14:48 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Назарбоев киритган тузатиш

23.08.2007 14:23 msk

Дмитрий Агнин

Қозоғистондаги сайловларда иштирок этган ЕХҲТ кузатувчилардан бири ҳақли равишда эътироф этганидек, дунёда парламенти бир партияли бўлган демократик мамлакат йўқ. Ҳақиқатан ҳам бунақа мамлакат йўқ. Демократиянинг китобий мантиғига мувофиқ парламент бир-биридан аранг фарқланадиган ранглар жилваси учун эмас, балки турфа ранглар жилоси учун мавжуд, шу нуқтаи назардан бир партияли парламент СССР Олий Кенгашидаги ишчи-деҳқон демократияси каби нонсенсдир.

Бироқ мазкур эслатма қиймати унинг мантиқийлигини оддий инверсия йўли билан текширишга уриниш чоғида бир қадар пасаяди. Бир партияли демократик мамлакатлар бўлмайди, аммо парламентда бир неча партиянинг бўлиши бу мамлакатни демократик давлатга айлантириб қўя оладими? Бунга бериладиган жавоб қозоғистонлик расмийларнинг жаҳонга бу қадар журъатли сайлов натижаларини тақдим этиш қарори каби жўн ва соддадир: йўқ, айлантириб қўя олмайди. Шаклан Бутунхитой халқ вакиллари йиғини ҳам кўп партияли, социалистик Польша ва ГДРда ҳам кўп партиялилик бўлган. Аммо бу мисолларнинг ҳаммаси нотўғри, албатта: ҳозир давр бошқа, қарашлар бошқа. Бутун постсовет кенгликларида ғалаба қилган демократия стандарти бор бўлган пайтда кавлаштириб ўтиришнинг нима кераги бор?

Бу стандартга мувофиқ демократия тўлалигича маросим шаклида мавжуд бўлиши, у турли хил мўътабар декларацияларда белгиланган барча зарур нарсаларни (шу жумладан, кўппартиялиликни ҳам) ўз ичига олиши мумкин. Бунақа демократиялар, ҳайтовур, айрим қарама-қаршиликлардан ҳам хижолат чекиб ўтирмайдилар, шу сабабли ўзларини очиқдан-очиқ мустақил деб атайдилар. Ўзларини ҳатто мухолифат деб аташлари мумкин бўлган партиялар мазкур маросимни бажаришда бажонидил иштирок этадилар.

Демократиянинг бунақа шакли жорий бўлган жойда яшаётган кишилар “Ақ жўл” Назарбоевга ҳам, бошқа парламент аъзоларига ҳам аллақачон ва узоқ муддатга пишитиб қўйилган ишни ҳаётга татбиқ этишга мутлақо ҳалақит бермаганини жуда яхши тушунадилар.

Мухолифат ҳокимиятга ён босувчи айёр сиёсий технологлар ёрдами билан ўзи учун озми-кўпми қулай бўлган тахминларни рад этдими-йўқми ёки шунчаки вазифа жўнгина орттириб адо этилдими – буниси муҳим эмас. Тахмин қилиш жоизки, охирги ҳолатда бу хатони тузатиш учун расмийларда етарлича вақт бор эди. Муҳими, мабодо бу хато бўлган бўлса ҳам, расмийлар жаҳонга президент партиясини қўллаб-қувватлаш қанақа бўлишини кўрсатиб, уни принципиал хато деб ҳисобламаганидир.

Бу, ҳойнаҳой, постсовет доҳийлари томонидан ёзилмиш постсовет демократиясига киритилган фавқулодда муҳим тузатиш – Назарбоев тузатишидир: у маросимга риоя қилиш мутлақо шарт эмаслигида аксланади. Ҳамроҳлар ёки мухолифатсимон партиялар бундан буён керак эмас. Муҳими процедура, у бўлса тўлалигича амалга оширилди.

Қозоғистонда ҳамма нимани ва қанча кутиш лозимлигини жуда яхши тушунади. Боз устига, ҳар қандай ақли жойида бўлган сиёсатчи ҳозир Назарбоевни мағлуб қилиш нафақат мумкин эмаслиги, балки зарарли ҳам бўлиши юзасидан ўзига ҳисоб бермаса бўлмайди.

Кўп йиллардан бери ўтиш давридек кўринган вазиятни бошқариш учун Назарбоев бўлиш керак. Умуман олганда, президентнинг сайловларда қарийб юз фоизлик муваффақияти умумхалқ ҳамжиҳатлиги ва муросасозлигига жуда ўхшайди. Ва агар “бутун конституциявий ислоҳот Назарбоев томонидан муҳтамал ворисларга бемалол юравериш юзасидан белги ўлароқ уюштирилган”, дея тахмин қилувчи таҳлилчилар ҳақ бўлсалар, ворислар эътироз билдиришга унчалик ҳам мойил эмаслар: ҳозирнинг ўзида иш бошлашга ҳеч ким тайёр эмас. Афтидан, Европадек узоқ юртларда юрган Рохат Алиев буни тушунмаган кўринади.

Бунақа вазиятда ҳақиқатан ҳам маросим керак эмас. Парламентда мухолифат борми-йўқми – бунинг нима фарқи бор?

Шунинг учун ҳатто ЕХҲТ ҳам Қозоғистон сайловларининг ўзига хос хусусиятларига унча диққат билан қарагани йўқ. Унга кўра, сайлов тизими қай бир ўринда ривожланаяпти. Бундан буён сиёсий ислоҳот қандай анонс қилинишига қараб бунақа акс-садолар тобора ёқимлироқ бўлиб боради. МДҲдан бўлган кузатувчилар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Расмийлар, мухолифат, бўлажак даъвогарлар, Шарқ ва Ғарб каби барчанинг мисли кўрилмаган ҳамжиҳатлиги муҳитида маросимларга содиқ бўлиш асли ҳозирги пайтда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган сиёсий ригоризм белгиси бўлган бўларди. Бу беш йил мобайнида ўз иқтидорини намоён эта олиши мумкин кишига ҳокимиятни топширишнинг узоқ муддатли технологияси бўлиб чиқиши мумкин.