08:21 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда нон маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетди ва ўсимлик мойи танқислиги юзага келди

28.08.2007 23:55 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Ўзбек оилаларининг аксарияти учун нон асосий озиқ-овқат маҳсулоти бўлиб ҳисобланади. “Дон мустақиллиги” ҳақидаги шов-шовли баёнотлар қабатида республика фуқаролари ун нархининг кескин ошиб кетиши ва унинг танқислигига дуч келиб ўтирибдилар. Агар тошкентликлар куннинг биринчи ярмида етарлича нон ғамлаб олишга улгурмасалар, кечга бориб сотувда нон топиш катта муаммога айланиб қолаяпти.

Кўплаб нонвойхоналарда бу вазиятни ун етишмаслиги билан изоҳлаяптилар. “Бизга хом ашё беринг, биз нон ёпиб берамиз”, демоқдалар нонвойлар. Ун комбинатлари эса буғдойнинг ўта танқислигидан шикоят қилаяптилар.

Нега бундай бўлади, дея ҳайрон бўлаяптилар ўзбекистонликлар, ахир яқиндагина барча оммавий ахборот воситалари бу йил мамлакатда энг кўп – 6 миллион 250 минг тонна ҳосил йиғиб олингани ҳақида ҳаммаёққа овоза қилгандилар-ку. Президент Ислом Каримов эса ғаллакорларни бу улкан меҳнат зафари билан қутлай туриб: “...суғориладиган ерлардан ҳосилдорлик гектарига ўртача 48 центнерни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан қарийб 4 фоизга ўсгани бунинг яққол тасдиғидир”, дея таъкидлаганди. “Сиз, азиз дeҳқонларнинг пeшона тeри, азму шижоатингиз билан етиштирилган ғалла ҳосили ҳар қайси хонадонда тўқчилик бeлгиси бўлиб, эл-юрт дастурхонини тўлдириб, одамларнинг кўнглида эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлаши ва бутун халқимиз Оллоҳ бeрган бу бeбаҳо нeъмат учун шукрона кeлтириб, уни юксак қадрлаб, сизларнинг шаънингизга чуқур миннатдорлик билдириши табиийдир”, дея билдирганди Ўзбекистон раҳбари.

Нима учун ғалладан энг кўп ҳосил олинган бир пайтда нон билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда? Бунга бир неча сабаблар бор бўлиб чиқди. Биринчидан, ғалаба реляцияларида (маълумотномаларида) янграганидан анча кам дон йиғиб олинган: хабардор кишиларнинг айтишларича, бор-йўғи 4 миллион тоннага яқин ғалла йиғилган. Буғдойнинг харид нархи пастлиги туфайли дон етиштиришдан манфаатдор бўлмаган фермерлар режа бўйича давлатга сотиши лозим бўлган ғалла ўрнига тайёрлов идораларига нақд пул топшириб қўя қолганлар ёки бозордан керакли миқдорда буғдой сотиб олишиб, бу амалиёт пайтида анчагина пул йўқотишиб, уни базага олиб бориб топширганлар. Аммо бу харажатлар уларнинг экинларида етиштирилган бошқа, кўпроқ даромад келтирадиган маҳсулотни сотишдан келган фойда билан қопланиб кетган. Жойлардаги ва юқоридаги расмийлар бунақа амалиётлар ҳақида жуда яхши биладилар, аммо бунга кўз юмиб қўя қоладилар: улар вақтида рапорт топширсалар ва юқоридаги раҳбариятни кўнглини олсалар бўлди. Шундай экан, қўшиб ёзишлар фақат собиқ Совет Иттифоқигагина хос бўлмаган, улар Ўзбекистонда ҳозир ҳам гуллаб-яшнаяпти.

Нон билан боғлиқ бўлган иккинчи муаммо сўнгги ҳафталарда Қозоғистон уни нархининг қарийб икки баробар қимматлаб кетганидир. Уни Ўзбекистонга катта миқдорда, асосан, контрабанда йўли билан олиб кирадилар. Бу ун буғдойнинг қаттиқ навларидан ишлаб чиқарилгани учун унга фақат нонвойхоналардагина эмас, уй бекалари орасида ҳам талаб катта.

Узбекские лепешки. Фото с ИА Фергана.Ру
Ўзбек нонлари. Фарғона.Ру АА фотоси

Икки ҳафта олдин Қозоғистоннинг бир қоп уни (50 кг) ўттиз минг сўм атрофида (тақрибан $23) турарди. Ўшанда кўпчилик буни жуда қиммат ҳисобларди, аммо сотиб олаётганди. Оилаларда болаларнинг кўплигини ҳисобга олган ҳолда, бу ерда эскитдан унни қопда сотиб олишга ўрганганлар. Ҳозир бу бир қоп ун 55 минг сўм туради. Нархларнинг ошишини, биринчидан, чегарадан юк олиб ўтишдаги қийинчиликлар, иккинчидан эса, жаҳонда буғдой баҳосининг кўтарилиб кетиши билан боғламоқдалар.

