19:24 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Камбағал давлатнинг бой дафиналари кимга насиб этаркин?

07.08.2007 18:21 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистоннинг Талас вилоятидаги “Манас ўрдў” тарихий мажмуаси яқинида олиб борилаётган қазиш ишлари атрофидаги эҳтирослар сал босилгандек бўлди. “Фарғона.Ру” аввал хабар берганидек, 6 август куни мажмуа атрофидаги барча қазиш ишлари тўхтатилган. Аммо, афтидан, бу ишга нуқта қўйишга эртароққа ўхшайди.

Эслатиб ўтамиз, грузиялик қанақадир археологлар Манас гумбази ҳудудида қазиш ишларини олиб бораётганлари ҳақидаги дастлабки маълумотлар шу йилнинг июль ойи бошларида янграганди. Археологларнинг нимани қидираётганлари тўғрисидаги тахминлар бир-биридан фарқ қилади. Кимдир улар қирғизларнинг аждодлари томонидан яшириб қўйилган тўрт тонна олтинни қидираяптилар, уни грузиялик олимлар космик аппаратлар ёрдамида топганмишлар, дея таъкидламоқда. Бошқа тахминга кўра эса, улар “жаҳон тузилишига таъсир ўтказиши мумкин бўлган тождор бриллиант илон”ни қидираётган эмишлар. Яна бир тахминга кўра эса келгинди олимлар “Манас Ўрдў”да қадимги қирғизларнинг кутубхонаси жойлашган қанақадир кўҳна бинони излаётган эканлар. Археологлар фаолиятидаги шаффофликнинг йўқлиги турли-туман миш-мишларни пайдо қилиб, қирғизларнинг асосий қадамжосида қазиш ишлари олиб борилиши қоралаб чиқмиш жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Ўзини “Халқаро ахборотлаштириш академияси академиги” дея таништирган Ромул Жапаридзенинг “Азаттиқ” радиосига берган интервьюси содир бўлаётган воқеаларга аниқлик киритиш ўрнига янада кўпроқ саволлар туғдирди. Грузиялик олимга кўра, қазиш ишлари Москвадаги “Кредо” аталмиш ташкилот билан тузилган шартномага мувофиқ олиб борилаяпти, унда Россия академияси академиги Амина Мунди иштирок этаяпти. Қирғизистон томонидан эса, республика ҳукуматидан олинган хат асосида, бу ишда “Манас ўрдў” жамғармаси иштирок этмоқда. Қайд этиш жоизки, Қирғизистондаги “Белый пароход” Интернет-нашри маълумотларига кўра, қазиш ишларини “Анимус мунди” қовғачи даври Грузия фанлар академияси” олиб бормоқда.

Жапаридзе улар томонидан изланаётган иншоот бундан уч минг бир юз олтмиш йил аввал - Манас ботир ҳаётлик чоғларида барпо этилганини таъкидламоқда. (Эслатиб ўтамиз, 1995 йили қирғизистонликлар “Манас” қаҳрамонлик достонининг атиги минг йиллигини нишонлагандилар). Гумбаз қурилаётган пайтда, олимнинг фикрича, бир юз йигирма минг киши қул сифатида ишлатилган ва буюк Манас ўз хазинасини айнан шу ерга яширган. Қазиш ишлари ташаббускорларининг тахминига кўра, гумбаз остида ҳалигача тўрт тонна олтин, кўплаб қимматбаҳо ашёлар ва ҳатто Манаснинг шамшири сақланиб келади. “Манаснинг арвоҳи бу бойликлар яна ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун, уларни қирғиз халқига қайтариб беришни талаб қилмоқда, - дея иқтибос келтиради Ромул Жапаридзедан “Азаттиқ” радиоси сайти. – Агар қирғиз халқи яхши яшашни истамаса, ўз билганидай иш тутсин”.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти атрофидаги айрим мулозимлар бир-бирларига зид келувчи шарҳларни бериб улгурганлар. Дейлик, президент маслаҳатчиси Бўлўт Шамшиев расмийлар “тарихий мажмуани қазишга” ҳеч қандай рухсатнома бермаганларини билдирган бўлса, президент маъмурияти жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Чўлпўнбек Абикеев “илмий изланишлар мамлакат президенти маъмуриятининг ижозати билан олиб борилмоқда”, дея таъкидлаган.

Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) собиқ спикери, депутат Ўмурбек Текебаев бошчилик қилаётган “Ата-Мекен” партияси ушбу нохуш ҳодисадан хавотир изҳор қилароқ баёнот тарқатган. Хусусан, Текебаев хазина қидирувчилар қазиш ишлари олиб борилаётган пайтда XI-XII асрга оид петроглифли лавҳни синдириб қўйганларини ҳам қайд этади.

Қирғизистонлик айрим олимлар давлат мулозимларини “Манас ўрдў” тарихий обидасини атайлаб бузаётганликда айбламоқдалар. Ноҳукумат ва нотижорат ташкилотлари ассоциацияси Қирғизистон Миллий фанлар академияси (МФА) Тарих институти олимлари билан биргаликда халққа, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, БМТ ва ЮНЕСКО раҳбарларига очиқ мурожаатнома билан чиққанлар. Унда, жумладан, қуйидагилар айтилади: “Қирғизистон Республикаси президенти маъмуриятининг мутлақо совуққонлиги оқибатида жаҳоннинг уникал археологик обидаси бўлмиш “Манас” гумбази йўқ бўлиш чегарасига келиб қолди”.

Айтиш керакки, айбловларнинг қарийб ҳаммаси гўё қазиш ишларига ижозат берган ва “жоҳилларга ҳомийлик қилаётган” президент маъмурияти жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бошлиғи Чўлпўнбек Абикеев ҳамда мамлакат маданият ва ахборот вазири Султан Раев номига ёғилмоқда. Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Турсунбек Ақуннинг таъкидлашича, “қидириш ишларнинг нималигини ҳатто билмайдиган одамларга қидириш ишларини олиб бориш учун ижозат ҚР давлат котиби Адахан Мадумаров розилиги билан берилган”. “Бу ишларга шунчаки ижозат берибгина қолмай, балки уларга фаол кўмаклашган мулозимлардан яна бири президент маъмурияти жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бошлиғи Чўлпўнбек Абикеевдир. Ушбу “сирли” воқеадаги сўнгги нуқта ҚР Маданият ва ахборот вазирлигининг рухсатномаси бўлган”, дея иқтибос келтиради ҳуқуқ ҳимоячисидан 24.kg ахборот агентлиги.

Ҳозирча бу айбловлар нимага олиб бориши мумкинлиги юзасидан мулоҳаза билдириш қийин – бу навбатдаги истеъфоларга олиб борадими ёки расмийлар бу жанжални бости-бости қилиб юборадиларми – билиб бўлмайди. Аммо 6 август куни Қирғизистон бош вазири Алмазбек Атамбаев буйруғи билан “Манас Ўрдў”да бундан буён қазиш ишлари олиб бориш таъқиқлаб қўйилди. Парламент депутати Бўлўтбек Шерниязовнинг билдиришича, “фақат шовқин кўтарган жамоатчиликнинг ҳаракатлари туфайлигина “қора археологлар”нинг ишини тўхтатишга муваффақ бўлинди”.

Аснода парламентнинг юқорида номи зикр этилган депутати Ўмурбек Текебаев ўзи бошчилик қилаётган “Ата-Мекен” партияси 2001 йил санаси қўйилган ҳужжатларни топганини, бу ҳужжатлар бошга бало бўлмиш грузиялик археологларни мамлакатга гўё ўша пайтда бош вазир, ҳозир эса мамлакат президенти бўлиб турган Қурманбек Бакиев таклиф қилганини исботлашини таъкидлайди.

Алҳол, мунтазам равишда қанақадир фитналар ёки қалтис ишлар юз бериб турувчи Қирғизистоннинг ўз тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда. Афтидан, эндиликда мамлакат сиёсий ҳаётининг кузги рационида жавонмард Манаснинг кўп тоннали олтини билан боғлиқ воқеа ҳам ўрин оладиганга ўхшайди.