06:32 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сергей Ежков: “Ўйлаганимни гапирсам ва буни одамлар эшитса – менга шунинг ўзи кифоя”

08.08.2007 16:15 msk

Андрей Кудряшов ёзиб олди

Сергей Ежков “Правда Востока” республика газетасида узоқ вақт ҳуқуқ бўлими мудири бўлиб ишлаган тошкентлик мустақил журналистдир. 2006 йил бошида у “Узметроном” сайтини ташкил этиб, унга етакчилик қила бошлади. Ўзбекистондаги турмуш воқеаларига бағишланган рус тилидаги сайт тезкорлиги, воқеалардан бохабарлиги ва баёндаги киноявий услуби билан тез орада оммалашиб кетди. Ўзбекистонда “Узметроном” энг “зарарли” сайтларда бири ҳисобланади, шунинг учун ҳам у провайдерлар томонидан ҳар томонлама бўғилади. Шунга қарамай, сайт таҳририяти Тошкентда жойлашган, бу эса сайт муаллифи ва муассиси Сергей Ежковга кўплаб саволларни туғдиради. Қуйида “Фарғона.Ру” С. Ежковдан олинган интервьюни ўз муштарийлари эътиборига ҳавола этади.

Сергей Ежков
Сергей Ежков. “Фарғона.Ру АА” фотоси

Фарғона.Ру: - Сергей Александрович, кейинги бир ярим йил ичида Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият мабодо ўзгарган бўлса, унча яхши томонга ўзгаргани йўқ. 2005 йилда Андижонда содир бўлган фожеали воқеалардан сўнг мустақил ва чет эл матбуоти куч ишлатар тузилмаларни кескин танқид қилиб чиққанидан, Европа Иттифоқи эса Ўзбекистон ҳуқуматига нисбатан санкциялар жорий қилганидан кейин маҳаллий расмийлар журналистлардан чинакамига ғазаблангандилар, натижада кўплаб хорижий ОАВ ўз ходимларининг хавфсизлигини ўйлаб, Ўзбекистондаги ваколатхоналарини ёпгандилар. Мустақил журналистларнинг кўпи қаттиқ босим ва таъқибларга дучор бўлгандилар, шундан сўнг уларнинг айримлари оғизларини ёпишга мажбур бўлгандилар, бошқалари эса мамлакатни тарк этиб кетишни маъқул кўргандилар. 2006 йили Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон фуқароларига жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилароқ, ТИВда расмий аккредитация ололмаган оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишни маън этувчи махсус қарор чиқарганди. Бу қўрқинчли вазиятда Сиз ўз саҳифаларида расмийларга ёқмаган танқид аксланмиш кундалик турмушдаги энг долзарб масалаларни мунтазам равишда чоп қилиб бораётган мустақил сайтга етакчилик ва муҳаррирлик қиляпсиз. Айни пайтда “Узметроном” мамлакат ичида, Тошкентнинг қоқ марказида, президент девони ва куч ишлатар идораларнинг шундоққина бурнини тагида фаолият юритаяпти. Бунга қандай эришаяпсиз?

Сергей Ежков: - Очиғини айтсам, ҳамкасбларим, дўстларим ва шунчаки танишларим менга бу саволни тез-тез бериб турадилар. Аммо менда бунга жўяли бир жавоб йўқ, чунки мен бугунги кунда Ўзбекистонда журналистлар фаолияти устидан назоратни амалга ошираётган одамлар билан бевосита мулоқот қилишдан жуда йироқман. Мен ишлаётганим бор гап, менда ишлашимга кимдир жиддий ҳалақит бераётгани ёхуд таҳдид ва ё шахсий таъсир кўрсатиш нисбатида қандайдир тўсиқлар қўяётгани ҳақида гапиришга асос йўқ. Ҳа, мени кўпчилик ёқтирмайди. Буни биламан. Аммо мени ўқиётганларини ҳам биламан. Мен аниқ биламанки, қатор куч ишлатар тузилмаларидаги ва бошқа давлат муассасаларидаги кўплаб масъул шахслар ўзларининг ҳар бир иш кунини улар учун унча ёқимли бўлмаган янгиликлар ёки фикрлар билан танишиш мақсадида “Узметроном” сайтини очишдан бошлайдилар. Ҳар бир мамлакатда кўнглига келган гапни айта оладиган ҳеч бўлмаса битта “шаҳар жинниси” бўлса керак. Менга шунақа “шаҳар жинниси” ёки ҳатто масхарабоз сифатида чидаб келаётган бўлсалар керак, деб ўйлайман. Мени бу қониқтиради. Фақат ишлашга ҳалақит бермасалар бўлгани.

