11:36 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон-Россия учоқларига харидорлар топилди

29.08.2007 16:29 msk

Владимир Георгиев (Москва)

Подмосковьедаги Жуковск шаҳрида бўлиб ўтган МАКС-2007 авиасалонида Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида (Ўзбекистон) ишлаб чиқарилаётган учоқларнинг харидорлиги кишини хурсанд қилди. Лекин матбуот варақчалари, ҳисоботлар ва оммавий ахборот воситаларининг кўргазмадан тайёрланган материалларида ТИАЧБ номи қарийб зикр этилмади. Ўзбекистон учоқлари бўйича барча тижорат шартномалари РФда яқинда ташкил этилган Бирлашган авиасозлик корпорацияси (БАК) бизнес-бирлиги бўлиб ҳисобланмиш “Ильюшин номидаги авиацион мажмуа” номидан имзоланди. Бу ТАИЧБнинг яқин келажакда Россия БАК таркибига киришига реал имконият мавжудлигини яна бир маротаба тасдиқлайди.

Бу маълумотни “Фарғона.Ру” АА мухбири билан МАКСда бўлиб ўтган ўзаро суҳбатда Тошкент авиакорхонасининг бош муҳандиси Владимир Никитин ҳам тасдиқлади. У агентликка Ильюшин фирмаси ҳақиқатан ҳам “Откритое небо” ва “Континент” авиаширкатлари билан Ил-114 учоқларининг катта партиясини (69 та) етказиб бериш ҳақида битим имзолаганини билдирди. Бироқ у ТАИЧБ вакиллари ҳужжат остига ўз имзоларини қўймаганларини ҳам маълум қилди. Ҳолбуки, унга кўра, мазкур ҳужжат бўйича учоқлар келажакда айнан ТАИЧБда ишлаб чиқарилиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Владимир Никитин “Фарғона.Ру”га имзоланган битим тафсилотларини “ильюшинчилар”нинг ўзларидан сўраш маъқулроқ эканини билдирди.

Аснода “Ильюшин номидаги авиацион мажмуа” ОҲТ бош директорининг ўринбосари Владимир Беляков қатор ОАВга Ил-114 Тошкент авиакорхонасида қурилажагини тасдиқлади.

Экспертларнинг баҳоларига кўра, мазкур шартнома қиймати қарийб 1 млрд. долларни ташкил этиши мумкин. Бироқ Тошкентда бу пулларга фақат Ил-114 оиласига мансуб учоқларни қурадилар. Ил-114 учоқларини етказиб бериш 2008 йилдаёқ бошланиши керак, сўнгги учоқни эса ТАИЧБ 2015 йилда тайёрлаб бериши лозим. Шундан қилиб, Ўзбекистон авиакорхонаси йилига тўққизтадан кам бўлмаган учоқ қуриши керак. Бу жудаям кўп. Мутахассислар ТАИЧБда бунинг учун малакали ходимлар етарли бўлишига шубҳа билдирмоқдалар. Тошкент авиакорхонасининг бош муҳандиси эса бундан ходимларнинг етарли бўлишига ишончи комил.

Владимир Никитин ТАИЧБнинг “Волга-Днепр” авиаширкати учун Ил-76ТД-90ВД русумли оғир ҳарбий-транспорт учоқларини ишлаб чиқариш учун ҳам қуввати етишини билдирди. У МАКСда “Волга-Днепр” авиаширкати ва “Ильюшин” фирмаси 2009 йилгача Ил-76ТД-90ВД русумли учта учоқ тайёрлаш ва етказиб бериш юзасидан “мустаҳкам” шартнома имзолаганларини маълум қилди.

Экспертлар фикрича, шартнома суммаси 120 млн. доллардан кам бўлмайди. Ил-76ТД-90ВД бугунги кунда энг нозик экологик талабларга ҳам жавоб беради, у сертификатланган ва дунёнинг истаган нуқтасига чекловларсиз уча олади. Қатор оммавий ахборот воситаларининг баҳосига кўра, Ил-76ТД-90ВД 20 тоннадан 50 тоннагача юк ташиш учун энг тежамкор учоқ бўлиб ҳисобланади.

Бу учоқлар ҳозирча фақат ТАИЧБда йиғилади, холос. “Фарғона.Ру” АА мухбири билан суҳбатлашар экан, В. Никитин яқин 3-4 йил ичида Россия Ил-76МФ русумли бу ва бошқа замонавийроқ учоқлар ишлаб чиқаришини Россияга (Ульяновск) кўчира олиши юзасидан шубҳа билдирди. Унга кўра, бу ишга жуда катта пул – 500 млн. доллардан кам бўлмаган маблағ талаб этилади. ТАИЧБ бош муҳандиси фикрича, Ил-76 учоқларини Ўзбекистон авиакорхонасида ишлаб чиқариш самаралироқ бўларди.



 

Реклама