17:01 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Мамлакатда нон танқислиги етилиб келаяптими?

13.08.2007 20:14 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистон йил сайин бўлиб турадиган дон ва нон маҳсулотлари нархининг “мавсумий” ошишига ҳечам кўника олмаяпти. Аммо бу йил нарх-наво бозорда арзончилик бўладиган ғалла ҳосилини йиғиб олиш авжига чиққан паллада кўтарила бошлади. Бу жабҳадаги муаммоларнинг барчаси ва ҳозирда вазиятнинг тобора кескинлашиб бораётганини ҳисобга олинадиган бўлса, мамлакатда нон танқислиги етилиб келаётганини истисно қилиб бўлмайди. Буни расмийлар буғдойнинг асосий экспортчиси бўлган Қозоғистонда нарх-наво ошиб кетгани ҳамда ун ва нон маҳсулотларини сотувчи тадбиркорларнинг найранг ишлатаётганлари билан изоҳламоқдалар. Расмийларга кўра, бу одамлар аҳоли аксар қисмининг асосий егулиги бўлмиш ун ва нон маҳсулотлари баҳосини сунъий равишда ошириб юборганлар. Бироқ нон ишлаб чиқарувчилар содир бўлган воқеаларга бошқача изоҳ бераяптилар. Қирғизистон ғалласининг асосий қисми етиштириладиган Чуй вилояти фермерларига кўра, дон нархи арзонламайди, чунки “давлат дон етиштирувчиларни қўллаётгани йўқ”.

Ҳудуддаги қўшма фермерлик хўжаликларидан бирининг раиси Екатерина Бицкога кўра, мамлакат ҳукумати “ноннинг қимматлашиши ҳақида жуда кеч гапира бошлади”. Шу билан бирга, “ҳеч ким ёнилғи баҳосининг бир ярим-уч сўмга қимматлаганини эслаб ҳам қўймади”. Бицко нон нархини арзонлатиш учун фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларни арзон ёнилғи билан таъминлаш ва дотациялар ажратиш зарур, деб ҳисоблайди. “Ҳукумат мажлисларида Қозоғистондан ғалла сотиб олиш ҳақида гапиришни бас қилиш пайти келди, эндиликда ўзимиздаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапира бошлашимиз керак”, - дея билдирди Екатерина Бицко. У қуйидагича мисол келтирди: унинг хўжалигидан уч юз тонна буғдой олган давлат идоралари доннинг пулини тўлашга шошилаётганлари йўқ. Бицко хўжалигига 2,87 миллион сўм (қарийб $55000) миқдорида зарар етказилган.

Қозоғистон Қирғизистонга бир килограмм буғдой учун тақрибан 12,6 сўмдан ($0,33) тўртинчи-бешинчи навли буғдой етказиб бермоқда. Ўз деҳқонларига эса ҳукумат икки баробар кам ҳақ таклиф қилаяпти. Ташқаридан келтирилаётган буғдой, асосан, макарон маҳсулотлари, спирт ва чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш учун мўлжалланган. Е. Бицко фикрича, давлатда бозор нархларига қай бир йўсинда таъсир этиш учун зарур миқдордаги буғдойнинг ўзи йўқ. Ҳукумат саъй-ҳаракатлари билан ҳозирги нарх “пасайиши” эса асосан нон вазнини камайтириш ҳисобига содир бўлаяпти: “Бугунги кунда ҳар бир буханка нон юз-юз эллик граммга енгиллади”. Шу билан бирга, ун ва нон маҳсулотлари ўн беш-йигирма фоизга қимматлади. Масалан, Жалолободда бир қоп уннинг баҳоси минг сўм ($27) туради, икки ойча аввал эса у етти юз сўмдан сотилаётганди.

“Фарғона.Ру” аввал ёзганидек, деҳқон хўжаликларининг майда-майда бўлиб кетгани ҳамда ташқаридан келтирилаётган ЁММ, маъданли ўғитлар ва қишлоқ хўжалик техникаси хизматининг қимматлиги қишлоқ хўжалик жабҳасини боши берк кўчага киритиб қўйган. Бу муаммолар ҳақида мамлакат президенти Қурманбек Бакиев ҳам ўзининг Жўғўрқу Кенешга (Қирғизистон парламенти) ўтган йилги мурожаатида айтиб ўтганди: “Қишлоқ хўжалигининг асосий муаммолари товар ишлаб чиқариш майдалиги, маҳсулот сифати ҳамда унинг технологик жиҳатдан қайта ишлаш даражасининг пастлиги, маркетинг тизимларининг, зарур инфратузилманинг йўқлиги бўлиб ҳисобланади”. Вазиятдан чиқиш йўли сифатида президент Бакиев қуйидагиларни амалга оширишни таклиф қилганди: “бир томондан, индустриал турдаги йирик махсус хўжаликларни барпо этиш, бошқа томондан эса муайян стандартдаги ва битта савдо белгиси остидаги бир хил товар ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирувчи тармоқ тузилмаларини ташкил этиш”.

Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари азалдан пахта, шоли ва полиз экинлари етиштиришга ихтисослашган, вегитация даври жанубдан кўра қисқароқ бўлган шимолий ҳудуд эса буғдой ва бошқа дон экинларини етиштириб келарди. Қурманбек Бакиевга кўра, мамлакатни “Қозоғистон, Россия, Европа, Хитой, Осиё мамлакатларига юқори сифатли, экологик жиҳатдан тоза бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етказиб берувчи сара “ферма” сифатида ихтисослаштириш мумкин эди”. Аммо турмуш ўз тузатишларини киритмай қўймаяпти.

Қирғизистонлик фермерлар пахта ва буғдой етиштиришдан бош торта бошлаганлар. Дейлик, Жалолобод вилоятида буғдой экилган майдонлар қисқариши кузатилмоқда, бу ерда маҳаллий фермерларнинг олган ҳосили ҳудуд аҳолиси эҳтиёжларини атиги ўттиз фоизини қоплаяпти, холос. Устига устак, буғдой ҳам мамлакатдан чиқиб кетаяпти: нарх баландроқ бўлгани учун деҳқонлар ўз ғалласини ички бозорда сотишдан кўра, қўшни Ўзбекистонда сотишни маъқул кўрмоқдалар. Бундан ташқари, вилоят аҳолиси Давлат моддий заҳиралар жамғармасидан етти минг тонна буғдой қарз бўлиб қолганлар, буни одамлар товар кредити сифатида олгандилар. Шунинг қабатида ички бозордаги вазиятни юмшатиш учун Қирғизистон ҳукумати томонидан ажратилган дон, юмшоқроқ қилиб айтганда, етарли эмас.

Аснода коррупция ҳам ишга ўз “ҳиссасини қўшмоқда”. Ҳукумат матбуот хизматининг шу кунларда маълум қилишича, Қирғизистон ҳукумати қошидаги Давлат хариди ва моддий заҳиралар бўйича давлат агентлигидаги махсус жамғарманинг масъул сақловчиси бўлган “Буудай-Қаракўл” ОҲЖдан 9,5 миллион сўмлик (255 минг АҚШ доллари) бир миллион тўрт юз минг тонна буғдой ўмарилгани аниқланган. Қиёслаш учун – 2004 йилдан 2006 йилгача бу ерда 1600 минг тоннадан кўпроқ дон ўғирланганди.

Ҳукумат матбуот хизмати қайд этишича, “Буудай-Қаракўл” корхонаси давлат заҳирасида бўлган донни сақлаш билан шуғулланган давр ичида ўзини инсофсиз ва масъулиятсиз ҳамкор сифатида тутган, ҳар йили такрорланаётган ўғирликлар ана шундан далолат беради”. Бироқ ҳукумат нима учун бундай ҳамкор билан ҳалигача ишлаётгани юзасидан аниқлик киритмайди.

Қишлоқ хўжалигини кредит билан таъминлаш жабҳасида ҳам ишлар кишини хурсанд қиладиган даражада эмас. Молиявий хизматларни ривожлантириш ва фермерлар олиши осон бўлган кредитларни бериш учун мўлжаллаган “Марказий Осиё микромолиявий альянси II” (CAMFA II) доирасида ўтказилган ишчи гуруҳнинг яқиндаги учрашувида Қирғизистон қишлоқ хўжалигини кредит билан таъминлаш молиявий хизматларнинг бу туридаги хатарларни камайтириш юзасидан самарали усуллар ҳали ишлаб чиқилмагани сабабли хатарли бўлиб ҳисобланиши қайд этилган. NBCA таҳлилчиларига кўра, “қишлоқ хўжалиги бўйича давлат суғуртаси йўқлиги туфайли аксар банклар қишлоқ хўжалигини молиялаштиришдек таваккалчиликка қўл урмаяптилар”.

Жалолобод вилоят қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Нурбек Жээналиевнинг қайд этишича, расмийлар шимолий вилоятларда буғдой йиғим-теримининг бошланиши билан нархлар пасая бошлашидан умид қилмоқдалар. Бироқ, унга кўра, “барибир аввалги нархларга қайтишнинг имкони йўқ”. Давлат соҳани ривожлантиришга оғизда эмас, балки амалда киришмагунича аҳвол шундайлигича давом этаверса керак.



 

Реклама