Ўзбекистон расмийлари бугунги кундаги вазият келажакда такрорланмаслиги учун аллақачон чоралар кўра бошлаганлар. Аммо, ҳар доимгидек, улар масалани бозор нуқтаи назаридан ҳал қилиш ўрнига маъмурий-буйруқбозлик усули билан ҳаракат қилмоқдалар. Дейлик, Тошкентда улар “Тошкент-нон” нон ишлаб чиқарувчилар ассоциациясига кирган ўттиз бешта нонвойхона раҳбариятига Тошкент вилоятидаги фермер хўжаликларини оталиққа олиш мажбуриятини юклаганлар. Ҳар бир нонвойхона раҳбарига 3 мингдан 4 минггача гектар экин майдонлари бириктирилган. Бунақа майдонларнинг ҳар бирида 80 тадан 100 тагача фермер хўжаликлари жойлашган.

15 сентябрь куни мамлакатда дон экинларини экиш бошланади. Ҳозирнинг ўзидаёқ нонвойхона раҳбарлари ўз оталиқларига олган фермер хўжаликларини айланиб чиқишлари, уларнинг экиш ишига нечоғли тайёр эканларини - тегишли техника, солярка, уруғлик ва ҳ. бор-йўқлигини текшириб чиқишлари шарт. Улар ғаллакорларга ҳар томонлама техник ва моддий ёрдам беришга ҳамда далаларга режада қанча кўрсатилган бўлса, шунча буғдой экилишини назорат қилишга мажбурлар. Шунингдек, ҳар бир фермернинг қанча ҳосил олганлиги қайд этилиши лозим.

Кустарный лепешечный цех. Фото с веб-сайта Mountain.ru
Нонвойхона. Mountain.ru сайтидан олинган фотосурат

- Мен деҳқончилик, айниқса, ғаллакорлик соҳасида ҳеч нарсани тушунмайман, - дея нолийди исмини атамаслигимизни сўраган Тошкент нонвойхоналаридан бирининг эгаси. – Менинг ишим - маҳсулот чиқариш. Менга техника, кадрлар билан боғлиқ ўз муаммоларим ҳам етиб-ортади. Бу ерда эса фермерлар билан шуғулланиш, уларга моддий ёрдам бериш учун қанақадир маблағлар топиш лозим бўлиб турибди! Тўғриси, бошим айланиб кетаяпти, аммо юқорининг буйруғини бажармасанг, бундан ҳам баттар бўлади. Шундай экан, бизнесдаги мустақиллик ҳақида бу ерда гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, сўнгги кунларда аҳоли орасида энг харидоргир, аммо паст навли бўлган буханка нон нархи 175 сўмдан 200 сўмга чиқди (бу нон баҳосининг ошиши давлат томонидан сунъий равишда ушлаб турилибди). “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Фарғона шаҳридаги манбалари маълум қилишларича, у ерда оби нонлар нархи икки баробар ошган: нон туридан келиб чиққан ҳолда 150-400 сўмдан 300-800 сўмгача. Патир-нон нархи эса бир ярим минггача (1,2$) етади.

Агентлигимизнинг Қорақалпоғистондаги штатсиз мухбирлари шаҳар дўконларидаги буханкаларнинг ҳажми кичрайтирилгани ва вазни озайтирилгани, аммо улар эски нархда сотилаётганини маълум қилдилар.

Танқислик ва нархларнинг ошиши фақат нон ва унгагина тегишли бўлмади. Бироқ Ўзбекистон пойтахтидаги турли манбалардан олинган маълумотлар бир-биридан фарқ қилаяпти. Лекин, одатда, бунақа ҳолат хабар берувчилар ростини айтганларида юз беради. Тошкентлик кўнгилли респондентларимиздан бири бизга шаҳарда ўсимлик мойи сотувда қарийб қолмаганини, ёғ бор бўлган жойларда эса нархлар икки баробар ошиб кетганини маълум қилди. “Беш литрли канистрдаги ёғ бозорда 18 минг сўм туради – кечагина у дўконда 7.500 сўмдан сотилаётганди”. “Бутун август ойи мобайнида пахта ёғига навбатга турилди. Ун бирданига 400 сўмдан 1100 сўмга “чиқиб олди”. Нонвойлар ўз бизнесини йиғиштиришларини айтаяптилар, чунки бунақа нархда ҳеч ким нон сотиб олмайди-да...”



 

Реклама