14:05 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон саммит олдидан ёки ШҲТ саммити арафасида Бишкекдаги аҳвол

13.08.2007 22:48 msk

Улуғбек Бобоқулов (Бишкек)

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) таркибига кирувчи мамлакатлар раҳбарлари Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтажак саммитга йиғилишларига ҳам саноқли кунлар қолди. Ушбу кўламли тадбир арафасида Бишкек кўркамлашиб бораяпти.

Бишкекка президентларга ҳамроҳлик қилувчи уч минг киши меҳмонга келади, булар турли вазирлар ва маҳкама раҳбарлари, турли нашрларнинг журналистлари, хизмат кўрсатувчи ходимлар ва қўриқчилардир. Хуллас, меҳмонлар таркиби жуда турли-туман бўлади. Бишкек уларни қандай кутиб олиши-ю меҳмонлар Қирғизистон пойтахти ҳақида ўзлари билан қандай таассуротлар олиб кетишлари хорижда мамлакатимизнинг тимсоли яратилишида катта роль ўйнайди.

“Фарғона.Ру” саммитга тайёрланаётган пойтахт мулозимлари аҳолини мустақил равишда уйларни таъмирлашга ҳамда ўз ҳисобларидан кўчаларни тозалашга мажбур қилаётгани хусусида аввал ёзганди. Ҳолбуки, бу тадбирга тайёргарлик кўриш учун давлат хазинасидан тўққиз миллион доллардан ортиқроқ маблағ ажратилганди. Мулозимларнинг “ғайрати” ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Республикада оммабоп бўлган “Diesel” веб-форумида саммит билан боғлиқ воқеалар фаол муҳокама қилинмоқда.

Театр кийим илгичдан бошланади, пойтахт эса аэропортдан

“Diesel Forum”дан иқтибос: “Кеча Марказий универсал дўкон ёнидаги бекатда тургандим, у ерда ҳам шу аҳвол: дарахтни оқлашибди, оҳак эса бутун бекат бўйлаб оқизиб кетилган, бу дилгир манзарани дарахт тагида ётган сигарета қолдиқлари ва ҳар хил ахлатлар тўлдириб турибди”.

Бишкек Қирғизистоннинг ҳаво дарвозаси бўлмиш аэропортдан бошланади. “Манас” аэропорти-Бишкек йўли саммит кунлари юқори лавозимли меҳмонлар Қирғизистон пойтахтига учиб келганларидан кейин ўзларига ажратилган жойга катта тезликда етиб олишлари учун узоқ муддатга ва тез-тез тўсиб қўйилади. Кортеж шахсий қўриқчилар ва ДАНнинг махсус машиналаридан ташкил топган бўлади. Россия президенти Владимир Путин ёки Эрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадинажод тоза ҳаводан нафас олиш учун йўл-йўлакай тўхтаб ўтирмасалар керак: бунга қўриқчилар йўл қўймайдилар, бунинг устига, бу протоколда ҳам кўрсатилмаган. Афтидан, трассани кўркамлаштириш топширилган қирғизистонлик мулозимлар ҳам шунга умид қилган бўлсалар керак. Трассани битум қоришма билан қоплашдан ташқари бюрократлар трасса ёқасида ўсиб ётган теракларни оҳаклашга қарор қилганлар. Аммо буни жуда ажабтовур тарзда амалга оширганлар: улар ҳар бир дарахтнинг йўлга қараб турган томонинигина оқлаганлар. Бошқа томони эса аввал қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолаверган.

Полупокрашенные деревья
Ярми оқланган дарахтлар. Diesel.elcat.kg сайтидан олинган фотосурат

“Diesel Forum”дан иқтибос: “Бу шунчаки гўзалликни ўзига хос йўсинда тушуниш, холос. Орқаси кўринмаганидан кейин у ёғини оқлашнинг нима кераги бор. Олд томондан биз ҳамма нарсани – оғочлар, устунлар, қуриб қолган дарахтлар, қўққайиб турган қанақадир таёқларни оқлаб ташлаймиз. Орқа-кетига қарамай, ҳамма нарсани! Буни зараркунандалар тепага чиқиб олмасликлари учун қилмаймиз, балки шунчаки қилиш кераклиги учун қиламиз... Дизайнерлар. Боғбонлар. Август ойида дарахтларни ҳашаротлардан ҳимоя қилаяптилар”.

Мулозимлар дарахтни баҳорда, март-апрель ойларида оқлаш кераклигини, акс ҳолда, бундан фойда бўлмаслигини, қўнғизлар ва бошқа зараркунандалар ўзларининг қора қилмишларини қилиб кетишларини билмаганлари қизиқ. Агар улар буни билган бўлсалар-у ўзларининг “оқ” ишларини кўркамлаштириш мақсадида қилган бўлсалар, унда табиий бир савол туғилади: бунақа “қўл учида қилинган” ишга солиқ тўловчиларнинг пулини исроф қилиш шартмиди?

Давлат филармонияси биноси олдида ўрнатилган курра - алоҳида масала. Афтидан, у ер куррасини тамсил этиши лозим эди. Лекин ундаги қитъалар сони чекланган: атиги битта. Мулозимларнинг ғайратларини ҳисобга олган ҳолда, бунинг Бишкек глобуси эканини таваккалига тахмин этаман, чунки ундаги чизиқлар Қирғизистон чегараларига мутлақо ўхшамайди. Нафсиламрини айтганда, агар Тошкентда Ўзбекистон глобуси бўлса, нима учун Бишкек глобуси пайдо бўлиши мумкин эмас?

