14:44 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Александр Князев: ШҲТ учун имконият

10.08.2007 21:47 msk

Д. Кислов ёзиб олди

26-28 июнь кунлари Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё учун ҳамкорлик ва интеграция лойиҳалари: қиёсий таҳлил, имконият ва истиқболлар” анжумани материаллари тўплами ёруғ кўрди. Кўриб чиқилаётган лойиҳалар ичида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти охирги ўринларни эгалламагани тушунарли, албатта. ШҲТнинг Бишкек саммити арафасида “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги анжуман ташкилотчиларидан бири ва тўплам ношири, таниқли эксперт, профессор Александр Князев билан суҳбатлашди.

Профессор Александр Князев. Фото ИА Фергана.Ру
Профессор Александр Князев. Фарғона.Ру АА фотоси

Фарғона.Ру: - 16 август куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Бишкекда йиғиладилар. Ҳозирги Бишкек саммитининг очилишидан анча олдин унинг атрофида аввалда бўлмаган турли мулоҳазалар ва шубҳалар, ҳар хил тахминлар пайдо бўлганди...

Александр Князев: - Бу ерда икки жиҳатни ажратиб кўрсатиш керак. 2005 йил мартида ҳокимият тепасига келган республика ҳукуматининг ҳаммага маълум бўлган заифлиги, унча салоҳиятли эмаслиги, мухолифатнинг ҳар баҳорда фаоллашиб қолиши, Қирғизистонда системали тарзда давом этаётган иқтисодий бўҳрон... – буларнинг ҳаммаси сиз айтаётган қутқуни юзага келтирган манзара эди.

Иккинчиси кўпроқ геосиёсат билан боғлиқ. Масалан, Лондон халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг Россия ва Евросиё бўйича дастури раҳбари, биз чоп қилган тўплам муаллифларидан бири Оксана Антоненко ўз маърузасидаги боблардан бирини “Шубҳалар тарихи” деб номлабди... Ғарб матбуоти ШҲТ мавзусида ёзаётган мақолалар сарлавҳасини бир қараб кўринг. “Россия-Хитой ҳарбий машқлари ортида нима бор?” – дея савол қўяди “Radio France Internationale”, унга “Washington Times”: “АҚШга қарши йўналтирилган машқлар”, дея жавоб беради… “Кўпчилик билмайдиган энг хавфли иттифоқ” – дея билдиради “New York Sun”, “Россия Хитой билан Шарқ учун НАТО яратишни истамаяптимикин?” – дея савол ташлайди “Christian Science Monitor”, “Диктаторлар клуби астойдил куч йиғаяпти” – дея мавзуни такрорлайди Британияда чиқувчи “Guardian”, “Boston Globe” эса ШҲТда “Аксилбушча альянс”ни кўради… Етадими? Бу истисно ҳолати эмас, бу Ғарбда ШҲТни қабул қилиш меъёридир. Гарчи ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарларидан ҳеч ким ва ҳеч қачон бу ташкилотни ҳарбий-сиёсий жиҳатдан АҚШ ва умуман Ғарбга ёки НАТОга қарши турувчи ташкилот ўлароқ кўрсатмаган бўлса ҳам... 1999 йил августида бўлиб ўтган Бишкекдаги саммитдан бошлаб ташкилот фақат бир қутбли жаҳон тузилишини қабул қилмаслигини таъкидлаб келади, холос... Лекин ШҲТда минтақавий хавфсизлик, сўнгги пайтларда иқтисодиёт жабҳасида қабул қилинаётган ва амалга оширилаётган қарорлар, албатта, Американинг ва қай бир нисбатда Европанинг Марказий Осиёда ўз манфаатларини амалга ошириш бўйича режаларига ҳалақит бераяпти. Ғарбда ШҲТнинг бу қадар салбий қабул қилинаётгани сабаблари ҳақидаги саволга балки шу ердан жавоб излаш керакдир?

Фарғона.Ру: - Хитой ҳақида нима дейсиз?

