20:40 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хитой сароби ёки Урумчининг икки юзи

07.08.2007 11:16 msk

Вадим Дубнов

…Менинг қайси тилда ўз фикримни тушунтиришга уринганимни ҳозир эслолмайман. Мен хитойчада фақат саломлашиш ва миннатдорчилик билдиришни билардим, аммо бу аҳамиятли эмасди. Менинг уйғурча луғатим анча кенг бўлиб, ҳамсуҳбатим билган русча сўзлар миқдори билан қарийб тенг эди.

Небоскребы Урумчи
Урумчининг осмонўпар бинолари. Википедия фотоси

Ҳаммаси осмонўпар бинолар ва кўзни қамаштирувчи модерн ортида тинч яшил ҳовлилар ва бир текисдаги шинам уйлар уйғунлиги албатта учраши кераклиги ҳақида туғилган гумондан бошланди. Гумоним тасдиқланди. Уйғунликни худди Россия вилоятларидаги бош майдондан кўчириб келингандек ўта таниш чеҳранинг тош қиёфаси тўлдириб турарди. Доҳий сал ғилайроқ ва юзи ялпоқроқ эди, шунга қарамай, уни бемалол таниб олиш мумкин эди. Менинг тажрибам қурбонига айланган тасодифий йўловчи “бу ким?” деган саволга таажжуб, афсус ва ғурур аралаш “Льенин!” дея жавоб берди.

Урумчи (хитойча Дихуа) – Шинжон-Уйғур мухтор районининг (Хитой) маъмурий (1955 йилдан бошлаб), иқтисодий ва маданий маркази бўлиб, у Тиёншоннинг шимолий этакларида жойлашган. 1760 йилда Урумчи Хитой таркибига қўшиб олинган, 1884 йилдан бошлаб эса Шинжоннинг маркази. Аҳолиси – 1281 минг киши (1998 й.). Қадимда Буюк ипак йўли савдо марказларидан бўлган. Шаҳарда масжидлар кўп. Шаҳар яқинида кўмир конлари бор. Қора ва рангли металлургия; машинасозлик, кимё саноати, цемент ишлаб чиқариш, енгил саноат, озиқ-овқат саноати мавжуд. Шаҳарда университет бор. Темирйўл ва автомобил йўллари орқали Олмаота (Қозоғистон) билан боғланган.
Урумчи ҳақида нима демасинлар, барибир бу Хитойдир. Бу Хитой, ваҳоланки бир аср муқаддам бу жойлар ҳам ҳозирги Марказий Осиё каби Туркистон деб ҳисобланарди. Пекин ёки Шанхайгача ва ё Хитойнинг асосий савдо растаси бўлмиш эркин иқтисодий ҳудудгача минглаб километр бўлишига, Қозоғистон билан чегарагача эса бир кунлик йўл бўлишига қарамай, бу ер Хитойдир.

Урумчи йўқолиб бораяпти. Қўнаётган учоқ иллюминаторидан кўрганингиз супер замонавий шаҳар яқинроқдан қараганда саробдай кўринади, чунки учоқ дарчасидан кўринмаган майда-чуйда деталлар ҳосил бўлган хаёлий манзарани бузади.

Бу ерда яшаётган кишилар асрлардан бери Такла Макон чўлида меҳмон ҳам, мезбон ҳам бўлмаганларидек, Урумчида ҳам на меҳмон ва на мезбондирлар. Худди бу ерга осмонўпар биноларни олиб келиб қўйган қум бўрони бўлгану ҳаёт аввалгидай давом этаётгандек. Бу ерда яшовчиларга бу мўъжиза таъсир қилмайди, улар ўн ва йигирма авлод олдин қандай бўлган эсалар, шундайлигича қолганлар. Шарқий Туркистон бу қисми саноқсиз туркий халқ бўлган уйғурларнинг ватанидир. Бу уларнинг ўлкасидир, бу юртни улар икки минг йилдан буён давлат сифатида кўришни истадилар ва бу ўлка ҳар доим ўзиники бўлмаган ниманингдир бир қисми бўлиб келди. Бу вақти-вақти билан гоҳ хитойликлар, гоҳ уйғурлар, гоҳ дунгонлар қирғинига айланиб кетган абадий уруш саҳнасидир. Айтишларича, бўлгинчи яширин ташкилотлар ҳали ҳам тирик, аммо эндиликда улар ўзларининг аввалгидек уруш қилиш иқтидори борлигини эслатиб қўйиши ҳоллари камайиб кетган.

Урумчи на карте Китая
Урумчи Хитой харитасида. Википедия фотоси

Бу жой кўп нарсалар ўзгариб кетган Хитойдир. Бу, айтиш мумкинки, нимаси биландир Хитойнинг энг янги тарихи тўғрисидаги дарсликдир.

