21:22 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: турғунлик ва мубҳамлик

23.08.2007 16:24 msk

Фарғона.Ру

Reuters фотоси

Халқаро бўҳронлар гуруҳининг (International Crisis Group) “Ўзбекистон: турғунлик ва мубҳамлик” (Uzbekistan: Stagnation and Uncertainty) дея номланган сўнгги ҳисоботида Андижон воқеаларидан икки йил ўтгач, Ўзбекистон ўзи ва бутун минтақа учун жиддий хавф туғдирадиган мамлакатлигича қолаётгани айтилган.

69 ёшли Каримовнинг президентлик муддати жорий йилнинг январь ойида тугаган, аммо у кетишга ҳозирланаётганига ҳатто ишора ҳам қилиб қўяётгани йўқ. Унинг тайинли вориси йўқ ва ҳокимиятни топшириш жараёни ҳам белгилаб қўйилган эмас. Шу важдан ҳам ҳокимият учун бўлажак кураш ўта аёвсиз бўлиши мумкин. Инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазият ҳаддан зиёд оғир; иқтисодиёт устидан қаттиқ назорат ўрнатилганлиги сармоядорларни қочираяпти ва аҳоли қашшоқлашувини кучайтирмоқда. Каримов режими тобора кучайиб бораётган истибдодни оқлаш учун “террорчиликка қарши уруш” атамасидан фойдаланмоқда, аммо қатағонлар мухолифатни радикаллашувига сабаб бўлиши ва келажакда муҳтамал хавф-хатарни кучайтириб юбориши мумкин.

“Сиёсий саҳнада мубҳамлик ҳукмронлик қилмоқда. Аҳолининг лоқайдлиги режимни қўллаб-қувватлаётганликни эмас, балки кўпроқ қўрқув ва умидсизликни акс эттиради”, дея қайд этади Бўҳронлар гуруҳи Осиё дастурининг директори Роберт Темплер (Robert Templer). – “Хуш кўрмаслик ва аламзадалик кайфияти Каримов кетганидан кейин жиддий талотумнинг юзага келиш эҳтимолини кучайтиради ва бу бутун Ўрта Осиё минтақасига таъсир қилади”.

2005 йилнинг май ойида Андижондаги исённи бостириш чоғида ҳукумат қўшинлари юзлаб тинч фуқароларни ўлдирганлар. ЕИ чекланган жазо чораларини киритган, бироқ бу тадбир воқеалар юзасидан халқаро текширув ўтказиш бўйича исталган натижани бермаган ҳамда ҳукумат сиёсатини юмшатолмаган. Амалдаги режим ғарблик танқидчиларни авраш учун фақат юзаки ҳаракатларни қилган бўлди, айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва сиёсий мухолифатни таъқиб қилиш давом этаверди. Юзлаб одамлар чет элларга кетишиб, бошпана сўрадилар, бироқ улар ўша ерларда ҳам Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан зўравонона репатриацияга (қочоқларни ўз ватанига қайтариш) дучор қилинмоқдалар.

Европа Иттифоқининг айрим аъзолари, масалан, Германия санкцияларни қайта кўриб чиқиш ва режим билан “битим” тузишни ёқлаб чиқмоқда. Бунинг ўрнига Европа Иттифоқи жазо чоралари олиб ташланиши учун Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин ёпиб қўйилган ноҳукумат ташкилотларининг қайта рўйхатдан ўтказилишига рухсат бериш ҳамда журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатиш каби қатор талабларни бажариши лозимлиги юзасидан ўз позициясини аниқ белгилаб олиши керак. Халқаро қизил хоч жамияти барча ҳибсхоналарга чекловларсиз кириш имкониятига эга бўлиши ҳамда БМТ ёки ЕХҲТ қўлловида мустақил гуруҳ томонидан Андижон воқеалари юзасидан текширув ўтказишига рухсат олиниши лозим.

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқ бўлиши, мамлакатга кираётган ва мамлакатдан чиқаётган ахборот оқимининг эркин бўлиши устида ишлаши керак. Ўзбекистонлик қочоқлар ва меҳнат муҳожирлари исломий радикаллар учун тузоғига осонгина тушиб қолмасликлари учун уларга ёрдам кўрсатиш жоиз. Чет элда таълим олиш рағбатлантирилмоғи зарур. Ўзбекистон қўшнилари келажакда Ўзбекистон ичидаги ғалаёнлар ортидан юзага келиши мумкин бўлган муҳтамал туб ўзгаришларга бас кела олишлари учун уларга ёрдам бериш зарур. Шунингдек, халқаро ҳамжамият Каримов режимининг чет элдаги активига ҳужумлар уюштириш баробарида унинг жинояткорона сажияси билан шижоатли кураш олиб бориши лозим.

“Андижон воқеалари Ғарбнинг клептократик, репрессив режим билан кўп йиллик “келишувлар”и самарасиз бўлишини кўрсатди”, - дейди Бўҳронлар гуруҳининг Европа бўйича вице-президенти Алан Делетроз (Alain Délétroz). “Ташқи агентлар ҳозирги пайтда Ўзбекистон ичкарисида содир бўлаётган воқеаларга таъсир ўтказиш учун жуда кам иш қила оладилар, аммо мамлакатнинг оддий фуқароларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилари Каримов сиёсий саҳнадан бутунлай кетганидан кейин келажакда содир бўлиш эҳтимоли катта бўлган ғалаёнлар ва туб ўзгаришларга бас кела олишлари учун уларга ёрдам бериш керак”, - дейилади Халқаро бўҳронлар гуруҳи ҳисоботида (Uzbekistan: Stagnation and Uncertainty).

© “Фарғона.Ру” АА таржимаси