15:13 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон бош вазири учун уй вазифаси

08.08.2007 14:47 msk

Муштарий мактуби

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририяти Ўзбекистон ҳукумати раҳбари номига битилган қизиқ мактубни олди. Мазкур хатда кўтарилаётган муаммо фақат Самарқанд шаҳри учун эмас, балки бутун республика учун долзарб, деб ўйлаймиз. Бироқ биз Ўзбекистон бош вазирининг хат муаллифига лутфан жавоб беражагига мутлақо умид қилаётганимиз йўқ. Балки сайтимиз муштарийлари бу борада ўз тахминлари ва фикрлари билан ўртоқлашарлар?

“Муҳтарам бош вазир жаноблари!

Мен Самарқандда туғилганман ва ўша ерда ўқиганман. Кейин, тақдир тақозоси билан, Самарқанддан кетдим ва орадан ўттиз йил ўтганидан сўнггина қайтиб келдим. Мен шаҳарни таниёлмай қолдим – у тоза, гўзал, қанақадир афсонавий шаҳарга айланибди. Менга бу Сизнинг хизматингиз эканини ва Сиз раҳбарлик қилган пайтда Самарқанд вилоятида катта ўзгаришлар бўлганини айтиб беришди.

Мен 45-мактабда ўқигандим, математика фанидан Оскина Мария Васильевна ва Орлова Елизавета Петровна деган жуда яхши ўқитувчиларим бор эди. Мен ҳозир ҳам математикани жуда яхши биламан ва математика фанидан ҳар қандай олимпиадада иштирок этишим мумкин, деб ҳисоблайман. Аммо Самарқандда менга нимадир бўлди: қўшнимизнинг еттинчи синфида ўқийдиган боласига ўзим тузиб берган мисолни ечиб беролмадим. Ўзимни ташвишлантирган саволга ҳечам жавоб топа олмаганим менга ҳали ҳам тинчлик бермаяпти. Балки бу мисолни вазирларингиздан бирортаси ечиб берар?

Мисолни соддалаштириш учун унда келтирилган барча сонлар шартли деб олинди.

Дейлик, Самарқанд вилоятига электр энергияси етказиб берувчи электр станциялари соатига 100 киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу киловаттларни улар истеъмолчига узатадилар. Тақсимловчи подстанциялар орқали бу 100 киловатт (минимал йўқотишлар фоизини ҳисобга олмай қўя қоламиз) истеъмолчига етиб келади. Истеъмолчи ўз уйидаги ҳисоблагичга қараб, унда кўрсатилган рақамларга мувофиқ ҳолда Шаҳар электр тармоқлари идорасига пул тўлаш учун боради. Бунда 1 киловатт электр энергияси 1 сўм бўла қолсин. Пировардида энергетиклар истеъмолчига узатилган электр энергияси учун 100 сўм олишлари керак.

Аммо бу ерда сувости тошлари бор экан. Ҳисоблагичда акс этган рақамларни текширишга келган назоратчи истеъмолчига ҳисоблагични орқага айлантириб бериш бўйича ўз хизматини таклиф этади. Мен сўраб чиққан ўттизта самарқандликнинг йигирма саккизтаси ҳисоблагични ҳақиқий кўрсаткичдан тақрибан саксон фоизга “орқага айлантириб берилиши”ни айтдилар. Шунга мувофиқ равишда, фойдаланилган 100 киловатт учун истеъмолчилар 100 сўм эмас, балки 20 сўм тўлаяптилар. Англашимча, электр тармоқлари ходимлари ҳам, шаҳар газ таъминоти ходимлари ҳам худди шу йўсинда ҳисоблагични “орқага айлантириб” берарканлар. Назоратчилар ва уларнинг бошлиқлари ўз топқирликлари учун ширинкомани жон деб оларканлар: пировардида ҳамма хурсанд. Энди мисолдаги асосий саволга ўтсак. Электр станцияси кўрган зарар қандай, кимнинг ҳисобидан ва қай кўламда қопланади? Ҳисоблагичларни орқага айлантириб берган кишиларнинг чўнтагига қанча пул тушмоқда? Ўғирланган киловаттлардан давлат қанча пул йўқотаяпти?.. Балки бу мисолни вазирларингиздан бирортаси ечиб берар?

Ҳурмат билан, Сергей”.