бўлиб ўтган “рангин инқилоблар” ҳақида эслатиб, 2005 йилнинг май ойида содир бўлган Андижон воқеалари мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. У. Қодиров ташқи кучлар, айрим ижтимоий муаммолардан фойдаланган ҳолда, инқилобни Ўзбекистонга ҳам ёйишга уриниб кўрганлари айтиб жавоб қилди. У хорижий оммавий ахборот воситаларини 2005 йил фожеасини бир томонлама ёритганликда айблади, аснода Андижон воқеалари бўйича БМТда резолюция қабул қилинаётган чоғда, дунёнинг қолган 118 мамлакати Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда, қардош Туркия бу мамлакатга қарши овоз берганини писанда қилди. Сирасини айтганда, бу [яъни, 118 мамлакатнинг Ўзбекистон ҳукуматини дастаклагани] Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жазо чораларини жорий этишига ҳалақит бермаганди.

“Биз Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш юзасидан саъй-ҳаракатларини тушунамиз, туркий тилли мамлакатлар унинг бу ташкилотга киришидан мамнун бўладилар, чунки Туркия у ерда бу мамлакатларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Бироқ бизни дастаклаб овоз беришни талаб қилиб, мамлакатнинг ички ишларига аралаша олмаймиз. Аммо, қардош халқ сифатида, Туркия бизни БМТда қўллашига умид қилгандик”, - деди, хусусан, У. Қодиров.

Кўрсатув олиб борувчисининг “Нима учун Ўзбекистон 2006 йил кузида Анталияда бўлиб ўтган туркий тилли мамлакатлар раҳбарлари қурултойида иштирок этишда бош тортди, ҳолбуки даставвал у қурултой ишида қатнашиш истагини билдирганди?” деган саволига телекўрсатувнинг ҳар иккала меҳмони жавоб берди. Улар Ўзбекистон қурултойда иштирок этишга жиддий ҳозирлик кўрганини, бу борада, хусусан, туркий тилли мамлакатлар халқаро миқёсда бир-бирларига ёрдам беришлари юзасидан бир қатор ҳужжатлар тайёрланганини маълум қилдилар. Қурултойда иштирок этишга бош тортув тадбирдан икки кун олдин келиб тушди. Бу Туркиянинг Андижон воқеалари бўйича ЕХҲТда тутган позицияси маълум бўлганидан кейин содир бўлди. Ахир қардош халқлар ҳалқаро майдонда бир-бирларини дастаклашлари керак-да, дея яна бир марта қайд этдилар У. Қодиров ва Н. Ҳошимов.

Кўрсатув чоғида олиб борувчи телетомошабинларга Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг турк тилида чоп этилган “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз” китобини тақдим этди.

Ўзбекистон элчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳақидаги безакли катта китобни кўрсатди, шундан сўнг олиб борувчи бу китобларни сотиб олишни истаган кишилар Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

Қайд этиш жоизки, гарчи аввал-бошда олиб борувчи Туркия-Ўзбекистон муносабатларидаги муаммоли жиҳатлар ва бу мамлакатлар ўртасидаги совуқчиликнинг асосий сабабларини муҳокама қилмоқчилигини бир неча маротаба таъкидлаган бўлса-да, бу мавзуга кўрсатув мобайнида дахл қилинмади.

* * *

Кеча ўз мулозимлари олдида сўзга чиққан Ислом Каримов юқори минбардан туриб бўлажак президентлик сайловлари ҳақида эълон қилишини кутган тошкентлик кузатувчиларнинг ҳам умидлари оқланмади. Ўзбекистон президенти нутқининг тўла матни билан бу ерда танишишингиз мумкин.