23:17 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Қийноқлар қўллаганликда айбланган милиционерлар оқланди. Тизим тантана қилдими?

16.08.2007 19:41 msk

Улуғбек Бобоқулов

Мустақил Қирғизистон тарихида биринчи марта милиционерлар қийноқлар қўллагани учун жазолашни кўзда тутувчи жиноий модда билан жавобгарликка тортилдилар. Бироқ ҳакам милиционерларни киши ўлимида айбдор эмас деб топиб, оқлов ҳукмини чиқарди.

Криминаллашган милиция

13 август куни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун катта аҳамиятга эга бўлган санага айланди. Бу куни Норин шаҳар суди “Қийноқ” моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилган ва маҳаллий фуқарони калтаклаганликда (калтак зарбидан ҳушини йўқотган фуқаро ўзига келмай, касалхонада вафот этганди) айбланган икки милиционерга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди.

Милиционерлар Чинғиз Керимқулов ва Таалайбек Чипаевга 2006 йилнинг 20 ноябрида бузоқ ўғирлаганликда гумонланиб ҳибсга олинган 48 ёшли Ақилбек Сакеевни ўлдирганлик айби қўйилганди. Суд қарорига жуда кўп нарса боғлиқ эди, хусусан, ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистон Жиноят кодексига 2003 йилда киритилган “Қийноқ” моддаси бўйича милиционерларнинг жазоланишига биринчи марта эришганларидан хурсанд бўлиб, адолат ғалабасини нишонлашлари ҳам. Ўз навбатида, айблов ҳукмининг чиқарилиши мамлакат куч ишлатар тузилмаларида “тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмаётгани”дан далолат бўлиши мумкин эди.

Милиция кабинетларида ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари камераларида милиционерлар қўлга олинганларни қаттиқ калтаклашлари ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари мақтуллар ўлими олдидан шафқатсизларча қийналганларидан далолат берувчи рад этиб бўлмас далиллар келтиришиб, кўп маротаба гапиргандилар. Лекин “погонли газандалар” жавобгарликка тортилсалар ҳам, фақат “хизмат ваколатларини ошириб юборгани” учун жавобгарликка тортилардилар ва кейин осонгина қутулиб кетардилар. Маълумки, жазосиз қолиш одамни янада ваҳшийлаштириб юборади. Милиционерлар жазолаш тизими тимсолидаги “куч” ўзлари томонидан эканини ҳис қилдилар. Қийноқлар кундалик ишга айланди.

Ақилбек Сакеев милиция бошбошдоқлигининг навбатдаги қурбонига айланди. У ШИИБ ходимлари уни уйдан олиб кетганларидан кейин 22 ноябрь куни кечқурун жон таслим қилди. Милиционерларнинг ўзлари марҳум Сакеев бузоқ ўғирланишига шунчаки гувоҳ эканини таъкидлашиб, маҳкаманинг сўнгги мажлисида ҳатто марҳумнинг бу бузоқчани кимдандир сотиб олгани ҳақидаги тилхатини ҳам тақдим этдилар.

Милиционернинг “дўстона” суҳбат чоғида Сакеев кутилмаганда бир неча бор ҳушидан кетиб, курсидан йиқилгани битилмиш аризаси йиғилганларни жуда ҳайрон қолдирди. У ҳар йиқилганида биттадан қовурғасини синдириб олибди. Сўнгги йиқилиш унинг ҳаётига нуқта қўйибди. Сакеев охирги марта йиқилар экан, боши столга қаттиқ тушибди, натижада унинг миясига қон қуйилиб, ҳушидан кетибди. Шундан кейингина милиционерлар “Тез ёрдам” машинасини чақирибдилар. Судланувчи Чипаев “сўнгги” сўзида ҳатто: “Агар биз уни қийнаган бўлсак, “тез ёрдам” чақириб ўтирармидик?”, дея билдирди. Айнан шу “кашфиёт” асосида ҳакам Эрматов милиционерларни оқлаб юборди. Марҳумнинг ўнг томонида иккита ва чап томонида учта қовурғаси сингани ҳамда бош суяги ёрилганини эса ҳакам курсидан бир неча маротаба йиқилиш натижаси, деб ҳисоблади.

