21:14 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Эстрада қўшиқлари самарали мафкуравий қурол ролини ўйнаяпти

09.08.2007 15:17 msk

Бобур Мирзоев

Суратда: Юлдуз Усмонова

Биринчи сентябрь куни Ўзбекистон ўз мустақиллигининг навбатдаги санасини нишонлайди. Анъанавий тарзда ўтказилувчи дабдабали байрамга мафкуравий жиҳатдан тайёргарлик кўриш авж паллага чиққан. Икки ойдирки, мамлакат телеканаллари эндиликда “ҳамманики ва ҳар бир кишиники” деб аталаётган байрам ҳақида махсус роликларни ҳар соатда айлантириб ётибдилар. Яқинлашиб келаётган байрамнинг энг асосий ва зарурий аломатларидан бири ватанпарварлик қўшиқлари бўлиб қолмоқда, бугунги кунда бунақа қўшиқлар ўзбек эстрадасининг сал кўзга кўринган ҳар бир қўшиқчиси репертуарида бор.

Эстрада қўшиқчилари воситачилик қилаётган давлат мафкурасининг асосий йўналиши қуйидагича: Ўзбекистон - дунёдаги энг зўр давлат, унинг раҳбари Ислом Каримов эса замонамизнинг энг доно ва узоқни кўра оладиган сиёсатчисидир. Ижтимоий ҳаёт, маданият, адабиёт, спорт янгиликлари ва ҳатто хориждаги сиёсий воқеалар тўғрисидаги янгиликлар ҳам аҳолига битта қайлага қўшиб тортилади: “Бу ажиб мамлакатда туғилиш бахтига муяссар бўлганинг учун Худога шукур қилиб яшайвер ва шундан шодлангинки, душманларинг ҳасаддан ёрилиб ўлсин”. Душманлар эса сиёсий конъюнктура ва мамлакатдаги асосий кишининг кайфиятига қараб вақти-вақти билан алмашиниб туради. Бир пайтлар душман Россия ва “совет мустамлакачилик ўтмиши” бўлганди, кейин унинг ўрнини АҚШ эгаллади, аммо мана, ўн йилдан ошибдики, мустақил Ўзбекистоннинг ўзгармас душмани “диний экстремистлар” бўлиб келмоқда, бунақа душманлар орасига ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган исталган мўъмин-мусулмонни қўшиб қўйишлари мумкин.

Алҳол, яна давлатнинг мафкуравий машинасига бўйсундирилган ўзбек эстрадасига қайтсак. Тошкентлик таниқли қўшиқчилардан бирининг қайд этишича, “бу соҳада ёзилмаган, аммо доим яхши иш берадиган қонун бор, бу қонунга мувофиқ ўзбек эстрадаси артистлари репертуарининг ўттиз фоиздан кам бўлмаган қисми ватанпарварлик мавзусига бағишланиши шарт”. Бунга бўйсунмаган кишилар йўқ деганда мавқеидан ажралиб қолишлари мумкин.

Қайд этиш жоизки, ўзбек қўшиқчилари бу “ўттиз фоизлик тўсиқ”дан чираниб ўтибгина қолмай, балки тезда оммалашиб кетадиган ватанпарварлик қўшиқларини ҳам яратаяптилар. Бунда мафкура ходимлари ҳам мисли кўрилмаган самарага эришмоқдалар: кўплаган қўшиқлар одамларга ватанпарварлик туйғусини юқтирибгина қолмай, уларга носоз турмушнинг кундалик муаммоларини эсдан чиқаришда ёрдамлашиб, тингловчиларга банг моддасидай таъсир қилаяпти.

Шу билан боғлиқ равишда бир неча йил аввал содир бўлган воқеа ёдга тушади. Наманган шаҳрида бўйлаб таксида кетаётганимда ёнимдаги икки йигит 1999 йил 16 февралида Тошкентда содир бўлган портлашлар ҳақида гап бошлашиб, мамлакат раҳбарияти сиёсатини ғазаб билан танқид қила бошладилар. Бу таксида кетаётган бошқа бир йўловчи аёлнинг норозилигига сабаб бўлди, ёши каттароқ бу аёл мактабда ўқитувчи бўлиб ишларкан ва Ислом Каримов даҳоси қаттиқ ишонар экан. Икки ўртада мунозара бошланди, ваҳоланки ўша пайтларда одамлар бунақанги масалаларни очиқ муҳокама қилишга қўрқардилар. Такси ҳайдовчисининг инсофга чақиришлари кор қилмади – ўқитувчи йигитларни “сиёсий жиҳатдан хомлик”да айблаб, танбеҳ бера бошлади, улар эса ўз билганларидан қолмасдилар. Мен томонга шубҳаланиб қараб қўяётган ҳайдовчи (Ўзбекистонда исталган нотаниш одам, айниқса ҳозирги пайтда, махсус хизмат ходими ёки чақимчи бўлиб чиқиши мумкин) радиони қўйиб юборди. Салонда ўзбек эстрадаси юлдузи Юлдуз Усмонова ижросида ватан ҳақидаги машҳур қўшиқ янграй бошлади. Йўлдошларим дарров жим бўлиб қолишди. Икки дақиқалардан кейин баҳслашувчиларнинг ҳаммалари қўшиқчига жўр бўлиб куйлаб кетардилар.

