23:14 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Прокурорлар ишдан олиндилар, ҳуқуқ ҳимоячилари “ўхшамаган” қотилларнинг хавфсизлиги юзасидан хавотирланаяптилар

28.08.2007 17:07 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Аслида тирик бўлган аёлни ўлдирилганлигини “исботлаган” Жалолобод вилоят Бозорқўрғон туман прокуратурасининг бир неча ходими “хизмат вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун” туман прокурори бошчилигида ишдан олиндилар. Бироқ маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари аёлни “ўлдирганлик” учун судланган икки фуқаронинг хавфсизлиги ва тақдири юзасидан хавотирланмоқдалар. Бу ҳақда “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига “Воздух” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг раҳбари Азимжон Асқаров маълум қилди.

Ноқонуний равишда қўлга олиниб, кейин эса аёлнинг ўлимида айбланган икки кишини ҳимоя қилиш билан шуғулланган Азимжон Асқаровга кўра, прокурор, тергов бўлимининг бошлиғи ва прокуратура бошқа ходимларининг ишдан олиниши шу кунларда, Қирғизистон Бош прокуратураси ва Миллий хавфсизлик хизматидан келган махсус комиссия бу ҳодисани текширганидан кейин амалга ошган.

“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, прокуратура терговчилари Майрам Зоировани гўё шафқатсизлик билан ўлдирган Ёрқиной Мамажонова ва Ҳусанбой Режаповнинг “айби”ни қандайдир йўл билан исботлашнинг уддасидан чиққанлар. Тергов якунланиб, иш судга оширилган пайтда қишлоқдошлар “мақтула” Майрамни суд залига олиб келганлар. Маълум бўлишича, у қўшни Ўзбекистонга турмушга чиққан ва туғилган қишлоғига узоқ вақт мобайнида келмаган экан. Ҳакамнинг саводсизлиги ва янги қонундаги келишмаган жиҳатлар туфайли судланувчилар ҳибсдан орадан ўн кун ўтгандан сўнг – Майрам Зоированинг ўлдирилиши ҳақидаги иш бўйича суд қарори қонуний кучга киргандан кейингина озод қилингандилар.

Эслатиб ўтамиз, туман прокурори илтимосномасига кўра суд ишни прокуратурага қайтарган, судланувчиларга нисбатан жиноятнинг олдини олиш чорасини эса ўз кучида қолдирганди. Яъни ҳакам “Жиноят қонунчилигини юмшатиш тўғрисида”ги янги қонунга таянган ҳолда “суд қарори кучга киргунича” уларни ўн кун муддатга ҳибсхонада қолдирганди. Аммо, маълум бўлишича, ҳакамнинг ўзи гоҳ қарор, гоҳ ҳукм деб атаган суд қарорида айбсиз кишилар панжара ортида қолишига сабаб бўлган янги қонун моддасига ишорат йўқ экан. Ҳуқуқ ҳимоячилари буни тизимнинг ўзини ҳимоялаш истаги ўлароқ баҳоланганлар.

Исми махфий қолиш шарти билан биз билан суҳбатлашган Жалолобод вилоят суди ҳакамларидан бирининг қайд этишича, мамлакат қонунчилигига кўра, ҳакам жиноят воқеаси содир этилмагани учун судланувчиларни оқлаши ва уларни суд залидан озод қилиб юбориши керак эди. Ҳакам гўё таяниб иш қилган янги қонун эса Майрам Зоирова ҳақиқатан ҳам ўлдирилган, аммо судланувчилар қандайдир сабаблар билан оқланган тақдирдагина қўлланилиши мумкин эди. “Агар шундай бўлганда, жабрланувчи томон апелляцион шикоят аризасини беришини кутиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам судланувчиларни ҳибсда ушлаб туриш ўзини оқларди, - деди аноним суҳбатдошимиз. – Бироқ Зоирова билан боғлиқ ҳолатда судланувчилар айбдор эмаслар”. “Агар тергов бу одамларни ҳали шахси аниқланмаган аёлни ўлдиришда айблаш учун асос тополса, прокуратура уларга мутлақо бошқа бир жиноий иш бўйича айблов қўйиши мумкин”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилнинг февралида Маданият уйининг ертўласида номаълум аёлнинг чавақланган жасади топилганди.

