11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Булат Абилов: “Бозор эркин бўлгани яхши, аммо оддий фуқароларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ўта муҳимдир”

19.08.2007 04:24 msk

Даниил Кислов

“Фарғона.Ру” АА фотоси

Қозоғистон Республикаси парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Мажилис сайловлари арафасида “Фарғона.Ру” АА бош муҳаррири Умуммиллий социал-демократик партиясининг (УСДП) бир неча лидерларидан интервью олди. Мамлакатдаги мухолифатнинг бу асосий кучи УСДП ва “Ҳақиқий Ақ жўл” демократик партиясининг бирикиши натижасида пайдо бўлган. Аввал “Ҳақиқий Ақ жўл” партиясига раислик қилган Булат Абилов депутатликка номзодини қўймаган, чунки 2006 йилнинг июль ойида ҳокимият вакилини хизмат вазифасини бажариб турган пайтида таҳқирлагани учун у уч йилга шартли равишда озодлиқдан маҳрум этилган. Шунга қарамай, умуммиллий социал-демократик партияси лидерларидан бири келажакка некбинлик билан боқади.

Фарғона.Ру: - Булат, бозор ислоҳоти тарафдори ва аввал ўнг марказчи партия лидери бўлган одам қандай қилиб социал-демократ бўлиб қолдингиз?

Булат Абилов: - Албатта, мен либерал қадриятлар ва эркин тадбиркорлик руҳини ёқловчи одамман. Мен учун 80-йиллар охири ва 90-йиллар боши қўлимдан келган ишларни амалга ошира олишим мумкинлигини англанган пайт бўлди. У даврларда иқтисодий майдон очиқ эди ва мен борлиғим билан бизнесга шўнғиб кетгандим. Аммо ҳар доим ичимда мамлакатда кўп нарса нотўғри қилинаётгани юзасидан безовталик бор эди, биз бир мамлакатдан ва бир тизимдан бошқасига ўтарканмиз, кўплаб яхши нарсаларни йўқотиб қўйдик, унча яхши нарсаларни жорий қилолмадик. Нафсиламрини айтганда, доим халққа ичим ачирди. Мен ўзим ҳам сезаман, бирга бизнес қиладиган дўстларим ҳам: “Булат, сен албатта тадбиркорсан, аммо сен кўпроқ фуқаросан ва сенда адолат учун курашиш салоҳияти бор, сен ўз атрофингдаги нарсаларгина эмас, бошқа кўпчилик атрофидаги нарсаларнинг ҳам ўзгаришини истайсан”, дейишади.

Барибир ҳамма пулни йиғиштириб ололмайсиз. Мен доим одамлар учун катта ишлар қилишни истаганман. Бозор эркин бўлгани яхши, аммо оддий фуқароларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ўта муҳимдир. Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, одамлар Булат кўмак беришини билишиб, менинг олдимга доим ёрдам сўраб келиб турганлар ва ҳозир ҳам келаяптилар. Шунинг учун ҳам менда шахснинг иккига ажралиши жараёни кечмади, мен ҳеч қандай ноқулайлик сезмаганман ва ҳозир ҳам сезмаяпман. Бугунги кундаги социал-демократлар – булар, асосан, бозор ислоҳоти тарафдорларидир. Англиядаги лейбористларнинг янги, “учинчи” йўлига қаранг – улар ислоҳотлар шарофати билан иқтисодиётни ҳақиқатан ҳам кўтара олдилар ва фуқароларни кучли ижтимоий ҳимоя билан таъминладилар. Ҳаётда ҳам, сиёсатда ҳам ҳар доим қанақадир мувозанатни топиш керак.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Фарғона.Ру: - Марҳамат қилиб, таниқли бир сиёсатшуноснинг: “Мухолифат “биз ҳам расмийлар нима қилаётган бўлсалар, шуни қиламиз, фақат тақсимотни ўзимиз амалга оширамиз”, дегандек бўлаяпти. Соддароқ қилиб айтганда, УСДПнинг бутун сайловолди дастурини “Назарбоевча ишлаш, Туяқбайча тақсимлаш” деган формулага солиш мумкин. Бу ҳокимиятга эга бўлиш учун ўта заиф даъводир. Бу, кўпроқ, истеъфодаги номенклатуранинг тақсимотда иштирок этиш юзасидан даъвосига ўхшайди”, деган фикрига изоҳ бериб ўтсангиз.

