06:38 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Файзобод тумани – эпидемиологик офат ҳудуди

15.08.2007 07:41 msk

Шуҳрат Шодиев

Аввал хабар қилинганидек, июль ойида Тожикистоннинг Файзобод туманида ўта хавфли юқумли касаллик бўлган лептоспироз билан касаллангани гумонланган юзга яқин киши касалхонага ётқизилганди. 12 июль куни Республика давлат санэпидназорат қўмитаси директори Самаридин Алиев туманда юзага кеган вазиятни изоҳлай туриб, “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирига касалликда гумонланиб касалхонага ётқизилган юз кишидан ўттиз учтасида лептоспироз ташхиси тасдиқланганини маълум қилганди. “Аммо бугунги кунда бир қатор санитария-эпидемиологик чора-тадбирлар ўтказилганидан кейин биз Файзобод туманидаги юқумли касалликлар манбаи тўлалигича бартараф қилинди, дея ишонч билан айта оламиз”, - дея билдирганди Самаридин Алиев.

Бироқ орадан бир ҳафта ҳам ўтмай, Тожикистон пойтахтида Файзобод туманида аввал бу ерларда бўлмаган лептоспироз касаллиги учрий бошлагани тўғрисида миш-мишлар яна тарқай бошлади. Шу билан бирга, гап бир-иккита касал ҳақида эмас, бу касалликни юқтириб олган юзлаб кишилар ҳақида борарди. Эпидемия бошландимикан?

Бу миш-мишлар ҳақиқатга қанчалик мувофиқ эканини билиш учун “Фарғона.Ру” АА мухбири 4 август куни Душанбедан эллик беш километр нарида жойлашган бу тоғли туманга йўл олди.

- Файзободга келгач, мен аввал туманнинг шарқий чекка қисмлари бўйлаб айландим ва туман марказидан йигирма километр нарида жойлашган Мискинободга йўл олдим, - дейди “Фарғона.Ру” ААнинг ўз мухбири Шуҳрат Шодиев. – Мискинобод ҳамда унинг яқинида жойлашган Носиробод ва Мўъминобод аҳли билан гаплашиб кўргач, бу ерда ҳеч қандай эпидемия йўқлигини англадим. Лекин маҳаллий аҳоли туманда оммавий равишда тарқалган қанақадир касаллик ҳақида эшитган эканлар.

Центральная площадь Файзабада
Файзободнинг марказий майдонини ҳали-ҳамон В. И. Ленин ҳайкали безаб турибди

Лептоспирозни бу ерда “касали об” (“сув касали”) деб аташар экан. Маҳаллий аҳоли билан суҳбат чоғида лептоспирозни бундай номлашларига унинг ичимлик суви орқали юқиши сабаб бўлганини аниқладим. Хавф мавжудлигига қарамай, туманнинг шарқий қисми аҳолиси булоқ сувини истеъмол қилишда давом этмоқда.

Мискинободнинг ўзида Файзободнинг шимолий-шарқидаги барча қишлоқлар аҳолисига хизмат кўрсатувчи чоғроқ касалхона бор.

Шанба оқшомида касалхона бош врачи ўз ўрнида бўлиб чиқди, аммо у мазкур касаллик юзасидан ҳеч қандай маълумот бермасдан мени ҳайрон қолдирди. “Раҳбариятнинг рухсатномасисиз мен сизга ҳеч нарса айтолмайман”, - дея билдирди у. Гарчи маълумот олишга эришолмаган бўлсам-да, менинг касалхона ҳудуди бўйлаб айланиб чиқишимга ҳеч ким тўсқинлик қилмади. Бир қаватли корпус оралаб юриб, беморлар ва улардан хабар олгани келган беморларнинг қариндошларидан сўраб-суриштирар эканман, касалхонада яқин атрофдаги ўнтача қишлоқдан лептоспироз билан оғриган, йигирмадан кўп бўлмаган киши борлигига амин бўлдим.

Ўша куниёқ мен Файзобод туман марказига йўл олиб, туманнинг бош касалхонасига кириб бордим. Аммо бу ерда ҳам менга ҳеч қанақа маълумот бермадилар. Касалхонанинг навбатчи шифокори менга барча саволлар билан бегим кунлари бош шифокорга мурожаат қилишим лозимлигини айтди. “Лекин бош шифокор ҳам сизга ҳеч қандай маълумот бера олмаса керак, чунки у ҳам бунга туман раисидан (!) рухсат олиши керак”, - дея таъкидлади навбатчи шифокор.