Пойтахти Урумчи бўлган Шинжон-Уйғур мухтор райони Хитойда ишлаб чиқариладиган бутун нефтнинг учдан бирини қазиб олади. Бу Қозоғистон ишлаб чиқарадиган нефть миқдорига тенг, аммо Хитойни ҳеч ким нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатлар орасига қўшмагани каби уни ҳеч ким Қувайт деб ҳам атамайди. Бу оддий сабабга кўра юз беради: бу ерда нефть қазиб олишдан ташқари ишлаб чиқарилган нефть етишмаётган саноат ҳам бор. Бу ерда худди на нефть, на “Локомотив”, на ўз герби, байроғи ва чегара қўшинлари ҳақидаги аввалги орзулар бўлмагани каби яшайдилар. Тинч бўлгинчи аҳоли орасида қабул қилганидек, бу ерда ҳеч ким чет элликни кўрганда унга қийинчиликлар ва Хитой босими хусусида гапирмайди.

Устига устак, янги Хитой ҳозир ўз тактикасини мутлақо ўзгартирган. Эндиликда босим ва жазо амалиётлари йўқ. Билъакс, бу ерда энг асосий масалада уйғурлар учун ҳатто имтиёзлар берилган – уларга биттадан кўп бола орттиришга рухсат берилган. Лекин фақат сайёҳгагина Урумчи уйғурлар шаҳридай кўриниши мумкин. Ахир сайёҳ қаерда юради? Бозорларда, арзон дўконларда. Нимада юради? Таксида. Буларнинг ҳаммаси уйғурлар банд бўлган соҳалардир. Бу ерда уйғурлар неча минг йилдан бери яшаб келаётганларига қарамай, Урумчи биринчи авлод шаҳри экан. Улар осмонўпар бинолар ва ҳашаматли уйларда яшамайдилар. Урумчи хитойликлар шаҳридир, бу нарса худди Нью-Йорк ва Гонконгдан кўчириб келингандек кварталлар ҳақиқатга айланиши баробарида аёнлашмоқда. Бу ердаги ҳақиқий Европа пештахталари, қимматбаҳо дўконлар ва “эмпайр стейтс билдинглар” орасида бозорлар ва йиртиқ-ямоқ кийим кийган кишиларни учратмайсиз. Эстрадаларда халқ артистлари ватан ҳақида (шу жумладан, уйғур тилида ҳам) куйлайдилар. Бу биринчи авлод шаҳридир, чунки энг ёш хитойликларгина Урумчида туғилганлар. Уларнинг ота-оналари бу ерга Хитойнинг турли жойларидан келганлар, уларни бу ерда имтиёзлар, кечаги чўлда шиддатли саноат ўсиши кутарди, муваффақият эса, маълумки, пешқадамларга йўлдошлик қилади. Уйғур бўлгинчилигига Хитой Буюк кўчиш билан жавоб қайтарди. Янги уйнинг бир метри бу ерда эллик доллар туради, аммо агар қадрдон корхона ёрдам берса, агар ижтимоий жамғармалар кўмаклашсалар, пировардида бу бир метр жой юз долларга тушади.

Бу ерда ҳамма нарса ҳақиқий, бу ер ўзгаришлар баҳосини биладиган шаҳарликлар учун ҳашаматли шаҳардир. Бу ерда уйғурларни қарийб учратмайсиз. Икки Урумчи ўртасидаги чегара қарийб моддийдир – шу кўчадан, шу майдондан нарёғига уйғурлар Хитойи бошланади. У ёқда офислар камроқ қурилади, ҳатто полициячилар ҳам худди ҳозир деҳқонча кийимларини эгнига лойиқ бўлмаган мундирга алмаштириб олганга ўхшайдилар. Бу ерда қирқ юанга sim-карта таклиф этаётган йиртиқ-ямоқ кийимли кишиларни тобора кўпроқ учратасиз, офисларда sim-карталар юз юандан кам турмайди.

Мен офисга кирдим. Менежер тажрибали нигоҳи билан мени навбатдан чиқариб олди-да, ўз ортидан бошлаб кетди. Кўчада мени илжайиб турган полициячи кутиб турарди. У ён-атрофга алангламай, хотиржам алфозда чўнтагидан sim-карталар шодасини чиқарди ва “Fifty” (“Эллик” - ингл.), деди. Мен журналистик қизиқувчанликдан келиб чиқиб савдолаша бошладим. Менинг “йигирма” деган сўзимга у мутлақо ҳафа бўлгани йўқ ва айтганидан ўн юань тушди. Афтидан, у билан яна савдолашса бўларди.

Савдо пишмади. Мен хитойликлар яшайдиган, ҳамма нарса қиммат бўлган Урумчи томон, Хитой Манхэттени томон кетиб борардим. Сотиб олинадиган нарсаларни барибир шу ердан харид қилган маъқул.

Вадим Дубнов, “Фарғона.Ру” АА учун махсус, Москва-Урумчи