16:44 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон саноат корхоналарида малакали мутахассисларга ўта муҳтожлик сезилмоқда

28.08.2007 11:00 msk

Қ. Нордонов

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кузатилаётганидек, Фарғона вилоятида ҳам Мустақиллик байрамига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, мустақилликнинг ўн олтинчи санасида республика саноат корхоналарида малакали мутахассисларга ўта муҳтожлик сезилмоқда. Уларни Россия ва узоқ хорижга кетиб қолишдан тўхтатиш муаммоси аввалда бўлганидек ҳозир ҳам долзарблигича қолмоқда.

Мамлакат расмий ахборот агентлиги бўлган “ЎзА”нинг хабар қилишича, бир неча кун аввал Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида “Техник ва бадиий ижодиёт” фестивали ўтказилган. Унда мазкур корхонада мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, завод жамоасининг янги кашфиёт ва ихтиролари, бадиий ижод намуналари намойиш этилган.

“Мустақиллик биз учун улкан имкониятлар очди”, – дея иқтибос келтиради агентлик завод директори ўринбосари Алишер Ғофуров сўзларидан. – “Ишлаб чиқариш қуввати кенгайиб, маҳсулот сифати яхшиланди. Энг муҳими, ишчи-ходимларимизнинг кайфияти баланд. Улар истиқлол шарофати билан амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшаётганларидан фахрланадилар”. Бироқ ҳукумат матбуотининг кўтаринки руҳда айтилган гаплари қабатида корхонадаги вазият кишини унча хурсанд қиладиган ҳолатда эмаслигича қолмоқда.

Аслида, сўнгги икки-уч йил ичида бир пайтлар илғор бўлган Фарғона вилоят НҚИЗдаги аҳвол анча ўнгланди. 2003 йилда нефть заводи ишчилари бир неча ойлаб маош ололмагандилар, ҳатто иш ташлашга ҳаракат қилгандилар. Йирик корхонанинг тўхтаб қолиши ва шундан келиб чиққан ҳолда, вилоят ва соҳа учун етказилган катта зарар жам бўлиб энг юқори даражада текширув бошланишига сабаб бўлганди: иш билан Бош прокуратура ва МХХ шуғуллана бошлаганди. Бунинг натижаси ўлароқ завод раҳбарияти жиноий таъқибга учраган ва пировардида заводнинг айрим раҳбарлари алмаштирилганди.

Бадхоҳлар заводдаги вазиятнинг чегарага келиб қолиши сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг энг муҳим активларига эга бўлиб олган мамлакат президенти қизи Гулнора Каримованинг иши экани ҳақида шивирлай бошлагандилар. Шунга қарамай, аввал завод раҳбарияти, кейин эса ФНҚИЗ хўжайинлари алмашганидан сўнг ишчиларга маошни мунтазам равишда тўлай бошлаганлар.

Нима бўлганда ҳам, бугунги кунда ФНҚИЗ Фарғона вилоятидаги энг самарали ишлаётган корхоналардан бири бўлиб турибди. Фарғонанинг Қиргули посёлкасида жойлашган завод совет замонида энг муҳим корхоналардан бири эди. Заводда ишнинг кўплиги ва унинг маҳсулотига бўлган талаб катталиги туфайли сўнгги йилларда корхонада ойлик маош бетўхтов ўсиб борган ва ўртача 150 минг сўмга (қарийб 130 АҚШ доллари) етган. Ўзбекистоннинг чекка жойлари учун бу анча юқори кўрсаткичдир. Бироқ нисбатан юқори бўлган ойликлар ФНҚИЗ муҳандис-техник ходимлари асосий қисмини ташкил қилувчи русийзабон аҳолининг тобора ўсиб бораётган миграцион кайфиятига таъсир қилаётгани йўқ. Шу билан боғлиқ равишда корхона раҳбарияти ўз касбининг усталари бўлган кишиларни ўз иш ўринларида қолдириш учун жон-жаҳдлари билан уринмоқдалар. Дейлик, жорий йилнинг август ойи ўрталарида завод дирекцияси жиҳозларни созловчилар, муҳандис-механиклар ва бошқа тоифадаги ходимлар ойлик маошини икки-уч баробар – 300 минг сўмгача (тақрибан 260 АҚШ доллари) оширишни ваъда қилган.

Ўзбекистоннинг амалдаги ишлаб чиқариш корхоналарида юзага келган мутахассислар етишмаслиги СССР республикалари “маданий ажрашуви”дан кейин мамлакат “тарихий ватан”ларига қайтиб кетган турли касбда ишловчи юз минглаб мутахассисларни йўқотибгина қолмай, балки олий ва махсус таълим беришнинг самарали тизимини ҳали-ҳануз охиригача йўлга қўёлмагани билан ҳам мураккаблашмоқда.

Ўзбекистонда қудратли иқтисодий ўсиш ҳозирча кузатилмаётганига қарамай, республикадаги айрим корхоналар қайта тикланаяпти ва ишлаб чиқариш даражаси бўйича совет давридаги кўрсаткичларга яқинлашмоқда. Сўнгги пайтларда мамлакатга йирик сармоялар ётқизиш бўйича хориждан ёғилаётган ваъдалар “катта иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мутахассислар қаердан олинади?” деган муқаррар саволни юзага келтиради.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик шартномаси имзоланганидан бироз ўтгач, Ўрта Осиё республикаси шаҳарларию жавонибида бузилган мустақил иқтисодиётни кўтариш учун ҳали-замон Россиядан “мамлакатга уч юз минг” (!) мутахассис келиб қолиши ҳақида миш-миш тарқалганди. Бу гўлларча романтик миш-мишдан бошқа нарса эмасди: Россиянинг ўзи ҳам юқори малакали ишчи кучига муҳтож, у Ўзбекистонни муҳандис ва монтажчилар билан таъминлаш иқтидорига эга эмас. 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган воқеалардан кейин Ўзбекистон эшиклари ланг очилган россиялик йирик сармоядорлар ҳам юқори малакали ишчи кучи танқислигига дуч келиб турибдилар. Буларнинг ҳаммаси мамлакатда, айниқса, қишлоқ жойларда ишсизлик даражаси ўта юқори бўлиши қабатида кечмоқда. Дейлик, Ўзбекистонда газ қидириш ва қазиб олиш билан шуғулланаётган ЛУКОЙЛ ширкати бўлинмалари иш бошлашдан аввал республикада пайвандчилар, монтажчилар, ҳайдовчилар ва бошқа мутахассисликлар бўйича ўз курсларини очишга мажбур бўлгандилар. Сармоядор маҳаллий аҳоли ичидан чиққан ишчиларни ўқитиш учун анчагина маблағ сарфлашига тўғри келиши тушунарли, албатта.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида аҳолининг тобора кўпайиб бораётгани муаммоси қўшни мамлакатларга мардикор экспорт қилиш йўли билан ҳал қилинмоқда. Ривожланган қўшнилар ва бошқа ҳар қандай чет эллик сармоядорлар, ўз навбатида, Ўзбекистон учун юқорироқ малакадаги мутахассисларни тайёрлаш муаммосини ўз зиммаларига олишларига тўғри келади.



 

Реклама