23:23 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистондаги парламент сайловларида яна мамлакат президенти ғалаба қозонди

20.08.2007 11:02 msk

Д. Кислов, Ф. Жоний

“Доимгидек бўлишини истагандилар, лекин ундан яхшироқ бўлиб чиқди”. “Чироқни ўчиринг, ҳаммангиз бўшсиз”. “Президентни ёқловчи партиянинг шарафсиз зафари”. “Отага туҳфа”. “Туяқбайни аҳмоқ қилишди”. “Яккаҳокимчилик билан табриклайман”. Маҳаллий веб-форумларга кирган оддий ташрифчилар Қозоғистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижалари юзасидан якшанба куни эрталабдан ана шундай шарҳлар қолдирганлар. Экспертлар ва таҳлилчилар эса сайлов натижалари республика президенти Нурсултон Назарбоевнинг позицияси мутлақо мустаҳкам эканини намойиш қилди, деб ҳисоблайдилар.

ОВОЗ БЕРИШНИНГ ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАРИ

“Нур Ўтан” - 88,05%

УСДП - 4,62%

“Ак жўл” - 3,27%

“Ауил” - 1,58%

Халқ коммунистлари - 1,31%

Қозоғистон ватанпарварлари партияси - 0,75%

“Руханият” - 0,41%

Сўнгги ҳафта мобайнида Қозоғистон сиёсий бомонди ўзлари учун энг асосий бўлиб кўринган масалани – парламентга сохта мухолифатни тамсил этувчи “Ақ жўл” учун йўл бериладими ёки ҳақиқий мухолифат ҳисобланмиз УСДП учунми, деган масалани муҳокама қилганди. Якшанба тонги социал-демократларнинг гўлларча ишончи ва кузатувчиларнинг шубҳаларини тарқатиб юборди. “Нур Ўтан” ҳокимият партиясидан ташқари биронта ҳам сиёсий куч етти фоизлик сайлов тўсиғидан ошиб ўтолмади. Назарбоевни ёқловчи “Нур Ўтан” эса икки йил аввалги давлат раҳбари сайловлари натижалар билан солиштирса бўладиган жуда юқори натижага эришди. Ўшанда Назарбоев сайловчиларнинг тўқсон бир фоиз овозига эга бўлганди. Бугун унинг мулозимларидан таркиб топган партия саксон саккиз фоиз овоз олишга муваффақ бўлдилар.

Сайлов натижалари бўйича биринчи шарҳни таниқли публицист ва сиёсатчи Петр Своик Zona.kz интернет газетасига берди. “Агар мен бу рақамларни бир ҳафта аввал айтганимда, мени “эси паст” деб атаган бўлардилар. Президент маъмурияти ЕХҲТ билан ҳисоблашиб ўтирмади, элита орасидаги кучларнинг ички тузилишига қарамади ва бир партияли парламент вариантини танлади. Афтидан, Нурсултон Назарбоев ўзи бошчилик қилаётган партияга тарихий арбобнинг шахсий обрўсини кўчирган, шунинг учун ҳам у парламент ложасини ҳеч ким билан бўлишмасликка қарор қилган кўринади”, - деб ҳисоблайди П. Своик.

Умуммиллий социал-демократик партияси (УСДП) етти фоизли тўсиқдан ўтолмаганига ишонмайди. Мамлакатнинг жанубий пойтахти бўлмиш Олмаотада сайловчилар ўта оз қатнашганларига қарамасдан, УСДП маълумотларига кўра, улар йигирма фоиздан кўпроқ овоз йиғолганлар. Социал-демократлар сайловларда кўплаб қонунбузарликлар ва ҳатто сайлов натижаларини сохталаштириш юзасидан қўлларида етарли далиллар борлигини аллақачон билдирдилар. Ҳойнаҳой, Умуммиллий социал-демократик партиясининг 25 август кунига белгиланган қурултойи бу масалалар юзасидан расмий ва якуний позициясини айтса керак.

“Одамларнинг чалғитиш учун” сохта мухолифат ролини ўйнаб бериши керак бўлган Алихон Байменовнинг “Ақ жўл” партиясини парламентга қўймаганлари маҳаллий таҳлилчиларни довдиратиб қўйди. Шанба куни кечқурун “иккинчи эшелон”даги бошқа партия лидерлари билан бирга республика марказий телеканалларида сўзга чиққан Алихан Байменов сайлов участкаларидаги тартибни ҳаяжон билан мақтаганди. Ўз партияси парламентга кирмай қолганини билганидан кейин унинг қандай баёнот беришини эшитиш қизиқ бўларди.

“Новости” РАА экспертлик кенгаши аъзоси Санобар Шерматова Қозоғистоннинг янги парламентини “Единая Россия” бошчилик қилаётган Россия Давлат думасига қиёслади. Эксперт Қозоғистондаги сиёсий тизим “яхшилаб тизиб чиқилган ҳокимият вертикали ва битта партия монополияси” бўлган ўз шимолий қўшниси сценарийсида кузатилган тартибда ривожланади, дея тахмин қилади.

Марказий Осиё бўйича эксперт, Москвадаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси А. Дубновга кўра, Назарбоев томонидан Қозоғистоннинг бутун сиёсий фазоси монополиялаштириб олиниши Европада бу мамлакатни 2009 йилда ЕХҲТга бошчилик қилиши мумкинлигини кўриб чиқилишини истисно этади.

“Назарбоев бунга унча қаттиқ ҳафа бўлмайди, чунки у бунга тайёр, деб ўйлайман. Бунинг устига, Владимир Путинга президентликнинг учинчи муддатига боришни таклиф қилгани ҳам уни Ғарбда қандай қабул қилишларининг Назарбоев учун мутлақо аҳамияти йўқлигини очиқ кўрсатиб турибди”, - деб ҳисоблайди эксперт.