12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент марказидаги қадим ҳаробалар ўрнида очиқ осмон остидаги археологик музей ташкил этилаяпти

15.08.2007 16:26 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

Экскаваторлар чўмичи I-VIII асрлардаги қадим шаҳар қисми бўлмиш тупроқтепа қатламини ёриб киради. Қўрғон ҳаробалари замонавий Тошкент марказида, темирйўл шоҳбекати ёнидаги Мовароуннаҳр ва Нукус кўчалари кесишган жойда мўъжиза туфайли шу кунгача сақланиб қолган. Бир қарашда бўлаётган ишлар уникал тарихий объектни ер юзидан супуриб ташлашга қасдланган шаҳар расмийларининг жоҳиллигига ўхшайди. Аммо Тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати вакиллари “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирларини Мингўрик қўрғонида бошланган ишлар очиқ осмон остида археологик музей яратишнинг биринчи босқичи бўлиб ҳисобланишига ишонтирдилар.

На городище Мингурюк
Экскаваторлар чўмичи тупроқтепа қатламини ёриб киради

Салар ариғининг эски ўзани қирғоғидаги қадим иншоотлар қолдиқлари биринчи марта 1896 йилда рус археологи Е.Смирнов томонидан қайд этилган, 1912 йилда эса уларга А. Добромислов ҳамда Туркистон археология ҳаваскорлари тўгарагининг бошқа аъзолари томонидан муфассал тавсифланган.

ХХ асрнинг олтмишинчи йилларида Ўзбекистон ССР Археология институти томонидан Мингўрик қўрғонининг омон қолган жойларида қазиш ишлари олиб борилган. Олимлар тахминан I асрда пайдо бўлган қишлоқ Турк ҳоқонлиги даврида Тошкент воҳаси ҳудудида мавжуд бўлган Чоч пойтахти ролини ўйнай бошлаган VIII асрга келиб гуллаб-яшнаган, деган хулосага келганлар. Йирик шаҳар араб манбаларида Мадина (шаҳар, пойтахт) дея зикр этилади.

Бугунги кунда қарийб қўриқланмайдиган археологик объектдан фақат битта тепалик омон қолган, у беш қаватли ғиштин уйлар билан ўралган бу жой мазкур уйларда яшовчи кишилар томонидан ахлатхонага айлантирилган. Нукус кўчасида янги кўп қаватли уйларнинг қурилиши ва уларга яқин бўлган жойларни ободонлаштириш иши харобазорни йўқ қилиб юборишига сал қолди. Хайриятки, 2007 йилда Тошкентни дунёдаги Ислом маданияти пойтахти дея эътироф этилиши шаҳар расмийлари ва олимларни ҳозиргача омон қолган кўҳна обидаларни сақлаб қолиш, уларни шаҳарнинг диққатга сазовор жойига айлантиришга ундади.

На городище Мингурюк
Беш қаватли бинолар билан ўраб олинган тарихий обида ахлатхонага айланиб қолган

- Тепаликдан фақат XIX-XX асрларда ҳосил бўлган юқори қатламини олиб ташлаш режалаштирилган, - дея таъкидлайди тарихий обидаларни муҳофаза қилиш бўйича назорат вакили, таниқли археолог Сервер Аширов. – Шундан сўнг харобазордаги тупроқдан тайёрланган ғиштлар ёрдамида қадим иншоотларнинг тадқиқотчилар томонидан топилган дастлабки кўриниши тикланади. Бу ерда ишлар жуда эҳтиёткорлик билан олиб борилмоқда. Ҳар куни эрталаб мутахассислар гуруҳи объектга келишиб, фан учун эътиборли бўлиши мумкин бўлган археологик материаллар йиғиш учун ернинг янгитдан ўйилган қатламларини диққат билан кўздан кечириб чиқадилар. Кейин техника ишлаши зарур бўлган янги чегаралар белгилаб берилади, шундан кейингина экскаваторлар ишга тушади. Бу археологик қазилмалар учун унча одатийдай кўринмайди. Бироқ очиқ осмон остида музей яратиш бўйича ишларнинг асосий қисмини қиш келгунича якунлаш кераклигини ҳисобга олиш лозим. Акс ҳолда, тупроқ ва гил сувга бўкиб, бузила бошлайди. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёдаги тупроқли архитектура ёдгорликларининг кўпчилигини мавсумий қазиш ишларидан кейин консервация қилиб қўядилар, яъни улар бутунлай бузилиб кетмаслиги учун қайта кўмиб қўядилар. Аммо Мингўрик қўрғонини Тошкентнинг диққат сазовор жойи бўлгудек қилиб мустаҳкамлаш ва ободонлаштириш режалаштирилган.