14:57 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Нима учун Самарқанднинг 2750 йиллиги нишонланмоқда?

27.08.2007 11:48 msk

Максим Исаев

Шу кунларда Самарқандда шаҳарнинг 2750 йиллигига бағишланган тадбирлар авжига чиққан. 25 август куни Регистон майдонида тантанали маросим бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, ўша куни очилган “Шарқ тароналари” олтинчи халқаро анжуманининг меҳмонлари ва танлов иштирокчилари қатнашдилар. Театрлаштирилган томошада кўҳна шаҳарнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида бадиий лавҳалар намойиш этилди.

Самарқанд юбилейи фақат Ўзбекистондагина эмас, балки бутун дунёда шов-шувли воқеалардан бирига айланди. Кўҳна шаҳар тарихига қизиқиш жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидаги шарқшунос олимлар ўртасида бошқатдан кучая бошлади. Бугунги кунда Самарқанднинг бу ёшга ўзининг бой биографияси билан қандай келганини эслаш ўринли. Биз бу ишни “Афросиёб” музейининг директори, тарих фанлари номзоди Самариддин Мустафоқулов билан биргаликда амалга оширишга уриндик.

Фарғона.Ру: - Самариддин ака, ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида Самарқанд ўзининг 2500 йиллик юбилейини расман нишонлаганди. Орадан ўттиз йил ўтгач, энди халқаро миқёсда ва кенг кўламда қадим шаҳарнинг 2750 йиллиги нишонланмоқда. Шу билан боғлиқ равишда икки юз йилдан кўпроқ муддат ташвиқий ва мафкуравий мулоҳазалардан келиб чиқилган ҳолда “қўшиб қўйилган”, деган фикрлар айтилганди...

С. Мустафоқулов: - Самарқандга 2500 йилдан ошгани ҳақидаги фараз ва тахминлар олимлар томонидан ўтган асрнинг ўрталаридаёқ олға сурилганди. Археологларнинг айрим топилмалари бунақа тахминлар учун асос берарди. Бироқ уларни исботлаш учун ўша пайтда археологик материаллар етишмасди, максимал даражадаги хронологик таҳлил учун имконият ва методика йўқ эди.

Бу вазият қарийб 1997 йилгача сақланиб қолди. Бу пайтга келиб кўҳна шаҳарда юзлаб янги фрагментлар топилди ва халқаро ҳамкорлик туфайли Самарқанд кўпчилик томонидан қабул қилинган ёшидан каттароқ эканини исбот қилиш имконияти пайдо бўлди. Бироқ олимлар шошқалоқлик қилмадилар ва Самарқанднинг ёшини янада ишончлироқ белгилашга имкон берувчи далил-дастакларни қидиришда давом этдилар. Уларнинг саъй-ҳакаратлари бесамар кетмади. Хусусан, сўнгги йилларда Афросиёб харобаларида олиб борилган қазиш ишлари чоғида шаҳар девори асосининг чуқур жойида насроний эрасидан аввалги VIII аср охири VII аср бошларига оид шаклсиз ғиштлар (гувалалар) топилган. Пойдевор пастки қисмининг кенглиги беш-етти метрга етган. Бу ва бошқа фактлар бу даврда мазкур жойда вақтинча туриладиган қишлоқ эмас, балки шаҳар бўлганини тахмин қилиш учун етарлича асос беради. Агар шундай бўлмаса, бунақа зўр мудофаа қўрғони нимага керак эди? Ўша даврга оид бўлган идиш-товоқ парчалари, катта ҳажмдаги хўжалик идишлари, кулолчилик намуналари бунга қўшимча дадил бўлди. Топилмалар Францияга юборилди, у ерда ашёлар радиокарбон анализдан ўтказилди ва мазкур анализ натижалари Самарқанд 2700-2800 ёшда, деган хулоса чиқаришга имкон берди. Эътибор қилинг, 1997 йилда олимлар Самарқандга 2750 йил бўлган, дея расман эълон қилишга тайёр бўлганларидан кейин яна ўн йил тадқиқотлар ўтказилди.

Кўриб турганимиздек, Самарқанд ўз юбилейига туйқусдан келиб қолмаган экан. Бу бир неча авлод олимларининг бир неча ўн йилликлар давомида тиришқоқлик билан амалга оширган иши ҳосиласидир. Археологларнинг Самарқанд ёши юзасидан олиб борган тадқиқотларининг натижалари бугунги кунда жаҳонда ҳеч кимда шубҳа уйғотаётгани йўқ. Қўҳна шаҳар юбилейининг ЮНЕСКО каби обрўли халқаро ташкилот раҳбарлигида ўтказилаётгани ҳам ана шундан далолат беради.

Фарғона.Ру: - Орадан бир мунча вақт ўтгач, Самарқанд ҳозир белгиланганидан ҳам каттароқ ёшда экани аниқланиши мумкинми?

С. Мустафоқулов: - Буни истисно қилиб бўлмайди. Масалан, Афросиёб харобаларидаги қазиш ишлари ҳали ҳам давом этаяпти. Ернинг маданийлашган қатлами бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра 20-25 метрни ташкил этади. Археологлар қатламнинг энг тубига ҳали етиб борганлари йўқ. Самарқанднинг қадим замини яна қандай сирларни яшириб ётганини ким билади дейсиз. Шунинг учун ҳам “Шарқ дурдонаси”нинг ёши ҳақидаги масалага нуқта қўйилди, деб айтиш анча шошқалоқлик бўларди.