Булат Абилов: - Энг аввало, биз Назарбоевнинг авторитар режимига ғоявий жиҳатдан мухолиф бўлиб қоламиз. “Оилапарварлик” ва “уруғ-аймоқчилик” – булар қуруқ гап эмас, балки фактдир. Ҳокимият фақат халқнинг пулини “шилиш” билан шуғулланаяпти. Сайловчилар билан учрашувларда мен фуқароларга қуйидаги мисолни келтираман. Оддий ёмғир барчага баробар ёғади ва ҳар ким ундан ўз насибасини олади. Аммо аслида Қозоғистоннинг ўн беш миллион фуқаросига тегишли бўлган табиий бойликлар шаклидаги “нефть ёмғири” ёғаётганда, у кимнингдир томорқасига кўп ёғади, кимникигадир умуман ёғмайди. Нефть пуллари бюжетга келиб тушган пайтда энг асосий нарса – ўғирлик, коррупция, маблағни ўринсиз сарфлаш, дабдабали лойиҳалар, Астанада саройлар ва пирамидалар қуриш бошланади. Расмийларнинг ўзлари бюжет пулларининг эллик фоизгача қисми ўмариб кетилаётганини тан олади! Ва бу даҳшат бизнинг ҳаётимизда содир бўлаяпти, биз бунга гувоҳ бўлаяпмиз. Хўш, биз индамай ўтиришимиз керакми? Албатта, йўқ.

Биз таклиф қилаётган асосий нарса сиёсий тизимни тубдан ўзгартиришдир. Конституцияга киритилган сўнгги ўзгартишлар – бу шунчаки кулгили бир иш. Олтмишта тузатишдан қирқтаси президент мавқеини кучайтиради ва фақат иккитасигина унинг ваколатларини сал қисқартирган бўлади. Биз президентлик-парламент республикасига ўтишни ёқлаймиз. Биз 2005 йилдаёқ янги Конституция лойиҳасини ишлаб чиққанмиз ва биз унга амал қиламиз. Ундаги асосий тезислар: президент ваколатларини кескин қисқартиришдир, у фақат ташқи алоқалар, мамлакат мудофааси ва хавфсизлигига жавоб бериши керак, холос. Ғалаба қозонган партия ҳукуматни шакллантиради. Ҳокимият бутоқларининг бу каби мувозанати халқ иродасига кўпроқ таянади – сайловлар орқали. Биз нефть шартномаларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилаётган ягона партиядирмиз. Давлат раҳбарининг айтишича, шартномалар тўқсонинчи йиллар боши ва ўрталарида тузилганмиш, у пайтда бизнинг тажрибамиз бўлмаган экан ва ҳ. Мен бу фикрга қўшилмайман. Чет эл ширкати билан саводли шартнома тузиш учун тажриба бўлиши шарт эмас, балки ҳалол мулозимлар бўлиши керак. Номи чиққан халқаро ширкатни таклиф қилиб, унга “биз ўз нефтимизни имкон қадар қимматроқ сотмоқчимиз”, дейсиз. New York Times, Washington Post газеталарида эълон берасиз, CNN ва BBCда уч-тўртта ролик берасиз – шу билан бўлди, нефтчилар ўзлари етиб келишади. Ахир биз кенг истеъмол молларини эмас, жаҳонда саноқли бўлган нефть конларини сотаяпмиз-ку. Бу Фаберже тухумлари каби доналаб сотиладиган товар. Шартномаларни турли-туман воситачиларсиз, бугунги кунда мамлакатимизни шарманда қилаётган Гиффенларсиз шартномалар тузишга ким халақит берганди?

Ўн беш йил аввал бир баррель нефтнинг баҳоси ўн доллар эди, бугун эса етмиш доллар, нефть ширкатлари ҳаддан кўп даромад олаяптилар. Келинг, бу пуллар халқнинг қўлига ҳам тегадиган қилайлик.