06:26 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Статистика маълумотларига кўра, қирғизлар сони ошиб бормоқда. Бошқа миллат вакиллари бунга шубҳа билан қарайдилар

24.08.2007 20:57 msk

Фарғона.Ру

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, асосий миллат вакиллари сони сўнгги тўрт йил мобайнида қарийб етти фоизга ошган. Натижада мамлакатда қирғизларнинг солиштирма нисбати 67 фоиздан (2003 йил) 69 фоизга (2007 йил) ошган. Бироқ бу маълумотлар бошқа миллат вакилларида шубҳа туғдирмоқда.

Қирғизлардан ташқари, республика Миллий статистика қўмитасининг таъкидлашича, мамлакатда ўзбеклар, дунгонлар ва озарбайжонлар сони олти фоизга, тожиклар сони беш фоизга, турклар ва уйғурлар сони тўрт фоизга ошган. Мамлакат аҳолисининг табиий ўсиши сўнгги беш йил ичида тўрт фоизни ташкил қилган, аҳолининг умумий миқдори 5,2 миллиондан ошиб кетган.

Қайд этиш жоизки, мамлакат мустақилликка эришгунига қадар қирғизларнинг солиштирма нисбати эллик фоиздан кўп эмасди, кейин эса у шитоб билан ўса бошлаган. Қирғизистон мустақиллигининг дастлабки йилларида русийзабон аҳолининг кўчиб кетиши мамлакатнинг демографик харитасига жиддий таъсир кўрсатган. Бошқа миллат вакиллари сонининг кейинги камайиши, ҳақиқий аҳвол атайлаб бузиб кўрсатилаётгани туфайли, фақат қоғоздагина содир бўлмоқда, деб ҳисоблайдилар асосий бўлмаган миллат лидерлари. Бироқ улар “миллатчилар ифлос сиёсати янги тўлқинининг бошланишига сабаб бўлмаслиги учун” бу ҳақда очиқ гапиришни хуш кўрмайдилар. Ўз номи ошкор қилинмаслигини сўраган славян диаспораси лидерларидан бирининг фикрича, расмийлар бошқа миллат вакиллари миқдори бўйича кўрсаткичларни атайлаб камайтириб кўрсатмоқдалар. “Тўқсонинчи йилларда ҳақиқатан ҳам қирғизларнинг солиштирма нисбати этник россияликлар сонининг қисқариши ҳисобига кескин ошиб кетганди, - деб ҳисоблайди у. – Аммо эндиликда бунинг акси бўлиб чиқаяпти – қирғизлар кетиб қолаяптилар. Туғилиш эса ўзбеклар ва уйғурларда анча юқори”.

Ўз номи ошкор қилинмаслигини истаган ўзбек жамоатчилиги лидерларидан бирининг фикрича, “статистика, ҳар доимгидек, алдаяпти”. “Мамлакатда қирғизлар орасида туғилиш мунтазам равишда пасайиб бораётгани жуда яхши маълум”, - дейди аноним суҳбатдошимиз. – Бу нарса қирғизлар ҳозирда кўчиб келаётган шаҳарларда яхшироқ кўзга ташланади. Мен буни яхши деб айтолмайман, аммо ўзбеклар орасида туғилиш ҳали-ҳамон нисбатан юқорилигича қолмоқда”. Суҳбатдошимизга кўра, бошқа миллат лидерлари Миллий статистика қўмитаси асосий миллат мақомини кўтариш учун қирғизлар сонини атайлаб “ошириб юборган”, деб ўйлашга мойиллар.

Ҳозирги пайтда Қирғизистонда саксондан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қиладилар. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, қирғизлар аҳолининг олтмиш тўққиз фоизини, ўзбеклар ўн тўрт фоизини, руслар тўққиз фоизини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, ўзбеклар ўзларини миллионга яқин, деб ҳисоблайдилар, бу эса аҳолининг қарийб йигирма фоизини ташкил этади. Турли маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Қирғизистон хорижида саккиз юз мингдан бир миллионгача қирғизистонлик меҳнат қилмоқда. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги Россия Федерацияси фуқаролигини олганлар.