08:06 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон расмийлари энг таниқли рақибларини қамоққа тиқиш билан таҳдид қилмоқдалар

06.08.2007 21:17 msk

Феруза Жоний

2007 йил ёзининг сўнгги ойи кириб келиши билан Қирғизистонда сиёсий ҳаёт бирданига жонланиб қолди. Қарийб бир вақтнинг ўзида Қирғизистон иқтидордаги расмийларининг энг таниқли сиёсий мухолифлари бўлмиш собиқ бош вазир, ҳозирда эса мухолифат лидери Феликс Қулов ҳамда Қирғизистон собиқ президентининг депутатлик мандатига эришишга ҳаракат қилаётган қизи Бермет Ақаева ҳақида жаҳонга эслатиб қўйдилар.

Ҳар иккаласи ҳам шу йил апрель ойида содир бўлган воқеалар натижасида адлия нишонига тўғри келиб қолдилар. Шу билан бирга улардан ҳар бири тушган вазият ўзига хосдир.

Феликс Кулов
Феликс Қулов. ИТАР-ТАСС фотоси
Феликс Қулов бош вазирлик лавозимидан тушиб, кутилмаганда давлат сиёсатидан четлашиб қолганидан сўнг мухолифатчи бўлиб кетди. У “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” Фронти аталмиш ҳаракат ташкил этиш йўли билан Қирғизистондаги мухолифатчи кучларни ўз атрофида бирлаштиришга уринди. 11 апрель куни Фронт “ҳокимиятни тинч йўл билан топширилишига” ва конституциянинг янги вариантини қабул қилинишига эришиш учун Бишкек марказий майдонига юз минг одам тўплашга ваъда қилганди.

Муддатсиз дея эълон қилинган митинг 19 апрель куни намойишларнинг тарқатилиши билан якун топди. Расмийлар фикрича, намойишнинг тарқатилиши митингчилар Ҳукумат уйини ўраб турган аскарларга тош ота бошлаганларидан кейин бошланган. Шовқин ҳосил қилувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ ўз ишини қилди ҳамда 20 апрель куни эрталаб Қирғизистон пойтахти ўз маъносида ҳам, кўчма маънода ҳам мухолифатдан тозаланди.

Мамлакат бош прокуратураси ҳуқуқ-тартибот идоралари хатти-ҳаракатлари тўғри бўлганлигини билдириб, оммавий тартибсизликлар уюштириш ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатди ва мазкур иш юзасидан тергов юритишни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) топширди. 26 апрель куни “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” Бирлашган Фронти (БФ) штаби бошлиғи Ўмирбек Субаналиев, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати ва БФ аъзоси, Тадбиркорлар уюшмаси раиси Ўмирбек Абдрахманов ҳамда БФ ёшлар қанотининг аъзоси Адилет Айтикеевга тегишли айблов қўйилди. Улар ушланиб, ҳибс этилдилар, аммо кейинроқ мамлакатдан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олинганидан сўнг қўйиб юборилдилар. Феликс Қулов ҳам сўроққа чақирилди, аммо БФнинг биронта ҳам ҳужжатида унинг имзоси йўқлиги сабабли қўйиб юборилди.

Бермет Акаева
Бермет Ақаева. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Бунга параллел равишда Қирғизистоннинг Кемин туманида Қирғизистон собиқ президенти Бермет Ақаева атрофидаги воқеалари авж ола бошлади. Мазкур воқеа Ақаева парламент сайловларида иштирок этиш нияти борлиги ҳақида билдирганидан кейин бошланди. Кемин туманидаги (собиқ президентнинг кичик ватанидаги) депутатлик ўрни Берметнинг укаси Айдар Ақаев Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) сессияларида мунтазам равишда иштирок этмай келаётгани учун унинг мандати бекор қилинганидан сўнг бўшаб қолганди. Ақаева депутатликка номзод ўлароқ рўйхатга олинди, бироқ кейин рақиблардан бири томонидан берилган даъво аризаси асосида суд ўтроқлик цензи бузилгани туфайли унинг рўйхатга олинишини бекор қилди. Маълум бўлишича, парламент депутатлигига номзодлар мамлакатда узлуксиз беш йил яшаши юзасидан талаб Қирғизистоннинг Сайловлар ҳақидаги кодексида ёзиб қўйилган экан.

24 апрель куни бўлиб ўтган маҳкама жараёни чоғида Б. Ақаева ўзининг рўйхатга олиниши бекор қилингани тўғрисидаги суд қарорини йиртиб ташлади, собиқ президент қизи тарафдорларининг босими остида Кемин туман суди мутлақо қарама-қарши қарор қабул қилди. Бироқ кейин суднинг биринчи қарори республика Олий Суди томонидан ўз кучида қолдирилди. Маҳкама жараёни чоғида Кемин туман суди биносида тартибсизликлар рўй берган – Чуй вилоят прокурори Д. Макешовга кўра, ойналар, эшиклар синдирилган, ҳакамга кучли босим ўтказилган. Юз берган воқеа учун жавобгарлик Б. Ақаевага юклатилган. Унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича Ақаевага 5 май куни Жиноят кодексининг уч моддаси – Адолатли судлов амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик”, “Судга ҳурматсизлик қилганлик”, “Ҳужжат, штамп ва муҳрларни ўғирлаганлик, йўқ қилганлик, бузганлик ёки яширганлик” моддалари бўйича айблов эълон қилинган. Ундан мамлакатни тарк этмаслик юзасидан тилхат олинган.

Иккинчи август куни эса Жиноят кодекси моддалари яна бир марта янграган, аммо бу ДМХҚда Бермет Ақаевага расмий айблов эълон қилиш пайтда юз берган. Бир кун аввал бу ерда Феликс Қуловга нисбатан ҳам расмий айблов эълон қилинганди. Униси ҳам, буниси ҳам ўз айбига иқрор бўлмаяпти. Қуловдан ҳам мамлакатни тарк этмаслик ҳақида тилхат олинган.