Фарғона.Ру: - Расмий тузилмаларда Сизни ҳеч ким ўз “соя”сига олмаганми?

Сергей Ежков: - Йўқ.

Фарғона.Ру: - Айтишларича, Сиз президент Ислом Каримовнинг омма олдидаги чиқишлари матнини ёзаркансиз ёки ёзган экансиз...

Сергей Ежков: - Бу нотўғри. Умуман олганда, мен тўғримда турли-туман ғалати, баъзан кулгили, баъзан эса расво афсоналар юради. Масалан, ҳозирда чет элга кетиб қолган айрим журналистлар мени “миллий хавфсизлик хизмати агенти” деб гап тарқатиб юрганларини биламан. Бундан ташқари, гўё мен шахсан Ўзбекистон президентининг ҳимоясида бўлганим учун менга эркин ишлаш ва истаганимни қилишга қўйиб беришлари ҳақида афсоналар тарқалганди. Аммо бу, менимча, ҳақиқатдан йироқ бир гап. Мен Ислом Каримов учун ҳеч қачон матн ёзмаганман. Лекин бошқа журналистлар қатори мен ҳам Ислом Абдуғаниевич билан учрашганман. Шунингдек, мен 2003 йилда президентнинг 65 йиллиги муносабати билан нашр этилган “Ислом Каримов” китоби сўзбошисидаги давлат раҳбари “Сиёсий портрети”нинг муаллифи бўлиб ҳисобланишим ҳам рост. Қолган гаплар эса уйдирма.

Фарғона.Ру: - “Узметроном” сайти қайси маблағ эвазига кун кўради?

Сергей Ежков: - Биз фақат шахсий жонбозлигимизга таянган ҳолда ишлаяпмиз, таъбир жоиз бўлса, бу альтруизмдир. Биз ҳеч кимдан грант олмаганмиз ва ҳеч қанақа молиявий манбамиз ҳам йўқ. Хостинг учун тўланадиган ҳақ қисман Google рекламаси ҳисобидан қопланади. Аммо бу пул етмайди. Ҳақиқатан ҳам пул йўқ, ҳеч ким бермаяпти. “Демократия учун курашаётганлар” ҳам, “демократлар” билан курашаётганлар ҳам. Аммо мен бу иш билан шуғулланаяпман ва бундан буён ҳам шуғулланавераман, чунки бу иш менга ёқади. Мен ўз табиатимга кўра доим якка бўри бўлиб келганман...

Фарғона.Ру: - Бу “Узметроном” “бир актер театри” деганими, моҳиятан, бу Сизнинг шахсий блогингиз ёки “тирик журнал”ингизми?

Сергей Ежков: - Йўқ, албатта. Таҳририятда тизим маъмури ва долзарб хабарларни олиб келиб турадиган штатсиз ходимлар бор. Шунчаки, мен бошқа жойларда ишлаб топган пулимни сайтни ахборот билан таъминлашга сарфлашга мажбурман.

Фарғона.Ру: - Сизга бу нима учун керак?

Сергей Ежков: - Менимча, ҳар бир одамни ҳаракатга келтирган нарса унинг амбицияларидир. Аммо камдан-кам одам ўз кўнглидаги ишни қила олади. “Узметроном” сайти мен учун ўз фикримни ифода қилиш учун реал имкониятдир. Ўйлаганимни гапирсам ва буни одамлар эшитса – менга шунинг ўзи кифоя.

Интервьюнинг давомини рус тилида бу ерда ўқишингиз мумкин.