Суд-тиббий экспертиза ўз хулосасида “Сакеев [қовурғалари] унинг ўлимидан анча аввал синган ва бош мия жароҳатини ҳам у Норин шаҳар ИИБга келишидан аввал олган”, дея кўрсатилган. Бундан чиқди, Сакеев ана шундай жароҳатлар билан бир неча кун юриб, ҳаммаёғи синган ҳолда ШИИБга келган экан ва шу ерга келганидан кейингина милиционерлар “раҳмдиллик”лари туфайли шифокорларни чақирган эканлар.

Бироқ бу ерда милиционерлар ва прокуратура терговчилари изоҳини катта шубҳа остига қўядиган муҳим деталь бор: суд-тиббий экспертизанинг асосий экспертларидан бири шаҳар прокуратураси терговчиси Алмаз Жўўшбековнинг рафиқаси бўлиб ҳисобланади, бу терговчи Сакеевнинг ўлими юзасидан ишни олиб борганди.

Маҳкама

Милиционерлар устидан маҳкама бу ишга ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова аралашганидан кейингина бошланди. Шаҳар прокуратураси Сакеевнинг ўлими бўйича ишни “ёпиб қўйган”ини айнан шу аёл аниқлаган ва Норин вилоят прокуратурасининг милиционерлар устидан жиноий иш қўзғатишига эришган.

Даставвал ишда бешта милиционернинг фамилияси бўлган. Аммо вақт ўтиши билан фақат Сакеевни уйидан олиб кетган икки кишигина қолган. Бошқалар айбланувчидан силлиққина гувоҳ қаторига ўтиб олганлар. Милиционерларни “реинкарнация” қилиниши маҳкама чоғида айтилди: марҳум Ақилбек Сакеевнинг онаси маҳаллий милиция бошлиғи у ва унинг қариндошлари ўз даъволаридан кечишлари учун икки минг сўм (1 АҚШ доллари 38 сўмга тенг) берганини гапириб берди. Аммо буни уларнинг виждонига ҳавола қилиб қўя қоламиз.

Узоқ давом этган “судра-судра”лардан кейин икки милиционер – Керимқулов ва Чипаев устида қора булутлар тўплана бошлади. Маҳкамада 305-модданинг 1-банди (“Қийноқ”) бўйича жиноий ишнинг маҳкамада кўрилиши жамоатчилик эътиборини тортди. Маҳаллий куч ишлатар тузилма ходимлари Азиза Абдирасулова ва ҳуқуқшунос Жанибек Сўпуевни қўрқитиб қўйиш учун зудлик билан “махсус топшириқ бажарувчи бўлинма” отрядини чақирдилар. Маҳкама бўлиб ўтган 10 август куни ОБОН (“отряд баб особого назначения” – “махсус топшириқ бажарувчи аёллар отряди”. – Муаллиф изоҳи) деб аталувчи бир нечта шаллақи хотинлар милиционерларнинг ёнини олиб, ҳуқуқ ҳимоячисига ташландилар. Милиция бошлиғининг ўринбосари Қанибек Чўлпўнбаев ва унинг ҳамкасблари содир бўлган воқеаларни ошкора мароқ билан кузатиб турдилар.

Аммо “аёллар фитнаси”ни уюштирган шўрлик милиционерлар битта нарсани – ҳуқуқ ҳимоячиларига қилинган ҳужум ва таҳдидлар ҳақидаги хабарлар кенг кўламда ёйинланишини ҳамда фуқаролик жамияти фаолларини бефарқ қолдирмаслигини ҳисобга олмаган кўринадилар.

