12:43 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: ШҲТ саммитининг ўтказилиши мамлакат аҳолиси учун ёмон таассуротлар қабатида кечди

17.08.2007 17:31 msk

Э. Қобулов

Бишкекда ШҲТ саммитининг ўтказилиши тадбирга ҳозирланиш чоғида Қирғизистон учун мисли кўрилмаган хавфсизлик чораларини кўрилиши билан ажралиб турди. Юқори доиралардаги кенг кўламли учрашув ўтказиш билан боғлиқ ҳолда камбағал тоғли республика зиммасига тушган молиявий қийинчиликларга маҳаллий бошлиқларнинг ҳаддан ортиқ жонбозликлари ҳам қўшилди.

Аввалроқ биз пойтахт мулозимларининг аэропортга олиб борувчи йўл ёқасида жойлашган уйда яшовчи кишиларга менсимай муносабатда бўлаётганлари ҳақида хабар қилгандик. Юқори лавозимли меҳмонларнинг кортежлари ўтадиган йўл ёқасида яшашдек бахтсизликка йўлиққан шаҳарликлар ва қишлоқликлардан йўлга қараб турувчи деворларни ўз ҳисобидан бўяш талаб қилинганди. Мазкур фармойишни бажаришга қаршилик билдирганларга эса жарима солиш ва бошқа маъмурий характерга эга бўлган кўнгилсизликлар билан таҳдид қилгандилар.

Бу ҳодиса Қирғизистон аҳолисини шу қадар таажжублантирдики, давлатнинг Биринчи канали журналистлари маҳаллий мулозимларнинг ҳаддан зиёд тиришқоқликлари ҳақида анча катта ва батафсил лавҳани эфирга бериб юбордилар. Бу эса мутлақо ғайритабиийдир – нима бўлганда ҳам канал давлатники-да.

Саммит чоғида пойтахт милицияси ҳам эҳтиёт чораларини кўриб қўйди. Саммит бошланишидан анча аввал улар мутлақо асоссиз равишда йўл ва кўчаларни тўсиб қўя бошладилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўзаро суҳбатда изоҳлашларича, бу машқ бўлган экан. Шу билан бирга, турли ҳажмдаги қоғозларни бўйинларига илиб олган майда-ю йирик мулозимлар йўл қўриқчиларига мутлақо эътибор берганлари йўқ: маҳаллий ДАНчилар кордонлари оддий одамлар учун мўлжалланганди.

Қирғизистон пойтахтига ҳаво йўли орқали келиш ёки кетишга қарор қилган кишилар ҳам муаммоларга дуч келдилар. Бу кунларда аэропорт фақат саммит иштирокчилари учунгина ишлади.

Бироқ юқори доираларда бўлган учрашув фақат пойтахт аҳолиси ва унинг юқори лавозимли бўлмаган меҳмонларигагина ёмон таъсир қилгани йўқ. Уни ҳатто пойтахтдан анча олисда жойлашган шаҳар ҳибсхоналаридаги маҳбуслар ҳам ўз таналарида ҳис қилиб кўрдилар.

Масалан, Жалолобод шаҳар милицияси бошлиғи подполковник Қубанич Тўрўбаев алламбало ишларни қилди. Саммит баҳонасида у ўз қўл остида бўлган вақтинча сақлаш ҳибсхонасида (ВСҲ) тартибни қотириб қўйиш учун буйруқ чиқарди. Унда, хусусан, “Бишкек шаҳрида ШҲТ ўтказилаётгани билан боғлиқ равишда” шаҳар ВСҲда “иши терговда бўлган маҳбуслар билан учрашувларни... вақтинча бекор қилиш”, “соат 18.00 дан кейин камераларни очмаслик” буюрилган. Бундан ташқари, маҳаллий миқёсдаги милиция бошлиғи маҳбусларнинг қариндош-уруғларидан томонидан бериб юборилган озиқ-овқатларни ҳам чеклаб қўйган. Агар аввал маҳбусларга иш кунининг исталган пайтида егулик бериб юбориш мумкин бўлса, эндиликда бу ишни фақат соат 13.00 дан 16.00 га қадар қилиш мумкин.

Пойтахтдан анча олис бўлган Жалолободдаги маҳбуслар билан учрашув саммитнинг ўтказилишига қандай қилиб ҳалақит бериши мумкинлигини тахмин қилиш қолади, холос. Агар пойтахтда ДАНчилар томонидан кўчаларнинг тўсиб қўйилишини қай бир маънода оқлаш мумкин бўлса, ВСҲдагиларни ўз қариндошлари билан учрашишларини таъқиқлаб қўйишни нима билан изоҳласа бўлади? Бунда хаёлга ҳибсхонада кимдир террорчилик хуружи уюштирган-у буни у эркинликда бўлган қўпорувчилар ва снайперларга ўз қариндошлари орқали қимматли кўрсатмалар бериш билан амалга оширмоқчи бўлса керак, деган фараз келади, холос...

Бу ерда “Жалолобод милицияси бошлиғи Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ашаддий душмани экан ва у аҳолида саммитга нисбатан салбий муносабат уйғотиш учун қўлидан келган барча ишни қилаётган экан”, деган тасаввур пайдо бўлади. Ахир яқиндагина – 8 август куни тартиб ўрнатиш учун бу ерда маҳбусларни яна калтаклагандилар. Энди фақат Тўрўбаев фамилиясини эшитгандагина эмас, “саммит” ёки “ШҲТ” сўзларини эшитганларида ҳам бу одамларни қалтироқ босса керак.

Қайд этиш жоизки, Жалолобод ҳибсхонаси анча ёмон ном чиқарган. Икки йил аввал Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг раис ўринбосари Азиза Абдирасулова юқорида буйруғидан иқтибос келтирганимиз милиция бошлиғи Тўрўбаевнинг шахсан ўзи ҳомиладор маҳбусани қорнига тепганини матбуотда очиқ айтганди.

Бироқ подполковник ҳали ҳам аввалги лавозимида ишлаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячиси ва давлат хизматчиси бўлган аёлнинг зўр бериб ҳайқиришлари президент ва адлиянинг юқори лавозимли вакиллари қулоғига етиб бормади.

ШҲТ саммитига қайтарканмиз, бутун мамлакат унинг тугашини сабрсизлик билан кутганини айтиш лозим. Лекин ДАНчилар ва бошқа милиционерлар барча чекловларни дарров бекор қилишларига, мулозимларнинг эса оддий фуқаролар ҳисобидан пойтахтни ободонлаштириш ёки ҳукумат учун навбатдаги санаторий барпо қилиш учун янги усулларни ўйлаб топмасликларига ҳеч қанақа кафолат йўқ.