Касалхонада биронта ҳам бўш ўрин йўқ эди. Маҳаллий аҳолидан касалхонанинг барча палаталари тўлиб-тошганини, касалларнинг кўпчилиги туман марказидан ҳамда туманнинг жанубий-ғарбидаги қишлоқларидан келаётганини билиб олдим. Мен мулоқотда бўлган кўпчилик кишилар касаллик юқиши бўйича Лолаги ва Меҳробод қишлоқларини энг хавфли қишлоқлар эканини айтдилар. Шунингдек, мен туманнинг жанубий-ғарбий қисмидаги асосий касалхона Меҳрободда жойлашганини ҳам билиб олдим. Кеч кириб қолгани учун мен Душанбега қайтиб, эртасига бирон-бир расмий маълумот топиш учун туман марказига яна келишга қарор қилдим.

Касалхонадан чиқаётганимда менинг олдимга фуқаро кийимидаги бир киши келиб, ўзини хавфсизлик вазирлигининг ходим деб таништириб, ҳужжатларимни кўрсатишни талаб қилди. Мен тумандаги аҳвол унча яхшимаслигини ва бу ерда қанақадир алоҳида чоралар кўрилаётганини тушундим, - дейди “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг ўз мухбири Шуҳрат Шодиев.

Цистерна для питьевой воды в Лолаги (Файзабад)
Лолагидаги (Файзобод) ичимлик суви учун цистерна

- Якшанба куни эрталаб мен яна Файзобод туман касалхонасига келиб, у ерда тушгача бўлдим. Шу вақт мобайнида бу ерга беш кишини олиб келдилар, улардан тўрттаси лептоспирозга чалингани аниқланди. Шифокорлар бу ташхис билан келганларнинг аниқ миқдорини айтишдан бош тортдилар. Шунда мен шифокорларга ёлғондан шу касалхонада ётган дўстимни қидираётганимни айтиб, касалхонага келаётган беморларни рўйхатга олиш журналини беришларини илтимос қилдим. Журнални очгач, мен беморлар рўйхатидан 1 июлдан 5 августгача бу ерга лептоспироз ташхиси билан келган кишиларни санай бошладим. Журналдаги маълумотларга кўра, август ойининг беш куни ичида лептоспироз ташхиси билан ўттиз учта одам келгани, сўнгги 36 кун ичида эса бунақа беморларнинг умумий сони 381 кишига етгани аниқ бўлди. Лептоспироз ташхисли касаллар рўйхатининг “Манзил” деган бўлимида кўпроқ Лолаги, Қарсанг, Муллотугма, Саричашма, Кенжаобод, Хами саври, Чуқурак, Сарой, Дубеда, Жонварсўз, Сурхдара, Қангели ва Чилчашма қишлоқлари учрарди.

Мен Меҳрободга йўл олиб, маҳаллий касалхонага кирдим. У ерда ҳам аввалда айтиб ўтганим усулдан фойдаланишимга, яъни “ўз дўстимни қидириш учун” касаллар рўйхати битилган журнални кўриб чиқиш учун ёлғон гапиришимга тўғри келди. Маълум бўлишича, бу касалхонага 1 июлдан 5 августгача бу қишлоқ ва яқин атрофдаги қишлоқлардан лептоспироз ташхиси билан уч юз эллик киши келибди.

Лаборатория райбольницы Файзабада
Файзобод туман касалхонасининг лабораторияси

Шундай қилиб, менинг ҳисоб-китобимга кўра, Файзобод туманида лептоспироз касалини юқтирганлар сони фақат июль ойи ва августнинг бошида 700 кишидан ошиб кетган. Агар турли сабабларга кўра уйда даволанаётган беморлар касалхонанинг қабул бўлимлари рўйхатларида қайд этилмаслиги ҳисобга олинса, у ҳолда мазкур касалликни юқтирганлар сони ва лептоспирознинг тарқалиш кўлами, энг камида, туман маркази ва Файзободнинг ғарбий қисми эпидемилогик жиҳатдан аянчли аҳволда эканидан далолат беради. Туман касалхонасидаги тўқсон фоиздан ортиқ ўринларни лептоспироз юқтириб олган беморлар банд қилганлар. Касалхоналарнинг санитария ҳолати эса унча яхши эмас. Лекин, инсофан айтганда, лептоспироз билан касалланган беморларга берилаётган дори-дармонларнинг тўқсон фоизи бепул тарқатилади.

