10:26 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқанд кўчмас мулк бозорида талотум юзага келишига нима сабаб бўлди?

13.08.2007 15:56 msk

Максим Исаев

Самарқандда кўчмас мулк агентликларининг сони кескин ошиб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, шаҳарда бунақа тузилмалардан йигирма бешдан зиёди фаолият кўрсатаяпти, бу эса уч-тўрт йил аввалгидан тақрибан беш баробар кўп деганидир. Улар билан бир қаторда кўчмас мулк олди-соттиси бўйича амалиётларда воситачилик қилаётган “индивидуаллар” ҳам ишлаяптилар. Самарқандда сўнгги икки-уч йил мобайнида турар-жой нархи ўртача беш баробар ошди. Кўҳна шаҳарда кўчмас мулкка бўлган талабнинг бу қадар ошиб кетишига нима сабаб бўлди? Риэлторлик агентликлари раҳбарлари билан бирга мониторинг олиб бориш асносида биз бу агентликлар хизматига талабнинг ошишига қуйидагилар сабаб бўлган, деган хулосага келдик. Ҳар йили тобора кўпроқ самарқандликлар чет элларда ишлашни афзал кўрмоқдалар ва хориждан иш топишга муваффақ бўлаяптилар. Уларнинг кўпчилиги учун чет эл сафарларидан асосий мақсад ўз бизнеси учун маблағ ишлаб топиш бўлиб ҳисобланади. Улар орасида уй-жой сотиб олиш ва тўй қилиш мақсадида ишлаётганлар ҳам оз эмас. Хорижда ишлаб топилаётган пуллар ватанга юборилади. Шу тариқа, сўнгги йилларда Самарқандда бўш ётган маблағларга эга бўлган оилалар тобора кўпайиб қолди. Агар авваллари бу пуллар доллар шаклида сандиқларда ётган бўлса, беш йил аввал эса бу заҳиралар кўчмас мулк бозорига ёғилди. Фуқаролар 2,5-4 минг доллар эвазига икки-уч хонали квартира олишдек эртак қачонлардир тамом бўлиши мумкинлигини тушуниб қолдилар. Бу “ойдинлашув” кўчмас мулк бозорининг фаоллашувига ва уй-жой нархларининг ошишига туртки бўлди. Бу босқичда иқтисодиётнинг мазкур бўғими саноқли ойларда сармоядорларга икки юз-уч юз фоизлик даромад келтириб, катта маблағларни сўриб кета бошлади. Ўша пайтларда Самарқандда ҳатто турар-жой бозоридаги кутилмаган талотум чўнтаги қаппайган бир гуруҳ шахсларнинг молиявий комбинацияси экан, деган гаплар тарқала бошлаганди. Улар гўё кўчмас мулкни жадаллик билан сотиб ола бошлаш билан одамларда ваҳима уйғотиб, кейин уни икки-уч баробарига пуллаш учун уй-жойларни харид қила бошлаган эканлар. Шундай бўлганми ёки йўқми – буни аниқлашнинг қарийб имкони бўлмади.

Бугунги кунда маҳаллий кўчмас мулк бозорида нисбатан барқарорлик ҳукмрон. Нарх-наво барқарорлашди, сезиларли нарх ошиши кузатилмаяпти. Маҳаллий агентликлар ходимларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги жонланиш кўплаб гастарбайтерлар ватанга қайта бошлаган куз-қиш мавсумида бошланади. Самарқанддаги квартираларга бўлган барқарор талаб сўнгги йилларда кўплаб қишлоқликларнинг, айниқса, ёшларнинг шаҳарга кўчиб келишга уринаётгани билан ҳам боғлиқдир. Қишлоқ аҳлида чорва ҳайвонлари ва ер участкаларини сотиб, каттагина пул жамғариш имконияти мавжуд. Бу ҳам Самарқанддаги турар-жой қийматига таъсир кўрсатмоқда.

Маҳаллий кўчмас мулк активлигига таъсир этаётган яна бир омил бу шаҳарнинг реконструкция қилинаётганидир. Кейинги йилларда маҳаллий расмийлар йўллар қуриш ва Самарқанд архитектурасини такомиллаштириш баробарида кўплаб эски уйларни бузиб ташлаяптилар. Уйлари бузиладиган кишиларга давлат, уларнинг талаблари ва инжиқликларини ҳисобга олган ҳолда, квартира сотиб олиб беришга мажбур.

Уй-жой танлашда самарқандликлар қандай мезонларга таянадилар?

Ҳозирги пайтда энг харидоргир уйлар Гагарин кўчасидаги, Университет хиёбони, темирйўл шоҳбекати ва “Марҳабо” ресторани атрофидаги квартиралар бўлиб ҳисобланади. Уларга бўлган талабнинг катталигига бу уйларнинг қулай қурилгани, темир-бетон деворлар ўрнига пишиқ ғишт ишлатилгани, транспорт чорраҳаларининг яқинлиги сабаб бўлмоқда.

Кўчмас мулк агентликлари ходимларининг қайд этишларича, сўнгги пайтларда самарқандликлар уй сотиб олишда янги квартиралардаги турмуш шароитига жуда катта эътибор қаратадиган бўлиб қолганлар. Совуқ сув туну-кун бериладиган, электр энергияси ва иссиқлик таъминотида узилишлар бўлмаган мавзеларда уйлар қимматроқ туради. Албатта, турар-жойнинг аҳволи ҳам катта аҳамият касб этади: агар квартира европача услубда таъмирланган бўлса, бунақа уй эгаси уни таъмирсиз уйдан кўра анча қимматроққа сота олади.

Бугунги кунда Самарқандда энг кўп харид қилинадиган уйлар икки хонали квартиралар бўлиб ҳисобланади. Уларнинг баҳоси, юқорида саналган ўлчамлардан келиб чиққан ҳолда, 14 мингдан 22 минг долларгачадир. Бир хонали квартираларнинг ўртача баҳоси 11 мингдан 17 минг долларгача.

Қайд этиш жоизки, Самарқандда уй-жой танлаш имкони жуда кенг - пулингиз бўлса бўлгани. Бу ерда ҳашаматли хусусий ҳовли-жойлар ҳам, эксклюзив таъмирдан чиққан 3-4-5 хонали квартиралар ҳам бор. Шу билан бирга, ҳалигача ҳам таклиф талабдан анча кўпроқдир.

Самарқанд кўчмас мулк бозоридаги муаммоларга эса кўҳна шаҳарда давлат томонидан қарийб ҳеч қандай янги уй қуриламаётганини ҳамда “Ипотека тўғрисида”ги қонун таъсири қарийб сезилмаётганини киритиш мумкин.



 

Реклама