Глобус Бишкека
Бишкек глобуси. Diesel.elcat.kg сайтидан олинган фотосурат

Хонаки Ҳорун-ар-Рашид

Мулозимлар юқори лавозимли амалдорларни кутиб олишга қандай тайёргарлик кўраётганини Қирғизистон раҳбари Қурманбек Бакиевнинг шахсан ўзи текшириб чиқишга қарор қилди. Ана шундай мақсад билан у Бишкек кўчалари бўйлаб “кутилмаган” сафарни амалга оширди. Шу билан бирга, ахборот агентликларининг хабар қилишларича, президент ўз сафарини ҳеч кимга билдирмаган: “Қайд этиш жоизки, Президент Қ. Бакиевнинг машинаси шаҳар бўйлаб ДАН кузатувисиз, йўл ҳаракатининг барча қоидаларига риоя қилган ва одамларнинг диққат-эътиборини жалб қилмаган ҳолда айланиб чиқди”.

“Diesel Forum”дан иқтибос: “Роса кулдим. Бу иш Бакиев учун жасоратга ўхшаш нарса бўлса керак. Ахир одатда президент шаҳар бўйлаб ДАН кузатувида, йўл ҳаракатининг барча қоидаларига риоя қилмаган ва одамларнинг эътиборини тортган ҳолда юради-да. Умуман олганда, Тошкентда бўлганидай йўлакдаги одамларни кортежга к...ти билан қараб туришга мажбур қилмаётганлари учун ҳам раҳмат. Бу жуда ёқимсиз манзара бўларди, мен сизга айтсам”.

Мамлакатни доғда қолдиришни истаган давлат раҳбарининг режасига кўра мулозимлардан ҳеч қайсиси унинг “махфий суратда” халқ орасида юрганини билмаслиги лозим эди. Бироқ президентнинг “режаланмаган сайр”идан бир соат олдин милициянинг подполковникдан паст бўлмаган юқори лавозимли амалдорлари Қ. Бакиев машинаси ҳаракатланиши керак бўлган кўчаларни айланиб чиққанлар ҳамда умумий кўтаринкилик манзарасини бузиб турган барча корхоналарни ёпиш ҳақида шахсан буйруқ бериб чиққанлар.

Милиция охраняет маршрут президента
Милиция президент ҳаракатланажак йўналишни қўриқламоқда. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Мақола муаллифининг ўзи Бишкек-“Манас” аэропорти трассаси бўйлаб тонг саҳарда йўловчилар ва қизиқувчан анқовларни йўлдан ҳайдаб юрган милиция зобитларининг дарахтлар ортига беркиниб турганларига гувоҳ бўлди. “Diesel” форумидаги муаллифлар “тасодифан” айланиб юрган милиционерлар ва ИИВ академияси курсантлари Қирғизистон президенти “дафъатан” ўтиб қолиши керак бўлган бошқа кўчалар бўйларида ҳам юрганлари тўғрисида гапириб ўтганлар. Афтидан, ўша ажойиб тонгда уларнинг шунчаки уйқулари қочиб қолганга ўхшайди.

“Diesel Forum”дан иқтибос: “Мен бу хитлар тўдаси бутун шаҳар бўйлаб ҳар беш метр жойга қўйиб ташланган, деган хаёлга борибман. ШҲТга тайёрланишаётган бўлса керак, деб ўйлабман. Маълум бўлишича, президент қўриқчиларсиз сайр қилиб юрган экан”.

Яланғоч ҳақиқат

Бунақа “қовун тушириш”ларни санаб-саноғига етолмайсиз. Ишончим комилки, “ватанпарварлар” томонидан бўлажак менда ватанпарварлик туйғусининг йўқлиги ва бошқа номақбул қилиқларим юзасидан айбловлар ўзини куттириб ўтирмаса керак.

“Diesel Forum”дан иқтибос: “Ҳадеб ғингшийвериш жонингизга тегмадими? Уйингизга ҳурматли меҳмонлар келиши керак бўлган пайтда сиз нима қиласиз? Сиз уларга ўз оилавий муаммоларингиз ёки ўз камчиликларингизни кўрсатиб ўтирмайсиз-ку, аксинча, иложи борича ҳаммаси жойидалигини кўрсатишга уриниб, уларнинг барчасини қанчадир муддатга яшириб туришга ҳаракат қиласиз. Нега энди меҳмонлар келишидан олдин уй йиғиштиришни истамаган ва ота-оналарининг жонига тегиш учун баҳона қидираётган ёш болакайларга ўхшайверасиз. Қани, ғингшишни бас қилинг-чи”.

Шунинг учун ҳам аввалдан ўзимни қандай оқлашни ўйлаб қўйишим, конструктив танқид “ёмон нарса” эмаслигини, камчиликларни яшириш эса мамлакат ва миллат тараққиётига ҳалақит бераётган нарсанинг айнан ўзи эканини тушунтириб қўйишим керак. Ахир ҳолва деган билан оғиз чучимайди-ку.

Агар ҳозир қурилаётган нарсалар ҳеч бўлмаганда йигирма йилга етадиган қилиб қурилганида алам қилмасди. Афсуски, тажриба тадбир тугаганидан бир ҳафта ўтгач, ҳамма нарсанинг дарров эскириб қолишини ва аввалгидан кўра ёмонроқ аҳволга келиб қолишини кўрсатаяпти.


Diesel.elcat.kg веб-саҳифасидан олинган фотосурат

“Diesel Forum”дан иқтибос: “Бал тугайди, шамлар ўчади, меҳмонлар тарқайдилар – бунда фақат ҳокимиятни қўлида тутиб турганлар тимсолидаги ўзимизнинг масхарабозлар қоладилар, холос. Уларнинг чор-атрофни ободонлаштириш билан ишлари бўлмай қоладилар, расмийлар мастликдан кейинги карахтлик шарорасида тирқишларни ёпа бошлайдилар”.