Ақаева, айрим маълумотларга кўра, икки йилга, Қулов эса ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Россия Сиёсий технологиялар институти бош директор ўринбосари Борис Макаренконинг Страна.Ру нашрига берган интервьюсида айтишича, “собиқ президент Ақаевнинг қизи Бермет Ақаева ва мухолифат лидерларидан бири Феликс Қуловга нисбатан очилган жиноий ишлар мамлакат ичида кечаётган ҳокимият учун аёвсиз кураш қабатида кўрилиши керак”.

Шу ўринда бир савол туғилади: нима учун Қуловга қарши айбловлар унинг сафдошларига қарши эълон қилинган пайтда - апрель ойи охирида эмас, ҳозирга келиб эълон қилинаяпти? Марказий Осиё бўйича эксперт, “Время новостей” газетаси шарҳловчиси Аркадий Дубнов фикрича, “бунга бугун Қуловнинг Россия-Қирғизистон конфедерациясини ташкил этиш ғояси билан боғлиқ равишда уни обрўсизлантиришга уриниш учун қандайдир ички сабаблар бор”.

Қирғизистон ва Россия иттифоқини ташкил этиш тўғрисида референдум ўтказиш бўйича ташаббускор гуруҳ томонидан 31 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити кунлари Бишкекда пикетлар уюштириш юзасидан берилган ваъдаларни эътиборга олмаслик мумкин эмас.

Аснода таҳлилчилар Ф. Қуловни қамаш эҳтимолига ишончсизлик билан қарайдилар. “Мен Феликс Қулов аввалги кўп йиллик муддатини ўтаб чиққанидан кейин қўйилган айбловлар билан ҳақиқатан ҳам уни озодликдан маҳрум қилишларига унча ишонмайман, - дея шарҳлайди вазиятни А. Дубнов “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига берган интервьюсида. – Гап ҳатто уни иккинчи марта қамашга журъат қилолмасликларида ҳам эмас. Қуловга қўйилган айбловларнинг бемаънилиги очиқ кўриниб турибди ва бу демаршдан кўзланган мақсад ҳам тушунарли – уни шунчаки Қирғизистон сиёсий саҳнасидан бутунлай йўқ қилишни истаяптилар. Бунинг учун унга шунчалик жиддий таҳдид қилиш керакки, токи у сиёсий фаолиятдан воз кечсин, шунда уни тинч қўядилар”.

“Новости” РАА экспертлик кенгаши аъзоси Санобар Шерматова ҳам Феликс Қуловга қамай олмасалар керак, деб ҳисоблайди. Унга кўра, расмийларнинг асосий вазифаси “Қуловни ўз сафдошларидан ажратиш учун уни сиёсатчи сифатида заифлантириш ва унинг сиёсатга қайтишига, шу жумладан, унинг тарафдорлари томонидан эълон қилинган пикетларни уюштириб, ШҲТ саммитида ўзини кўрсатиб қўйишига йўл қўймасликдир”.

Қайд этиш жоизки, 3 август куни Феликс Қулов ШҲТ саммити чоғида Қирғизистонда ҳар қандай норозилик намойишларини ўтказишга қарши чиқишини билдирганди. “Бу менинг позициям, - дея таъкидлади “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронти лидери. – Мен бу ҳақда Россия билан давлатлараро иттифоқ тузиш тўғрисида референдум ўтказиш учун имзо йиғаётган ташаббускор гуруҳ аъзолари билан гаплашиб бўлганман. Мен улардан норозилик намойишларини ўтказмасликни сўрайман”. Бу баёнот 1 август куни Қуловнинг ДМХҚга чақирилишининг натижаси бўлиши мумкин. Апрель митинги кунлари Бишкекда бўлган С. Шерматова фикрича, холис суд тартибсизликларнинг ташкилотчиси айнан Ф. Қулов бўлганини исботлаши жуда қийин бўлади.

Бермет Ақаева ва Феликс Қулов муаммоларининг ўхшашлиги, уларнинг бир томонда эканлари беихтиёр “бу икки шахс битта тандемга бириксалар бўлмасмикан?” деган саволни туғдиради. Бунга Дубнов ҳам, Шерматова ҳам “йўқ” дея жавоб берадилар. “Қулов ва Ақаевлар оиласининг иккита мустақил сиёсий тузилма сифатида бирлашишига асос йўқ, - деб ҳисоблайди Аркадий Дубнов. – Бугунги кунда ҳар иккала тузилма ҳам Қирғизистоннинг кўплаб сиёсатчилари томонидан тирилган сиёсий анахронизмлар ўлароқ қабул қилинаяпти”.

“Улардан ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Бермет Ақаеванинг вазифаси парламент депутати бўлиб, шу тариқа Қирғизистон сиёсатига қайтишдан иборат, - дея қайд этади С. Шерматова. – Бу ерда у фақат ўзини тамсил этади. Унинг ортида партия ёки коалиция йўқ, унинг ортида ўз амбициялари билан чиқиши мумкин бўлган сиёсий кучлар йўқ. Қуловнинг вазифаси эса сиёсатга қайтиш эмас, балки ўзи раҳбарлик қилаётган мухолифат гуруҳининг янги мақсад ва вазифалари ҳақида билдиришдир. Феликс Қулов ва Бермет Ақаеванинг муаммолари бир-бирига ўхшаш, аммо уларнинг ҳар бири бу муаммоларни мустақил равишда, бирлаштирмасдан ҳал қилади. Улар муаммосининг ўзига хослиги ана шундай”.