Александр Князев: - Хитой бу келажакдаги иш. Хитойнинг минтақа республикаларига таъсири тобора ошиб боришига ҳеч қанақа шубҳа йўқ. Бир томондан Хитой, бошқа томондан постсовет республикалари ўртасида савдо-иқтисодий фаолиятлар фаоллашишида хитойлик фуқароларнинг минтақа республикаларига кўчириш жараёнини бошлаш учун реал имконият пайдо бўлади, деган фикр мавжуд. Бу ерда ваҳима қилишга асос йўқ, деб ўйлайман, аммо бу ҳали аниқ бир жавоби йўқ савол бўлиб ҳисобланади. Хитой ҳозирлигининг кенгайиши маҳаллий сиёсий элиталар билан ҳамкорлик юзасидан Хитой тактикасини ишлаб чиқилишига сабаб бўлади. Хитой ҳозирда иқтисодий бўҳронга кириб кетаяпти, шунинг учун ҳам яқин орадаги хатти-ҳаракатлар анча босиқлик билан амалга оширилади. Мен Марказий Осиёда ҳам Хитой Россия билан биргаликда ҳаракат қилади, деб ўйлайман. Россия-Хитой алоқалари Россия протекционизми ва Хитой прагматизми сабабли мураккаблашмоқда, аммо Американинг ҳозирги гегемонизми бартараф қилинмас экан, Хитой ва Россия стратегик жиҳатдан ўз ҳамкорлигини кенгайтираверадилар.

Фарғона.Ру: - Демак, Хитой кўпроқ келажакдаги иш экан-да? Бишкекдаги бўлажак саммитни эътиборга олган ҳолда энди Россиянинг минтақадаги ва ШҲТдаги роли ҳақида гапириб ўтишнинг айни пайти бўлса керак?

Александр Князев: - Бугунги кунда минтақа халқлари тақдирларининг умумийлиги ҳақида гапирилаётганда, Марказий Осиё элларини мутлақо Россия империяси ва Совет Иттифоқи доирасидаги тақдирлар умумийлиги бирлаштиришини англаш лозим. Бу ўтмиш маҳаллий ҳамжамиятнинг бир қисми томонидан анча салбий қабул қилинади ва бирлаштирувчи ибтидо бўлолмайди. Ҳолбуки, Россия ташқи сиёсий устивор йўналишларининг сўнгги йиллардаги трансформацияси Россия иштирокидаги минтақа мамлакатлари интеграцияси янги моделларини ишлаб чиқиш учун катта имкониятлар яратмоқда. Россия бу ерда қанақадир монополист сифатида чиқаётгани йўқ: ШҲТ доирасида ҳам яна ўша Хитой билан-да тўлақонлик конструктив ҳамкорлик ривожланиб бораяпти. Россиянинг Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларидаги роли ҳақида Россиянинг Тожикистондаги элчиси Р. Абдулатипов сўзларини келтириш ўринли: “бу вариантларнинг ҳеч қайси бири яқин келажакда Россиясиз амалга оширилиши имконсиздир”.

Фергана.Ру: - Келинг, ШҲТга қайта қолайлик. Бу ташкилот келажакдаги жаҳон тузилишида нимаси билан истиқболли бўлиб ҳисобланади?

Александр Князев: - Россия ва Хитойнинг АҚШ билан жаҳон тузилишини ташкил этиш юзасидан муносабатидаги асосий келишмовчилик Америка ўз сиёсатини монополизм асосига қурганида акс этарди, бу эса Хитой ва Россия манфаатларига қарама-қарши келарди. Айнан шу омил Россия билан АҚШ ҳамда Хитой билан АҚШ ўртасидаги сиёсий зиддиятларга асосий сабаб бўлганди. Россия ва Хитойнинг бу аҳволни яхши томонга ўзгартиришга уриниши стратегик ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилганди. Аммо айни пайтда на Хитой, на Россия АҚШга қарши туришни ўзига стратегик сиёсий платформа ва мақсад қилиб олмаганди.

ШҲТ, кенгроқ қамровда, келажакдаги ролларни тақсимлаш механизмига айланиш учун барча имкониятларга эга. Бу нарса айниқса БМТ ва ЕХҲТ анчадан бери бўҳрондан чиқа олмаётгани қабатида янада аҳамиятли бўлиб боради.