19:24 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Шарқнинг дадил қадами Ғарбни ларзага келтираяпти”. Чет эл матбуоти ШҲТ саммити ҳақида

20.08.2007 18:38 msk

Э. Қобулов тайёрлади

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарларининг 16 август куни Бишкекда бўлиб ўтган саммити Ғарб мамлакатлари раҳбарларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Матбуотдаги чиқишларга қараганда, умуман хавфсизлик муаммоси ва хусусан энергетика муаммоси кўпроқ ташвиш уйғотган. ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Қўшма Штатларсиз ҳам бемалол иш юритишлари мумкинлиги америкаликларни айниқса кўпроқ хавотирга солганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

Вашингтонда чиқувчи National Interest нашрининг муҳаррири Николас Гвоздев “Америка овози” радиостанцияси рус хизматининг “Объектив” телекўрсатувига берган интервьюсида Қўшма Штатлар ШҲТга аъзо мамлакатлар Марказий Осиё, Россия ва Хитойни ўз ичига олувчи ҳудудда террорчиликка қарши АҚШ ёрдамисиз ҳам кураша олишидек нохуш ҳодисага дуч келганини айтди. Гвоздев ўзи томонидан муҳаррирлик қилинадиган нашр саҳифаларида чоп этилмиш “Бишкек саммити ҳақидаги мулоҳазалар” мақоласида “саммит коммюникесида бир қутбли жаҳон тартиби тузишга уриниш хавфидан огоҳлантирув мавжуд бўлиб, бунинг Вашингтонга қаратилганига шак-шубҳа йўқ”, дея қайд этган.

France Press агентлиги “Россия, Хитой ва Марказий Осиё лидерлари ўз ҳарбий қувватларини кўз-кўз қилмоқдалар” мақоласида Россиянинг Челябинск вилоятидаги аксилтеррорчилик машқлари ШҲТнинг ҳарбий кучини Ғарбга намойиш қилишдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлайди. Француз ахборот агентлигига кўра, машқ сценарийси 2005 йилда Андижонда содир бўлган воқеаларга жуда ўхшаб кетади. “Франс-Пресс”нинг ёзишича, машқ шартларига биноан минглаб террорчилар ёки “исёнчилар” одамларни гаровга олишиб, чет элга чиқиб кетишга уринаётганлари ана шундай хулосани келтириб чиқаради.

International Herald Tribune газетаси “Россия ва ХХР иштирокида ўтган ҳарбий машқлар арафасида ёйинланган ва очиқдан-очиқ Қўшма Штатларга қаратилган баёнотда Россия, Хитой ва Эрон лидерлари ташқи дунёни ўз барқарорлиги ва хавфсизлиги ташвишини ўзи торта оладиган Марказий Осиёни ўз ҳолига қўйишни сўраганлар... Бу АҚШ учун стратегик жиҳатдан муҳим, энергетик заҳираларга бой минтақадан нарироқ юриш юзасидан очиқ огоҳлантириш эди... Путин юқори доирадаги учрашувда сўзлаган нутқида Қўшма Штатларни зикр этмади, аммо у “глобал ва минтақавий муаммоларни бир томонлама ҳал қилиш юзасидан ҳар қандай уриниш муваффақиятсизлик келтиради”, деди”, деб ёзган. Раис Ху эса Марказий Осиё хавфсизлиги масаласини минтақа давлатларининг ўзи ҳал қилишига қўйиб бериш яхшироқ бўлишини айтган. “ШҲТ мамлакатлари минтақа олдида турган хавф-хатар ҳақида аниқ тушунчага эга ва улар ўз хавфсизликларини мустақил равишда таъминлашлари керак”, - деди у”, деб ёзади International Herald Tribune.

Англияда чиқувчи Daily Telegraph газетасининг таъкидлашича, “Ғарб Марказий Осиёда ўз ҳозирлигини кучайтиришга зўр бериб уринмоқда, аммо унга таъсир ўтказиш учун курашда Россия ва Хитойдан ортда қола бошлади. Бу жараённи XIX асрда Буюк Британия ва Россия минтақа устидан назорат қилиш учун рақобатлашган, “Катта Ўйин” деб аталган жараён билан қиёсламоқдалар. Бироқ ШҲТ амбициялари янада кўламлироқдир. Ташкилотга Покистон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Эрон аъзо бўлиб кирмоқчилар. Президент Маҳмуд Аҳмадинажод саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Бу мақом Вашингтонни аламини қўзғатса керак. Агар Эрон ШҲТга аъзо бўлиб олса, Қўшма Штатларнинг ташвиши кўпаяди. НАТО ҳужжатларида кўрсатилганидек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шартномасида ҳам [ташкилотга] аъзо давлатлардан бирортасига ҳужум қилиш бошқа барча давлатларга ҳужум қилиш сифатида қаралади, дейилган. Демак, мабодо АҚШ Эронга бостириб киргудек бўлса, Россия ва Хитой бир бўлиб, унга қарши чиқиш эҳтимоли катта.

Wall Street Journal газетаси саммитга бағишланган ўз мақоласини “Марказий Осиё блоки АҚШдан нафратланади” деб номлаган. Мақола муаллифини, агар Эрон ШҲТга аъзо бўлиб кирмаган тақдирда ҳам, бу мамлакатнинг ташкилот билан тиғизроқ ҳамкорлиги ташвишга солган.

Марказий Осиё ва ШҲТга эътиборнинг катталиги Ғарбнинг энергетик манфаатлари билангина эмас, балки иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланаётган айрим Осиё давлатлари энергетик манфаатлари билан ҳам боғлиқ. Шу сабабдан минтақа энергия ташувчиларига эга бўлиш муаммоси хавфсизлик муаммоси билан тиғиз боғланиб қолди.

Покистонда чиқувчи DAWN газетаси ташқи ишлар вазири Хуршид Қасурийдан олинган интервьюни чоп қилган. Мазкур интервьюда вазир “Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилот билан тиғиз ҳамкорлик қилиши террорчиликни таг-томири билан йўқ қилишга ёрдам берган бўларди. Террорчиликка қарши кураш жабҳаси чизиғида бўлган чегара давлати сифатида биз ҳамон қурбонлар бераяпмиз. Бизнинг террорчилик ва экстремизмни бутунлай йўқ қилиш ниятимизда силжиш йўқ”, дея қайд этади.

Покистон ШҲТ ўз ҳамкорлигининг ривожланишида энергетикани устивор йўналиш ўлароқ билишидан қаноатланган, - дея давом этади Қасурий. “Ишлаб чиқарувчилар, истеъмолчилар ва транзит давлатлар манфаатларини уйғунлаштирароқ, биз бу соҳада чинакам структурани яратишимиз мумкин”, дейди у.