14:41 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Генри Платер-Зиберк: ШҲТни НАТОнинг рақиби деб ҳисоблаш, энг камида, хато фикрдир

15.08.2007 10:38 msk

Э. Қобулов суҳбатлашди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити очилиши арафасида “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири Буюк Британия Мудофаа академиясининг катта таҳлилчиси, Россия ва Марказий Осиё бўйича мутахассис Генри Платер-Зиберк билан учрашди. Қуйида ундан олинган интерьюни муштарийларимиз эътиборига ҳавола қиламиз.

Фарғона.Ру: - Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Россия, АҚШ ва Хитойнинг Марказий Осиёда олиб бораётган сиёсатига нисбатан позицияси қандай?

Г.Платер-Зиберк: - Дарвоқе, менга “Марказий Осиё” деган атама ёқмайди. Бу ерда ўз манфаатлари ва интилишларига эга бўлган бешта мустақил давлат бор. Менинг мамлакатим бўлган Буюк Британия Марказий Осиё деб аталаётган мамлакатларнинг ҳар бири билан алоҳида сиёсат олиб боради. Бу минтақада бизнинг, асосан, иқтисодий манфаатларимиз бор. Шунингдек, бизни Марказий Осиёда пайдо бўлаётган радикал гуруҳлар фаолияти ҳамда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳам ташвишлантиради. Бу икки жиҳатдан биз минтақадаги беш мамлакатнинг ҳаммаси, шунингдек, Пекин, Вашингтон ва Москва билан ҳам фикримиз бир.

Фарғона.Ру: - Европа ШҲТни қандай қабул қилади? Хавф-хатар сифатидами? Муҳтамал иттифоқчи сифатими? Ёки у ШҲТга нисбатан бефарқми?

Г. Платер-Зиберк: - Мен бу саволни Брюсселдаги айрим мулозимларга беришингиз керак эди, деб ўйлайман. Шахсан мен Шанхай ҳамкорлик ташкилоти катта потенциал, деб ҳисоблайман. Мен ШҲТ ҳарбий блокка айланади, деб ўйламайман. Бунақа хавфнинг йўқлигига сабаб ташкилотнинг икки қудратли аъзоси бўлмиш Хитой билан Россиянинг уни яратишга эҳтиёжлари йўқлигидир, улар бир-бирларига у қадар ишонавермайдилар. ШҲТ Европа Иттифоқининг савдо-сотиқ бўйича ҳамкорига айланиши мумкин эди, лекин бу жуда мураккаб жараён бўлади, чунки ҳар иккала ташкилот ҳар бир аъзосининг ўз иқтисодий ва сиёсий манфаатлари бор. Мен ШҲТни, масалан, “Таймс” газетасининг 6 август кунги сонида ёзилганидек, “НАТО рақиби” ўлароқ тасаввур қилиш, энг камида, хато фикрдир, деб ўйлайман.

Фарғона.Ру: - ШҲТнинг Бишкекдаги навбатдаги саммитидан туб ўзгаришлар ясовчи қадамлар ва қарорларни кутиш мумкинми сизнингча?

Г. Платер-Зиберк: - Мен бундай деб ўйламайман. Лекин менинг жавобим сиз “туб ўзгаришлар ясовчи қадамлар” деганда нимани назарда тутаётганингизга қараб бўлади.

Фарғона.Ру: - ШҲТнинг иқтисодий жаҳбадаги ривожланиши қайси йўналишда бўлиши мумкин? Ташкилот ичида мавжуд бўлган келишмовчиликлар қабатида иқтисодий ва сиёсий жаҳатдан умумий йўналишни ишлаб чиқиш нечоғли мумкин?

Г. Платер-Зиберк: - Шанхай ташкилотининг сиёсати, асосан, Россия ва Хитой манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бу сиёсат ҳар доим ҳам ШҲТнинг кичик аъзолари манфаатларига мос келмаслиги мумкин. Мен ташкилотга кирувчи ҳар бир давлат ўзининг нимага муҳтож эканини ва ўз эҳтиёжларини қандай қондириши кераклигини ҳал қилиб олиши керак, деб ўйлайман. Улар қанақадир катта ташкилотлар бу мамлакатлар учун бирор-бир иш қилиб беришларини кутиб ўтирмасликлари керак. Улар ўз муаммоларини ҳал қилишда эркинликка эга бўлишлари ҳамда хавф-хатарларга қарши ҳар қандай мамлакат ёки ташкилот ёрдамида курашишлари лозим.

Фарғона.Ру: - ШҲТга яқин орада янги аъзолар қабул қилиниши мумкинми?

Г. Платер-Зиберк: - Нега мумкин бўлмасин? Масалан, Мўғулистон – яхши номзод, лекин Улан-Батор Пекин томонидан Москванинг стратегик ҳамкори ўлароқ кўрилади.

Фарғона.Ру: - ШҲТга Покистон ва Ҳиндистон бир вақтнинг ўзида қабул қилинишининг эҳтимоли борми?

Г. Платер-Зиберк: - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун бу икки мамлакатдан бирини ўз сафига қабул қилиб, иккинчисини қабул қилмаслик катта муаммо бўлиб ҳисобланади. Агар Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга кирса, у ҳолда ташкилот уларнинг Кашмирдаги муаммосига рўбарў келади. Ташкилот учун эса бунақа муаммо керак эмас. Агар ШҲТ янги аъзоларни қабул қилишга тайёр бўлса, унда Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишларидан аввал улардан ўз муаммоларини ҳал қилиб олишни талаб қилса керак.

Фарғона.Ру: - Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Мўғулистон ШҲТ фаолиятида ҳар қандай шаклда ёки кузатувчи мамлакатлар сифатида иштирок этиши мумкинми?

Г. Платер-Зиберк: - Мен Мўғулистон, Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолиги юзасидан потенциал имкониятлар ҳақида гапириб ўтдим. Агар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Эронни ўз сафига тўлаҳуқуқли аъзо ўлароқ қабул қилса, мен бундан жуда ҳайрон бўлган бўлардим. Европа ва АҚШда бунга нисбатан жавоб салбий бўларди. Такроран айтаман: бу ШҲТга керак бўлмаган муаммолардан биридир. Эрон ШҲТга ҳақиқатан ҳам фойда келтириши мумкин бўлган вазият пайдо бўлгунича бу мамлакатда кўп нарса ўзгариши керак.

(Мазкур интервью Буюк Британия ҳукумати ёки мудофаа вазирлигининг расмий сиёсатини акс эттирмайди).