12:36 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

ШҲТ Марказий Осиёдаги сув муаммосини ҳал этишга қодирми?

12.08.2007 21:09 msk

Арнур Рахимбеков

Муаллиф ҳақида: Арнур Рахимбеков – Қазинформ (Қозоғистон) Москва бюросининг катта мухбири

Сув заҳиралари Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун фаровонликнинг стратегик омилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Сув ҳам нефть, газ ва бошқа қазилмалар каби табиий бойликдир. У қишлоқ хўжалиги, энергетика, саноат, одамларнинг маиший ва физиологик эҳтиёжлари учун зарур. Шу билан бирга, минтақанинг айрим ҳудудларида, айниқса, асосий дарёларнинг қуйи қисмларида сувнинг миқдор ва сифат жиҳатдан танқислиги ижтимоий-иқтисодий вазиятга салбий таъсир кўрсатаяпти. Марказий Осиёдаги барқарорлик, биринчи навбатда, Россиянинг геосиёсий манфаатларига жавоб беради.

Кейинги ҳафтада Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Ушбу учрашувнинг авж нуқтаси шубҳасиз “Тинчлик миссияси-2007” ҳарбий машқлари бўлади. Шу тариқа, “олтилик” жаҳонга Ташкилот ҳозирдаги ривожланишининг асосий ва бош банди минтақавий хавфсизлик бўлиб қолаётганини англатиб қўймоқда. Албатта, Хитойнинг жадал ривожланиши, “11 сентябрь” воқеалари, шундан сўнг бошланган афғонистонлик толиблар билан кураш, “Андижон исёни” кабиларнинг ҳаммаси ШҲТнинг икки асосий вазифасини – хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик вазифаларини белгилаб берди.

Шунга қарамай, Марказий Осиёда тобора мураккаблашиб бораётган сув билан боғлиқ муаммо ШҲТдаги “асосий ўйинчилар” бўлмиш Россия ва Хитой эътиборини тортиши керак. Марказий Осиё икки қудратли давлат учун геосиёсий жиҳатдан “жавобгар бўлинган ҳудуд” ўлароқ белгилаб олинганидан келиб чиқадиган бўлсак, минтақадаги хавф солувчи тенденциялар Шанхай ташкилоти форматида кўриб чиқилиши мумкин ва зарурдир. Хавфсизлик ва иқтисодиёт жиҳатларига юксак диққат-эътибор қаратилаётгани юзасидан ҳеч кимда шубҳа йўқ. Бироқ, амалда “сув муаммоси” бундан жиддийроқ кўринишга эгадир.

Марказий Осиёдаги вазиятни кузатиб юрган кишилар “ислом фундаментализми”, “уйғур бўлгинчилиги” каби хавфлар унча долзарб бўлмай қолганини кўриб турибдилар. Халқаро коалиция, Ироқдан фарқли равишда, Афғонистондаги вазиятни озми-кўпми назорат қилиб турибди. Хитойнинг бўлгинчиликка қарши қўллаётган самарали чора-тадбирлари ҳамда мамлакатдаги ғарбий ҳудудларнинг иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланиши ҳам кутилган натижаларни берди.

Аснода БМТ кўмаги тайёрланган “Янги мингйилликда Қозоғистоннинг сув заҳиралари” маърузаси муаллифлари “минтақадаги сув танқислиги, айниқса, иқлим ўзгариши ҳисобга олинадиган бўлса, тобора ошиб боради”, дея эътироф этадилар, бу эса алоҳида олинган ҳудудларнинггина эмас, бутун минтақанинг барқарор ривожланишини хатар остига қўяди.

Замонамиздаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитда минтақада фаровонликни барпо қилишнинг энг оқилона йўлларидан бири - Марказий Осиёда сув заҳираларини экотизимли бошқариш тамойилларини амалга оширишдир. Бироқ минтақада сувдан барқарор ва адолатли фойдаланиш тартибини яратиш бир қатор қийинчиликларга дуч келмоқда, айни пайтда уларнинг асосийлари сунъий равишда пайдо қилинган. Маълумки, Қозоғистон сув заҳираларининг қарийб ярми қўшни давлатлар бўлмиш Қирғизистон, Ўзбекистон, Россия ва Хитой ҳудудларидан келади. Шу билан бирга, чегаралараро дарёлар заҳираларидан фойдаланиш масаласи ҳалигача халқаро даражада етарлича тартибга солинмаган жабҳа бўлиб қолмоқда. Бунинг устига, Қозоғистоннинг айрим қўшнилари (айниқса, Хитой) кўплаб йиллар мобайнида Марказий Осиёда чегаралараро сув заҳираларидан адолатли ва ўзаро манфаатли фойдаланиш тартибини жорий этиш ҳаракатларини онгли равишда эътиборсиз қолдириб келмоқдалар.

Шунинг қабатида “Бишкек саммити”да сув-энергетика муаммоларининг кўриб чиқилиши ижобий сигнал бўлиб ҳисобланади. “Беш мамлакат сув ва энергия муаммоларини ҳал қилишда умумий ечимларни топишлари керак”, - дея билдирди Тожикистон ташқи ишлар вазири Хамрохон Зарифий. Ўз навбатида, Қирғизистон июль ойи бошида Марказий Осиё энергетик биржасини ташкил этишни таклиф қилди. Шу тариқа, “сув муаммоси”нинг ҳал қилинишидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари манфаатдордирлар. Бу масаладан Ўзбекистоннинг ҳам ўз манфаатлари бўлиши эҳтимоли катта.

Экспертларга кўра, бу масалада Марказий Осиёда асосий “ўйинчи” мавқеини ҳозирча сақлаб қолишга муваффақ бўлаётган Россиянинг сиёсий қадами катта аҳамият касб этади.