16:11 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиёнинг ўлик шаҳарлари (фотолавҳа)

29.08.2007 23:18 msk

Игорь Ротарь

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Москва Марказий Осиёнинг чекка жойларини ўзлаштира бошлаганди. Катта шаҳарлардан юзлаб километр наридаги баланд тоғларда тўғонлар, шахталар қурилганди. Социализм қурилишларида ёрқин коммунистик келажак шаҳарларининг тимсоли бўлмиш манзилгоҳлар барпо этилганди.

Совет империяси қудратини тамсил этувчи намунали шаҳарларга бутун Совет Иттифоқидан кўнгиллилар келарди.

Баланд тоғларда “рус” оролчалари бўлмиш Рогун, Нурек, Молисой, Шўроб, Янгиобод шу тариқа пайдо бўлганди. Туб аҳоли кўчманчиларга қаттиқ ҳасад қилардилар. Келгиндиларнинг маошлари зўр эди, янги барпо этилган шаҳарчаларда албатта кинотеатрлар, ўйингоҳлар бўларди, дўконлардаги мол турлари Москвадаги дўкондаги моллар билан рақобатлашарди. Бугунги кунда бу манзилгоҳларнинг ҳаммаси арвоҳ шаҳарларга айланган.

Дом культуры в Шуробе. Фото Игоря Ротаря
Шўробдаги маданият уйи. Игорь Ротарь фотоси

Тожикистон шимолидаги Шўроб кончилар шаҳри (Исфара ёнида) бунга типик мисол бўла олади. Бу ерга биринчи бор келган одамда “шаҳар оммавий равишда бўмбабўрон қилинибди”, деган тасаввур уйғонади. Биноларнинг қарийб ҳаммаси вайрон бўлган, увадаларга ўраниб олган йўловчилар бегона кишига чўчинқираб қарайдилар. Ярми ўчиб кетган “кинотеатр”, “мактаб”, “клуб”, “кутубхона” сингари ёзувлар қачонлардир бу ерда ҳаёт қайнаганидан далолат беради.

Шуроб вывозится в соседние кишлаки по частям. Фото Игоря Ротаря
Шўроб қўшни қишлоқларга майдалаб олиб чиқиб кетилмоқда. Игорь Ротарь фотоси

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин кон қарийб тўхтаб қолган ва бугунги кунда бу ерда кўмирни икки аср аввалгидек усул билан – қўлда қазиб оладилар ва ер юзасига қопда тортиб чиқарадилар. Бу ерда ойига ўн доллардан кўп пул топиб бўлмайди, одамларнинг кўпчилиги шаҳардан кетиб қолганлар. Ҳозир бу ерда тўрт мингдан кўп одам яшамайди - шаҳарда, асосан, қариялар ва ногиронлар қолган.

Православное кладбище в Шуробе. Фото Игоря Ротаря
Шўробдаги православ қабристони. Игорь Ротарь фотоси

Шўробда уч хонали хусусийлаштирилган квартира 10 доллар атрофида туради, аммо чекка қишлоқлар аҳли ҳатто шу пулни ҳам сарфлаб ўтирмайдилар. Бўшаб қолган уйларни бузиб кетаверадилар, шу йўл билан топилган қурилиш материалларини ўз қишлоқларига ташиб кетадилар... Ўйингоҳ ва боғ яйловга айлантирилган. Маҳаллий русларнинг кўпи ярим оч ҳолда кун ўтказади. Эплаб қорин тўйдириш учун одамлар қишлоқма-қишлоқ юришиб, шахсий буюмларини озиқ-овқатга алмаштирадилар.

За водой в Шуробе приходится ходить к колодцу за сотни метров. Фото Игоря Ротаря
Шўробда сув олиб келиш учун юзлаб метр наридаги қудуққа боришга тўғри келади. Игорь Ротарь фотоси

Бунақа шаҳарчаларнинг қарийб ҳаммаси шу аҳволга тушган. Бироқ камида битта истисно бор. Янгиобод кончилар шаҳарчасини (авваллари бу ерда уран қазиб олинган) Тошкентга нисбатан яқинлик сақлаб қолган. Тошкентликлар Янгиободдаги квартираларни дала ҳовли сифатида сотиб ола бошлаганлар. Бугунги кунда бу ерда кончиларни топиш қийин, бироқ қишда ҳам, ёзда ҳам бу ерда тошкентликларни кўплаб учратиш мумкин.

Ёзда бу ерда Тошкентнинг жазирама иссиғидан қочиб, жон сақлаш ва тоғларни кезиб юриш, қишда эса тоғ чанғиларида учиш мумкин. Шу тариқа, тақдирнинг аччиқ ҳазили билан Марказий Осиёнинг бориш қийин бўлган тоғли жойларини забт қилиш бўйича Москванинг улкан режалари Тошкентдан 100 километр нарида мўъжазгина курорт шаҳарча пайдо бўлиши билан якун топган.

Памятник Чайковскому в Янгиабаде. Фото Игоря Ротаря
Янгиободдаги Чайковский ҳайкали. Игорь Ротарь фотоси

Муаллиф ҳақида: Игорь Ротарь – Марказий Осиё бўйича эксперт, Eurasianet нашрининг Марказий Осиёдаги мухбири, олти йилдан бери ўзи тадқиқ қилаётган минтақада яшайди.