23:33 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон таълим вазирлиги қарори ўқитувчиларнинг иш ташлашига сабаб бўлиши мумкин

23.08.2007 21:50 msk

Амир Сулаймон

“Фарғона.Ру” аввал > хабар қилганидек

Янги буйруқ билан янги ўқув йили арафасига келибгина танишишга муваффақ бўлган ўқитувчилар бонг ура бошладилар. Ўш шаҳридаги 47-мактаб директори Аъзамжон Абдураззоқовга кўра, вазирликнинг бу буйруғи нотўғри, чунки ўз она тили бўйича соатларни қисқартириш ҳисобига бошқа тилни ўргатиш билан шуғулланиш ярамайди. “Совет даврида тил ўқитишга нисбатан анча эркинлик бор эди, - дейди Аъзамжон Абдураззоқов. – Ўша пайтларда рус тилини ўрганиш зарур эди, ҳозир эса давлат тилини ўрганиш керак, лекин давлат тилини бу йўл билан ўргатиб бўлмайди”.

Ўзбек гуманитар-педагогика институти (ЎГПИ) директори Равшанбек Турсуновнинг фикрича, республика таълим вазирлиги ўз буйруғини қайта кўриб чиқиши керак. Умуман олганда, бунақа ножўя қарор мазкур вазирликдан чиққан ягона “дурдона” эмас. Масалан, бу йил таълим вазирлиги ЎГПИ абитуриентлари учун биронта ҳам бюджет ўрин ажратмаган.

“Мен мазкур масала бўйича шахсан ўзим Бишкекка бориб келдим, - дейди Равшанбек Турсунов. – Вазир “ҳаммасига ЎшДУ ректорати айбдор, ўшалар сизларга ўрин ажратмаганлар”, дейди. Ректоратимиздагилар эса бунинг аксини айтаяптилар. Шу тариқа, биз бу йил бюджет гуруҳларисиз қолдик, ваҳоланки факультетимиз очилганига йигирма йил бўлди”.

Аснода Қирғизистон таълим вазири Қанибек Ўсмўналиев унда турли-туман буйруқлар жуда кўплигини ва айни пайтда телефон орқали жавоб беришга вақти йўқлигини билдириб, мазкур масала юзасидан “Фарғона.Ру” мухбирига изоҳ беришдан бош тортди. “Сиз менга ёзма равишда мурожаат қилинг, кейин биз ёзма равишда жавоб берамиз. Лекин қачон жавоб беришимиз номаълум”, - дея билдирди республиканинг бош педагоги. Агар Қирғизистон ОАВ тўғрисидаги Қонунига риоя қилинадиган бўлса, жавобни бир ой кутишга тўғри келади.

Бу орада Ўш шаҳри ва Ўш вилоятидан бўлган бир гуруҳ ўқитувчилар ўзбек тили ва адабиёти бўйича олиб қўйилган соатларни мактабга қайтаришга ёрдам бериш илтимоси билан ўзбек миллий-маданий марказларига мурожаат қилдилар. Ўш вилоят Ўзбеклар жамиятининг раиси ва Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Даврон Собиров бу масалани тегишли равишда ҳал қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, мактаб ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-оналари билан бирга Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевга тегишли мурожаатнома йўлладилар.

“DIKE” юридик маслаҳатхонаси раҳбари ва Ўш шаҳар кенгашининг депутати Ҳотамжон Ёқубов ҳам 347/1-сонли буйруқ таълим вазирлиги томонидан чиқарилган буйруқлар ичида энг бемаъниси бўлган, деб ҳисоблайди. “Вазирлигимиз Қирғизистон Конституцияси ва халқаро меъёрий ҳужжатларга тупуриб қўйибди, - дея билдирди Ҳ. Ёқубов. – Эслатиб ўтаман, Қирғизистон Конституциясининг 5-моддасида қуйидагича ёзилган: “Қирғизистон Республикаси Қирғизистон халқини ташкил этувчи барча миллат вакилларига ўз она тилини сақлаб қолиш ҳуқуқини, уни ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди”. Вазирлик эса фарзандларимизни она тили ва адабиёти дастурини тўла ўзлаштириш имкониятидан маҳрум қилаяпти ва ўз навбатида, ўзбек миллати ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаяпти. Вазирлик ўзининг шошқалоқлик билан чиқарилган буйруғини қайта кўриб чиқиб, ҳамма нарсани ўз жойига қайтариши шарт”.

Аммо ҳамма педагоглар ҳам Таълим вазирлигининг мазкур буйруғига нисбатан салбий муносабатда эмаслар. Боз устига, Ўш вилоят таълим бўлимининг бош мутахассиси Гулмира Турдубаева вазирликка бу тахлит буйруқ чиқаришда айнан унинг муассасаси ёрдам берганини, чунки мактабларда қирғиз тили соатлари миқдорини кўпайтириш илтимоси билан уларга Ўш вилоятидаги қирғизча бўлмаган мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарининг ўзлари мурожаат қилганларини таъкидлайди. “Бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ, - дея таъкидлайди Г. Турдубаева. – Бизга Аравон, Ўзган, Новқат туманларининг ўқитувчилари мурожаат қилдилар, биз уларнинг илтимосини вазирликка ёзган хатимизда баён қилдик, кейин вазирлик ана шундай буйруқ чиқарди”. Аснода ўқитувчилар ва ота-оналарнинг мурожаатида қирғиз тили ва адабиёти бўйича дарсларни қайси фанлар соатларини қисқартириш ҳисобига кўпайтириш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, бунинг она тили зарарига амалга ошишини эса улар мутлақо назарда тутмаган бўлсалар керак.

Ўттиз йиллик иш стажига эга бўлган новқатлик ўқитувчи Қамчибек Ўрўзбаев давлат тилини ўқувчилар учун она тили бўлган тил бўйича дарсларни қисқартириш ҳисобига ўргатиб бўлмаслигига ишончи комил. “Агар мени ҳурмат қилишларини истасам, мен ўзим ўзгаларни ҳурмат қилишим шарт. Таълим вазирлигининг қарори билан биз ўз тилимиз ва маданиятимизнинг ўргатилишига эришолмаймиз, аксинча, бошқа миллат ва халқларда тилимизга нисбатан нафрат уйғотамиз, - дея ўртоқлашади ўз хавотирлари билан Қ. Ўрўзбаев. – Бу ўта аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Аммо мен Қурманбек Бакиев ўзбек ва тожик мактабларида қирғиз тилини ўргатиш билан боғлиқ масалани ҳал қилиб беради, деб ўйлайман”.

Аснода ўшлик ўқитувчиларнинг мазкур масала юзасидан қарорлари қатъий. “Агар Бакиев бу масалани ҳал қилиб, соатларимизни қайтариб олиб бермаса, биринчи сентябрь куни биз иш ташлаш эълон қилишга мажбур бўламиз”, - дейдилар ўқитувчилар алам билан.