Оқлов ҳукми

Бир неча босқичда ўтган маҳкама мажлиси аввал-бошда объективдай кўринганди, чунки ҳакам ва давлат қораловчиси гувоҳлар, судланувчилар ва марҳумнинг қариндошларини ғайрат билан сўроқ қила бошлагандилар. Аммо иш якунига етиб қолган охирги куни уларнинг кайфияти бирданига ўзгариб қолди, судланувчилар ва содир бўлаётган воқеаларни кузатиб турган милиционерлар эса сезиларли даражада хушҳолланиб қолдилар. “Иқлим”нинг бу қадар кескин ўзгариб қолишига узоқ вақт ҳайрон бўлиб ўтиришга тўғри келмади. Давлат қораловчиси сўзга чиққанида судланувчиларни шартли равишда озодликдан маҳрум қилишни сўраган пайтдаёқ милиционерларнинг яна осон қутулиб кетажаклари аён бўлиб қолганди.

Ҳукмни ўқиркан, ҳакам судланувчилар айбини исбот қилувчи бевосита ва билвосита далиллар йўқлигини, шунинг учун ҳам у милиционерларни оқлаб юбориш мумкин, деган қарор келганини қайд этди. Суд ҳукмини зал қабристонда бўладиган сукунат ичра тинглади. Бировларнинг ҳақиқат яна топталгани учун ҳафагарчиликдан, бошқаларнинг эса “тизим” улар томонида бўлгани учун хурсандчиликдан тиллари калимага келмай қолди.

Қийноқлар милиционерлар хизмат вазифасининг ажралмас қисмими?

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида оддий фуқароларга аёвсиз муносабатда бўлиш ҳодисалари йилдан-йилга ошиб бораяпти. Бу йил ҳам бундан мустасно бўлмади. Резина “демократизатор” (таёқ) ўйнаб турган, сичқонранг махсус кийим кийган киши оддий фуқаронинг шахсий дахлсизлиги ва обрў-эътиборини ўлчаб берувчи тимсолга айланмоқда, бу эса ўша фуқаро даромадининг қанчалиги ва ижтимоий мақомининг қандайлигидан келиб чиқади.

“Тизим” ҳар қандай йўллар билан мақсадга эришишни оқлаш билан банд бўлган бир пайтда қонунчиликка риоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари арзимаган нарсага айланади. Куч-қудрат, ҳокимият ва жазоланмасликдан лаззатланиш милиционерларни баттар ваҳшийлаштиради ва уларни ўзлари курашишлари керак бўлган кишилар, яъни бандитлар савиясига тушириб қўяди.

Одамларни айбига иқрор қилишда қийноқ ва калтаклашлар таъсирчанроқ восита деб ҳисобланган бир пайтда профессионаллик кераксиз атавизмга айланиб, ўтмаслашиб қолади. Мантиқан ўйлаб кўриш ва холис бўлиш истаги-ю салоҳияти йўқолиб қолади. Хизмат вазифасининг ажралмас қисмига айланган қийноқлар “ҳуқуқ-тартиботни сақловчи” кишининг ўзини тўмтоқлаштиради ва аҳлоқсизлантиради. Бунақа вазиятда милиция ҳарчанд илтимос қилмасин, аҳоли уни қўллаб-қувватлашига умид қилмаса ҳам бўлади. Шунга мувофиқ равишда, ҳудудда жиноятчилик даражасининг пасайишини кутиб ўтиришга ҳожат қолмайди.

* * *

Азиза Абдирасулова Норин шаҳар судининг оқлов ҳукми юзасидан апелляция аризасини беришга қарор қилди. Агар ички механизмлар “тизим” ёнини олиб тураверса, Ақилбек Сакеевнинг ўлимида айбдор бўлган кишиларни топиш ва жазолашда ҳуқуқ ҳимоячиси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасигача боришга ниятланган.