06:27 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: “Депрессив ҳолатдаги” шаҳарга ҳаёт бағишланди

22.08.2007 18:47 msk

Сергей Барановский (Қаратау)

Қозоғистоннинг бу шаҳрига киришда киши кўнглига урушдан кейинги пайтда бўладигандек кайфият ўрнашиб олади ва уни узоқ вақтгача тарк этмайди – ромлар бўшлиғи билан тубсиздай кўринадиган уйлар, шаҳарликларнинг хўмрайган юзлари, Лениннинг олиб ташланган, аммо шаҳардан ташқарига олиб чиқиб кетилмаган бюсти... Бу Жамбул вилоятининг Талас туманидаги “депрессив шаҳар” бўлган Қаратаудир. Унинг аҳолиси аллақачон бу ерни ташлаб, вилоят маркази бўлган Тороз шаҳрига кетиб қолган. Шаҳарда қолганлар эса у ёқ-бу ёқдан топилган пуллар билан зўрға кун кечиради ва ўз оғир турмушидан шикоят қилади.


Қаратау. Муаллиф фотоси

Қаратауда ёқимли бўлган нарса фақат турар-жойларнинг нархи бўлиб, уч юз АҚШ долларига бу ерда уч хонали уй сотиб олиш мумкин. Аммо сўнгги пайтларгача кўчмас мулкни сотиб оладиган одамнинг ўзи йўқ эди, чунки маҳаллий аҳолида бунақа “катта” пул йўқ эди, бунинг устига, жон асари кўринмаган ташландиқ уйда ҳеч ким яшагиси ҳам келмасди.

Аммо яқиндан бери уддабурон одамлар шаҳарда ижобий томонга ўзгаришлар бўлиб қолиши мумкинлигини сезиб қолдилар ва кўчмас мулкни сотиб ола бошладилар. Эндиликда бу ерда Қозоғистоннинг пойтахти Астанадан келган қандайдир тадбиркорлар Қаратауда бутун бошли мавзеларни сотиб олаётганлари ҳақида миш-мишлар юра бошлади.

Одамлар орасида юрган гап-сўзлар асоссиз эмас – маҳаллий расмийлар чиндан ҳам очиқ кимошди савдосида ўн иккита кўп қаватли уйларни қурилиш соҳасида ишловчи сармоядорларга сотишга муваффақ бўлганлар. Айни пайтда туман ҳокими Батирбек Кулекеев харидорлар олдига шарт қўйган: уйлар мутлақо бузиб ташланмаслиги, балки фақат тикланиши керак. Энди шаҳар ҳокимияти турар-жой жамғармаси инвентаризациясини ўтказаяпти. Йиғилган барча материаллар хонадоннинг эгасизлигини эътироф этиш учун судга ўтказиб берилаяпти. Шу тариқа, ҳозирги пайтга келиб ташлаб кетилган икки юзта квартира суд қарорига биноан коммунал мулкка ўтказилганлиги эътироф этилди. Яна бир ярим минг квартира юзасидан судга топшириш учун ҳужжат тайёрланаяпти. Қаратау шаҳрида авж олган қурилиш-таъмирлаш ишлари кишида катта таассурот қолдиради. Бу ерда ярим вайрона ҳолатдаги уйларни, эгалари томонидан ташлаб кетилган кўплаб квартираларни қайта тиклаш бўйича дастур фаоллик билан амалга оширилмоқда. Одамлар Қаратауда яшаш учун ҳатто қўшни республикалардан ҳам кўчиб келмоқдалар ва бузилган уйларни ўз кучлари билан тиклашга уринмоқдалар. Аммо уларнинг янги соҳиблари ҳаяжонга тушганлар. Уларни битта савол ташвишлантираяпти: агар қийинчилик йиллари ўз квартираларини қарзлари билан ташлаб кетган уйнинг аввалги эгалари қачонлардир ўзларига тегишли бўлган турар-жойга даъвогарлик қилиб қолсалар нима бўлади? Афсуски, бу саволга битта, қонуний асосга эга бўлган жавоб ҳозирча йўқ.