21:06 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳар ким ўз билганича тирикчилик қилаяпти, лекин кўпчилик Россия кетаяпти”

30.08.2007 18:28 msk

Н.Зотова (Москва)

Мен яқинда Тожикистон ва Ўзбекистонга саёҳат қилиб, у ерда турли-туман одамлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Маълумки, бугунги кунда Ўрта Осиёдан муҳожирлар келиш жараёни жуда кенг авж олган, шунинг учун ҳам бу муаммо ҳақида эшитмаган одамларни топиш қарийб мумкин эмас. Менинг қаердан келганимни сўраганларида “Россиядан, Москвадан”, деб жавоб бериб, “Биз томонларда бўлганмисиз?”, дея қарши савол беришим билан суҳбатдошларимдан муҳожиротга алоқадор бўлган кўплаб воқеаларни эшитардим. Одамлар ўз ватанларида очиқроқ гапирганлари учун уларнинг муҳожирот ва мамлакатимиз ҳақидаги фикрларини билиш жуда қизиқ бўлди.

“Унга русча ҳаёт ёқади”

Тожикистоннинг Пасруд дарёси бошланишида Пасруд, Маргузор ва Пинён қишлоқлари аҳлининг ёзги қароргоҳлари жойлашган. Биз доривор ўтлар териш ва Алоуддин кўли қирғоғида дам олиш учун келган пинёнлик аёллар билан гаплашдик.

Алаудинское озеро. Фото А.Мазаева
Алоуддин кўли. А. Мазаев фотоси

Жамила 54 ёшда, у русчани жуда яхши билади. Унинг бешта фарзанди – тўрт ўғли ва бир қизи бор. Иккита кичик боласи мактабда ўқийди, яна биттаси Душанбедаги тиббиёт институтида ўқийди. Икки катта ўғли эса Россияга пул топиш учун кетган.

Катта ўғли Москва яқинидаги Одинцовода, қурилиш-таъмирлаш бошқармасида ишлайди, унга ўша ердаги ётоқхонадан жой берганлар. Бу муҳожир учун ҳавас қилса арзигулик шароит, Москвада бунақа яхши шароитни топиш камдан-кам одамга насиб қилади. Онасининг тахмин қилишича, бу анча яхши пул топади, аммо...

- Россияда ишлаганига етти йил бўлган бўлса, шундан бери бир тийин ҳам юбормади. Нимага бундай бўлаётганини билмайман. Иккинчи ўғлим Екатеринбургда қурилишда ишлайди, у доим уйга ёрдам бериб, пул юбориб туради, - дейди Жамила. – Бир марта Москвага ўғлимни кўргани боргандим. Унинг ётоқхонасига кириб бордим. Афтидан, у қанақадир рус қиз билан яшаётганга ўхшайди, аммо у менинг кўзимга кўринмади, яшириниб олди. Уялган бўлса керак. Ўғлим менга очиқдан-очиқ: “Мен уйга қайтмайман, Россияда қоламан. Менга бу ерда, ўзим учун яшаш ёқади”, деб айтди-қўйди.

- Унга русча ҳаёт тарзи ёқади. Ахир бизда, Тожикистонда қанақа? Бу ерда хўжаликка қараш, пичан ўриш, мол боқиш керак, иш оғир. Россияда эса ҳаёт умуман бошқача, - дейди суҳбатдошим ўғлининг сўзларини ҳасрат билан изоҳлаб. – Бизда катталарни ҳурмат қилиш, ҳар ишда уларга қулоқ солиш керак. Бошқа мамлакатда эса фақат ўзингиз учун, ўз манфаатингиз учун яшашингиз мумкин... Ҳозир кўп эркаклар пул топиш сиз томонга кетаяпти. Айниқса, ёшлар. Албатта, аксарият йигитлар қишда уйга қайтиб келади, аммо у ерда қолаётганлар ҳам кўп.

Чегара ва тўй

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Ёртепа” ўтказиш пунктида кечга бориб одам анча йиғилиб қолди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон томон кун бўйи ўтказиш пунктини очмаган экан. Биз чегарани кечга бориб очиб қолишларига умид қилиб Тожикистон томонида турганимизда менинг ёнимга Мадина келди.

У ўзбек, ёши 35 да, Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг эри панжикентлик тожик. Оила Панжикентда туради, Мадинанинг барча қариндошлари эса Ўзбекистонда яшайдилар. Кишилар бир-бирлариникига меҳмонга, таъзияга, тўйга ёки бошқа сабаб билан боришлари қийин.

Ўша оқшом Мадина Ўзбекистондан келиши керак бўлган ота-онасини кутиб турарди. Эртаси куни Мадинанинг яқинда ўн саккизга кирган катта ўғлига тўй бўлиши керак. Ёш аёлнинг тўртта боласи бор ва у беш йилдан буён Москвада ишлайди.