Файзободда бўлганим икки кун мобайнида мен бор-йўғи тўртта эпидемиологни учратдим. Улар бевосита касаллик ўчоқларида ишлашиб, ичимлик суви манбаларини хлорлаш билан шуғулланардилар. Айтишларича, суюқ хлорни бизга ёрдам тариқасида Россия берибди. Аснода Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олинаётган чоралар кечиккан ва хавфни бартараф қилишга қодир эмасдек кўринади. Илло туман ҳудудида бу хавфли юқумли касаллик тарқалишининг ҳақиқий кўламлари тўғрисидаги маълумотларни яшириш юзасидан мисли кўрилмаган чоралар кўрилган. Бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий маъмуриятнинг иши жуда яхши йўлга қўйилгани кўринди. Тиббиёт ходимларидан бирор киши – санитар аёллардан бош шифокорларгача – менинг лептоспироз билан боғлиқ бўлган энг оддий саволларимга ҳам жавоб бермадилар. Уларнинг ҳаммаси “Туман раисининг рухсатисиз ҳеч нарса айта олмаймиз” қабилида бир хил жавоб қайтардилар. Менга ҳатто бу ерга келганим ҳақида туман раисини огоҳлантириб, ундан рухсат олиб, кейин ўз ишимга киришишимни маслаҳат ҳам бердилар. Афтидан, лептоспироз билан боғлиқ вазият устидан назоратни мутлақо йўқотиб қўйган туман маъмурияти ва республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги содир бўлаётган ишлар тўғрисида барча маълумотни жамоатчиликдан яширишга қарор қилган кўринадилар. Лептоспироз тарқалиши биздаги эпидемиологик хизматлар аҳволининг нақадар ночорлигини ҳам кўрсатиб қўйди.

Лаборатория райбольницы Файзабада
Файзобод туман касалхонасининг лабораторияси

Сафар пайтида мен билан юз берган яна бир воқеани қайд этиб ўтишни истардим. Мен Файзобод қишлоқларидан бири томон кетаётиб, йўлдан адашдим ва тасодифан таъқиқланган ҳудуд бўлмиш заҳарли кимёвий моддалар қабристонига дарвозаси ёнига бориб қолдим. Менинг олдимга қўриқчи чопиб чиқди, у билан суҳбатда мен бу ҳудуд ходимлари ва қўриқчилари орасида лептоспирозга чалинган кишилар бор-йўқлиги билан қизиқдим. У барча нарса назорат остида эканини ва улардан ҳеч ким бу касалликни юқтириб олмаганини айтди. Мен ўша қабристон яқинидаги бир қишлоқда бўлдим, аммо у ерда ҳам аҳолининг лептоспироз чалинганини эшитмадим.

Общий вид Лолаги (Файзабад)
Лолагининг (Файзобод) умумий кўриниши

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йил апрелида айнан Файзободнинг ғарбий қисмида лептоспироз тарқалиши қайд этилганди. Ўшанда, расмий маълумотларга кўра, бу касаллик ташхиси билан ўн беш киши касалхонага ётқизилганди. Мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот анжуманида мазкур муассаса раҳбарининг ўринбосари Нигина Шаропова Файзобод туман участкаларидан бирида Тоғли ҳудудларни ривожлантириш дастури (MSDSP) доирасида Оғахон жамғармаси томонидан янги сув қувури ётқизилганини билдирганди. Янги сув қувурини... ичида ўлик каламушлар бўлган эски қувурга улаган эканлар. Шуларнинг ҳаммаси юқумли касаллик тарқалишига сабаб бўлган, - дея хулосалайди Шуҳрат Шодиев.

Душанбега келгач, 8 август куни “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири норасмий манбалардан олган маълумотлар билан танишиб чиқиш ҳамда Файзободда юзага келган вазият юзасидан изоҳ беришни илтимос қилиб Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган. Аммо вазирликдагилар “жим туриш” ўйинини ўйнашда давом этмоқдалар.