23:13 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Покистон: Президент Мушарраф Беназир Бхутто билан ярашишга тайёр

08.08.2007 12:23 msk

Ф. Жоний

Беназир Бхутто
Беназир Бхутто
MIGnews.comнинг хабар қилишича, Беназир Бхуттони ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор мамлакат Олий суди ҳукми билан бекор қилинган.

Беназир Бхутто ва унинг эри Осиф Али Зардорий 1996 йилдаги сайловолди кампанияси чоғида чет эл ширкатларидан пора олганлик ва коррупцияда айбланиб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар. Бхутто ўзини сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини билдириб, айбини тан олмаганди. Ҳозирги пайтда Бхутто Лондонда истиқомат қиляпти, аввалроқ эса покистонлик расмийлар уни Интерпол орқали ҳибсга олишга эришишларини эълон қилгандилар.

Ҳибсга олиш тўғрисида қарорнинг бекор қилингани ҳақидаги хабарлар Бхуттонинг парламент сайловларида Покистон халқ партиясига етакчилик қилиш учун ватанга қайтмоқчилиги хусусидаги баёноти қабатида ёйинланди. Бундан ташқари, Коммерсантнинг хабар қилишича, 2007 йил июль ойи охирида Покистондаги етакчи оммавий ахборот воситалари Лондонда қувғинда яшаётган Б. Бхуттонинг Бирлашган Араб Амирликларига қисқа муддатга ташриф буюрган президент Мушарраф билан яқинда Абу-Дабида бўлиб ўтган сенсацион учрашуви ҳақида хабар тарқатгандилар. Парвез Мушарраф ва Беназир Бхуттонинг Форс кўрфазидаги нейтрал ҳудудда бевосита музокара ўтказганларини Покистон алоқа вазири Шайх Рашид Аҳмад тасдиқлаган, у бўлиб ўтган музокараларни муваффақиятли, деб атаган.

Аввалроқ Мушарраф ва Бхутто ўз эмиссарлари орқали музокаралар олиб боргандилар, бироқ Абу-Дабидаги учрашув уларнинг Беназир Бхутто Лондонга кетганидан кейинги биринчи бевосита мулоқот эди.

Исломободдаги манбалар Покистоннинг “кучли қўл”и билан мўътадил мухолифат лидери ўртасидаги келишув шартлари қуйидагича бўлиши мумкинлигини айтадилар: Беназир Бхутто ватанга қайтади ва Парвез Мушаррафнинг навбатдаги муддатга қайта сайланишига рози бўлади. Ўз навбатида, президент Мушарраф унга аввал қўйилган барча айбловларни олиб ташлайди ва Б. Бхуттонинг бош вазир бўлишини таъминлайди. Беназир Бхутто қаттиқ туриб талаб қилаётган шартлардан яна бири президент бош қўмондон лавозимидан воз кечиб, ҳарбий кийимини ечиши кераклигидир.

Покистонда ҳокимиятнинг истиқболда бу каби тузилиши мамлакатда демократияни сақлаб қолиш ва исломий инқилобни олдини олишга ёрдам беради, дея ҳисоблайдилар икки томонлама келишув тарафдорлари, деб ёзади Коммерсант.