Одамларда бунақа “яраштирувчи” ва “таскин берувчи” таассурот қолдиришга ўзбек қўшиқчилари бугунги кунда ҳам эришаяптилар. Ватанпарварлик қўшиқлари юзлаб топилади. Улар ичида ўнлаб қўшиқлар муваффақиятли мусиқий сайқал топгани ва видеоклипнинг жуда яхши ишлангани туфайли шлягерга айланаяпти. Бу қўшиқларга деярли бутун мамлакатга жўр бўлаяпти. Бундай қўшиқ ижрочилари мухлислари орасида президент Ислом Каримов ҳам бор. Ўзбекистон аҳли мамлакатнинг етакчи телеканаллари орқали намойиш қилинган Наврўз байрамларидан бирида рўй берган воқеани яхши эслайди. Ўшанда Юлдуз Усмонова Ўзбекистон ва унинг доно раҳбарини васф этувчи энг машҳур қўшиқларидан бирини ижро этиб бўлганидан сўнг президент Ислом Каримов шахсий қўриқчиларини саросимада қолдириб, бир неча ўтирғичдан сакраб ўтиб, саҳнага чиққан ва қўшиқчи аёлни ўпиб қўйганди.

Шу ўринда ўз ижодиётини доим “ўз вақтида” таклиф қилувчи қўшиқ муаллифларининг фавқулодда топқирлигини қайд этиб ўтиш жоиз. Масалан, юқорида зикр этилган Тошкентдаги портлашлардан кейин президент Каримов “Ўз юртингни, ўз уйингни ўзинг асра!” шиорини ўртага ташлаганидан кейин айнан шунақа сўзлар акс этмиш қўшиқ пайдо бўлганди. Юлдуз Усмонованинг “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!” қўшиғи эса Каримовнинг ўз элини “халқнинг осойишта турмушини бузишни ва мамлакатнинг гуллаб-яшнашига ҳалақит беришни истовчи бошқа мамлакатлардаги ҳасадгўйлар”га муносиб жавоб беришга чақирган нутқидан кейин пайдо бўлганди. Бугун эса мамлакат телеканалларида ўзбек эстрадасининг ёш юлдузи Гулсанам Мамазоитованинг “Ўзбекистон” қўшиғи кўпроқ айлантирилаяпти. Бу қўшиқнинг мазмуни “Қандай қадам ташламоқни ўргатмагин сен, Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен…” бўлиб, бу Ислом Каримовнинг “Ўзбекистонга ўзининг жирканч демократик тамойилларини тиқиштираётган” Ғарб давлатларига, энг аввало, АҚШ раҳбариятига мурожаати аксланган ҳозирги чиқишлари бош тезисининг кўчирмасидир.

Ўзбек эстрада санъати ҳақида гапира туриб, бир неча йил аввал эллик ёшида вафот этиб кетган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни эслаб ўтмаслик мумкин эмас. Энг таниқли ўзбек қўшиқчиларининг қарийб барча энг машҳур қўшиқларининг сўзлари айнан шу шоир томонидан ёзилганди. Адабиётчиларнинг эътирофлари кўра, замонавий ўзбек шеърияти ватан ҳақида, ватанга, она заминга, онага муҳаббат ҳақида бундай теран ва таъсирли қилиб ёзолган бошқа бир шоирни билмайди. Эстрада қўшиқчилари эса Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари ўз мусиқаси билан туғилганлигини қайд этадилар.

Бироқ шоир шеърлари орасида ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ва бетакрор латиф лирик манзумалардан ташқари кам деганда яқин ўн йиллар ичида қўшиқ бўла олмайдиганлари ҳам бор. Улар ўзбек халқининг “муваффақиятлари” ва юртбошининг “донолиги” мадҳ этилган шеърларга мутлақо оҳангдош эмас.

Масалан, шоирнинг сўнгги тўпламларидан бирида қуйидаги мисралар бор:

“Тузалмас бу дардим менинг,

Умидим йўқ.

Хира шамдек кўзларимда

Сўнмоқда чўғ...”

Мазкур шеърда “Тузалмас бу дардим менинг, ўлсам керак” деган сўзлар бор. Бу жумла билан Муҳаммад Юсуф худди ўзининг бевақт ўлимини башорат қилгандай бўлганди. Шоир айни кучга тўлган пайтда ҳаётдан кўз юмди, аммо унинг қўшиқлари одамларнинг қалбида яшаб келмоқда ва афсуски, расмийлар мафкурасига хизмат қилишда давом этмоқда. Тахмин қилиш мумкинки, бу мафкура билан шоирнинг дош беролмаган юраги ҳар доим ҳам келишавермаган.