Яқин танишлар жасадни Майрам Зоирова деб ўйлаганлар, у эса бу вақтда қўшни қишлоқдаги тутинган онасининг уйида бўлган, кейин эса ўзбекистонлик кишига турмушга чиқиб кетган. Тергов тўрт ой давом этган, бу вақт мобайнида Зоированинг ҳам, тутинган онасининг ҳам ҳеч нарсадан хабари бўлмаган. Терговчилар қандайдир йўл билан унинг сохта “қотил”ларини топиб, уларнинг айбини исботлашга муваффақ бўлганлар, шундан кейин иш судга оширилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари босими остида (улар орасида Қирғизистон инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раисининг ўринбосари Азиза Абдурасулова ҳам бор эди) суддан ўн кун ўтганидан кейин М. Зоирова ўлимида айбланганларни қўйиб юборганлар. Бироқ “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотидагиларнинг қайд этишларича, “ўхшамаган” қотилларни жавобгарликка тортиш хавфи шундан кейин ҳам сақланиб қолган. Бу ташкилот кенгаши раисаси Валентина Гриценконинг фикрича, тергов идоралари бу одамларни Майрам Зоирова деб ўйланган аёлнинг ўлимида ҳам айбдор қилишга уринмайдилар, деб бўлмайди. Ҳозирча мақтуланинг шахси аниқланган эмас.

Аснода, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳибсдан озод этилиши туман прокурори ва унинг бир қатор тобеълари ишдан бўшатилишига сабаб бўлган Мамажонова ва Режаповга таҳдид қилишда давом этмоқдалар, дея билдиради. “Терговчилар жисмонан йўқ қилиб юбориш таҳдиди остида улардан мен билан алоқа қилмасликни талаб этмоқдалар, - деди Азимжон Асқаров. – Чунки улар тўрт ой давомида ноқонуний равишда ҳибсда сақланганлари натижасида кўрган маънавий ва моддий зарарни тўлатишни талаб қилиб қолишларидан қўрқаяптилар”. Бундан ташқари, асоссиз равишда айбланганлар терговчилар керакли кўрсатма ва иқрорномалар олиш учун уларни қийнаганларини, бунга чидай олмаган Мамажонова ўз танишини ўлдирганини тан олганини билдирмоқдалар.

Туман прокурори ва унинг ходимлари ишдан олинганига изоҳ бера туриб, Азимжон Асқаров “бу ҳали кам”лигини билдирди ҳамда “агар бизда қонун олдида ҳамма тенг бўлса, уларни суд қилишлари керак. Ана шундай кескин чоралар кўрилмаса, бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида бўлаётган бошбошдоқликларни тўхтатиб бўлмайди”.

Шунингдек, Азимжон Асқаров ўз ҳаёти ҳам хавф-хатар остида қолаётганини билдиради. “Тергов идоралари менга анчадан буён таҳдид қилиб келадилар, уларнинг ишига аралашмаслигимни талаб қиладилар”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. Таҳдидлар Майрам Зоировага ҳам қилинган, терговчилар ундан бир неча йилга Ўзбекистонга кетиб, кўздан ғойиб бўлиб туришни талаб қилганлар. “Тергов нима қилиб бўлса ҳам Мамажонова ва Режаповни қамоққа тиқишни истаганди ва биз ҳатто унга [Майрамга] суиқасд уюштирилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмагандик, - деди Асқаров. – Шунинг учун ҳам Майрам Зоирова гувоҳлик бериши керак бўлган маҳкама мажлиси бошлангунича мен уни яшириб туришга мажбур бўлгандим”.

Терговчиларнинг Майрам Зоировадан қутулиш истаги ҳақида уни Ўзбекистондан шахсан олиб келган ҳамқишлоғи Муҳаббат Раҳмонқулова ҳам гапирганди. “Терговчилар Майрамни Ўзбекистонга ёки бошқа узоқроқ жойга йўқотиб келишим учун менга пул ваъда қилгандилар, - деганди у “Фарғона.Ру” АА мухбирига суд қарори эълон қилинган куни. – Улар ўзларини қутқариб қолиш учун нима қилиб бўлса ҳам айбсиз кишиларни қамоққа тиқишни истайдилар. Аммо мен ҳақиқат қарор топишига эришаман ва исталган жойда [терговчиларга қарши] кўрсатмалар беравераман”.

Ҳозир Ёрқиной Мамажонова ва Ҳусанбой Режапов нимагадир ўз лавозимида қолаверган терговчилар хатти-ҳаракатлари юзасидан апелляцион шикоят аризасини берганлар. Асқаровга кўра, улар Мамажонова ва Режаповни ўз ҳамкасбларининг ишдан бўшатилишида айблашиб, уларга таҳдид қилмоқдалар. Собиқ судланувчиларнинг топталган ҳуқуқлари тикланишида уларга “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ҳуқуқшунослари ёрдам бераяптилар. Терговчиларнинг ўзи билан эса “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг мухбири боғланишга муваффақ бўлолмади.