- Бу ерда бирор яхши ўзгаришни кўрмаяпмиз. Чегарадаги аҳволни кўринг. Ҳамма жойда шунақа, - дейди алам билан Мадина. – Иш йўқ, одамларда пул ҳам йўқ. Ҳар ким ўз билганича тирикчилик қилаяпти – бир ердан нарса сотиб олиб, иккинчи жойга олиб бориб сотаяпти. Лекин кўпчилик Россия кетаяпти. Мен Москвада беш йилдан бери ишлаяпман. Қариндошларимиз Москвада бўлганлари учун айнан ўша ерга бордим. Кўп жойда ишлашимга тўғри келди, турли дўконларда сотувчи бўлиб ишладим, қадоқловчи бўлиб ишладим. Ҳозир супермаркетлардан бирининг тайёр салатлар сотиш бўйича бўлимида ишлаяпман. Дўконда менга расмий ҳужжатлар – иш учун рухсатнома ва ҳоказолар тўғрилаб бердилар. Маошим катта, ойига йигирма минг рублдан кўпроқ оламан. Эрим билан битта уйни ижарага олганмиз, катта ўғлим биз билан яшайди, кичик фарзандларим Панжикентда, аммасининг уйида юришади. Эрим ҳам кўп ишлайди, одам ташийди. Ҳозир ўғлимнинг тўйига пул йиғдик, олти юз кишини меҳмонга чақирганмиз. Тўй неча пулга тушади, дейсизми? Ҳаммаси бўлиб, тақрибан тўрт минг долларга тушса керак. Россияда ишлаганимдан жуда хурсандман. Ўғлимнинг тўйига пул тўплаб олдик. Таътилим тугаганидан кейин ўғлимни келиним билан бирга Москвага олиб кетамиз: мен унинг институтга кириб ўқишини истайман.

Летовка жителей кишлака Маргузор. Фото А.Мазаева
Маргузор қишлоғининг ёзги қароргоғи. А.Мазаев фотоси
Регистон ёнида

Самарқандда хорижда ишлаш тажрибаси ҳақидаги суҳбатлар оҳанги ҳам аввалгиларга ўхшаш бўлди. “Бу ерда иш қарийб йўқ, шунинг учун ҳам одамлар кетаяптилар”, - дея қайд этдилар суҳбатдошлар.

Умуман олганда, Россияга Тожикистон ва Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларининг бориши ҳодисаси шунчалик одатий ишга айланганки, бу ердаги ҳар иккинчи эркак бизнинг мамлакатда бўлган экан, дегандек таассурот уйғонади кишида. Ёш йигитлар ўзларининг қандай қилиб таксичилик қилганларини; йўналишли такси ҳайдовчилари уйга таътилга келганларини, лекин маршруткалари Санкт-Петербургда қолганини ва ҳ. кула-кула гапириб бердилар. Август ойи ўртасида Регистон майдонида келаётган Мустақиллик байрами ва Самарқанднинг 2750 йиллик тантаналарига тайёргарлик кўрилаётган экан. Майдон ўраб олинган, томошабинлар тўсиқлар олдида тўпланиб турардилар. Биз уларнинг айримлари билан танишдик.

- Ўзбекистонда фақат давлат хизматчиларидагина иш бор. Агар сиз орган ходими, ҳокимият вакили бўлсангиз, ёмон яшамайсиз, - деди эллик ёшлардаги киши. - Менга ҳам ойликни мунтазам равишда тўлаб турадилар, мен “тез ёрдам” машинасини ҳайдайман, шунинг учун ҳам ҳали пул топиш учун кетганим йўқ. Ҳолбуки, маошим паст, ойига 110 минг сўм (тақрибан 90 доллар) оламан. Синглим мени Москвага чақириб қўймаяпти, у эри билан мебель фабрикасида ишлайди. Улар [турмушларидан] жуда хурсанд, яхшигина ойлик оладилар, ижарага уй олганлар. Эҳтимол, кузда уларнинг ёнига борарман. Синглим мени ҳеч бир муаммосиз ишга жойлаб қўйишга ваъда берган.

***

Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидан кўплаб муҳожирлар келиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатга Россия 1990 йиллар бошида дуч келди. Аввал Тожикистондан келувчилар сони кўпроқ эди. Ҳозир эса рақамлар тенглашиб қолган. 2002 йилда ўтказилган Бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Россиядаги тожиклар ва ўзбеклар сони қарийб тенг бўлиб, ҳар бир гуруҳ учун 120-122 минг кишини ташкил қилади. Шунга қарамай, бу фақат расмий рақамлар, холос – аслида улар анча кўпроқ. Хусусан, аҳолини рўйхатга олишда мавсумий муҳожирлар ҳамда рўйхатдан ўтмаган кишилар ҳисобга олинмаганлар.