03:53 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Владимир Пластун: “Интеграция” тушунчаси бевақт бўлиши мумкин эмас”

06.08.2007 14:26 msk

Фарғона.Ру

Марказий Осиё ва Кавказ институти (Москва) ҳамда Александр Князев жамоатчилик жамғармаси (Бишкек) томонидан нашр этилган “Марказий Осиё учун ҳамкорлик ва интеграция лойиҳалари: қиёсий таҳлил, имконият ва истиқболлар” тўплами ёруғ кўрди. Китобдан шу йилнинг 26-28 июнь кунлари Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган анжуман иштирокчилари томонидан тайёрланган маъруза, мақола ва тезислар ўрин олган. Анжуман иштирокчилари ва мақолалар муаллифлари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Буюк Британия, Италия ва Франциядан бўлган эътиборли олимлар бўлдилар.

Бундан ташқари, тўпламда анжуман ишида бевосита иштирок этмаган бўлсалар-да, мазкур муаммо тадқиқи билан шуғулланиб юрган экспертларнинг қатор мақолалари ҳам чоп этилмоқда. Тўпламга оммавий ахборот воситаларида анжуман ҳақида ёзилган бир қатор мақолалар ҳам киритилган. “Фарғона.Ру” саволларига китоб муаллифларидан ва анжуман иштирокчиларидан бири, тарихчи-шарқшунос, тарих фанлари доктори, Новосибирск давлат университетининг Шарқшунослик кафедраси профессори В. Н. Пластун жавоб берди.

Тўпламнинг PDF-версияси билан танишиш учун керакли файлни бу ердан (3,5Мб.) юклаб олишингиз мумкин.
Фарғона.Ру: - Владимир Никитович, сиз Хўжанддаги анжуманда энг фаол иштирокчилардан бири бўлгандингиз. Анжумандан олган асосий таассуротларингиз қандай бўлди?

В. Н. Пластун: - Мен анжуман жуда самарали бўлди, деб ҳисоблайман. Энг асосийси, биз Марказий Осиё минтақасининг қарийб барча вакиллари фикрини аниқлаб олишга, шунингдек, мазкур минтақани ривожлантириш муаммолари юзасидан ғарблик ва шарқлик ҳамкорлар, мутахассисларнинг нуқтаи назарларини тинглашга муваффақ бўлдик. Одатда, оммавий ахборот воситалари дастлабки натижалар ҳақида бундан учрашувларда қабул қилинувчи резолюцияларга қараб хулоса қиладилар. Аммо бизнинг анжуман бундай учрашувлардан эмасди. Бунда анжуман мавзусига диққат билан қарамоқ лозим. Эслатиб ўтаман, гап “лойиҳалар” тўғрисида, “қиёсий таҳлил” олиб бориш тўғрисида, “имконият ва истиқболлар” тўғрисида кетаяпти... Бошқача қилиб айтганда, биз интеграцион жараёнлар (интеграциянинг ўзи эмас, балки жараёнлар!) муаммоларини диққат билан ўрганишга уриндик. Умид қиламанки, иштирокчиларнинг ҳар бири уйга бу жараёнлар ҳақидаги янги қарашлар билан қайтди... Иштирокчиларнинг ҳар бири ўзи ҳисобот берадиган кишиларга манзарани имкон қадар холисроқ чизиб беради.

Владимир Пластун.
Владимир Пластун. “Фарғона.Ру АА” фотоси

Фарғона.Ру: - Маърузалар ва мақолаларнинг кўпида “интеграция” тушунчасининг ўзи минтақа мамлакатлари учун ҳозирда долзарб эмаслигига, унинг бевақтлигига ишора қиланаётгандай бўлаяпти. Бунақа умумий хулосалар ўта пессимистик кўринмайдими?

В. Н. Пластун: - “Интеграция” тушунчаси бевақт бўлолмайди. Интеграцион жараённинг ўзи турли даражаларда ва турли суръатда кечиши мумкин. Бу ерда шунчаки интеграцияни қай даражада амалга оширишни кўриб чиқиш таклиф қилинаётганини белгилаб олиш лозим. Кўпчилик Ўрта Осиёда мустақил давлатлар пайдо бўлганидан бери бу жараёнлар йўналишини тўлалигича англаб етиш учун етарли вақт ўтмади, деган хулосага келди. Бу ҳар бир мамлакатдаги табиий бойликлар ҳажмини эътибор билан ҳисоблаб чиқиш, уларни халқ учун зиён етмайдиган тарзда қайта тақсимлаш имкониятини ҳамда ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг бугунги кундаги ривожланиш даражасини ҳисоб-китоб қилишни талаб этувчи улкан иш бўлиб ҳисобланади... Шунингдек, бу ерда минтақа давлатлари лидерларининг амбицияларини ҳам эътиборга олиш зарур.

Обложка сборника
Тўплам муқоваси

Шунинг учун ҳам иштирокчиларнинг кўпчилиги, менинг фикримча, тўғри бўлган хулосага келдилар: бугунги кунда интеграцион жараёнлар икки томонлама ривожланиши керак ва ривожлана олади ҳам, бу эса келажакда янада тиғизроқ алоқа қилиш йўлидаги тўсиқларни аста-секинлик билан бартараф қилишга ёрдам беради.

Фарғона.Ру: - У ҳолда сиз муҳокама қилган ШҲТ, КХШТ, ЕврОсИҲ, “Катта Марказий Осиё” ва бошқа интеграцион лойиҳалар нима бўлади?..

В. Н. Пластун: - Уларнинг бири иккинчисига ҳалақит бермайди. Барча муаммолар нафақат муҳокама қилиниши керак, балки муҳокама қилиниши зарурдир. Уларнинг жуда кўплиги ва анча жиддийлигини ҳисобга олсак, уларни бирпасда ҳал қилишнинг имкони йўқлиги ойдинлашади. Эслатиб ўтаман, юқорида зикр этилган ташкилотлар ва лойиҳаларнинг ҳаммаси тарихийлик нуқтаи назаридан яқиндагина пайдо бўлди, улар эндигина “тетапоя” қилаяптилар. Бу эса сени қўллаб-қувватламай, балки туртиб-суртаётганларида амалга ошиши қийин бўлиб кетади...

ШҲТ ҳақида эса мен алоҳида тўхталишни истардим. Маълумки, минтақада давлатларнинг конституцион тузумига ва яхлитлигига хавф солаётган миллий бўлгинчилик, экстремизм ва халқаро террорчилик каби таҳдидлар ўзларини намоён қилиб турибди. Бундай шароитда ШҲТ доирасида ҳарбий ҳамкорлик аҳамиятли ишга айланади. Бундай ҳамкорлик хавфсизлик ва барқарорликнинг қўшимча кафолатларини таъминлайди.

Катта Марказий Осиёни (КМО) яратиш концепциясига келсак, у Марказий Осиё мамлакатларини КМО доирасида иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий дастурларга бирлаштириш йўли билан минтақа давлатларининг РФ ва ХХР билан ҳамкорлигини кенгайтиришга тўсиқлар яратишга мўлжалланган. Минтақани “американлаштириш” собиқ совет республикаларини жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимига тўлақонли аъзо бўлишдан четлаштиради. Ҳозирда Марказий Осиё “катта ўйин”нинг эмас, балки “Ўта Катта Ўйин”нинг иштирокчисига айланган. Ўйинчилар ўзларини яхши тутмаяптилар, бу “катта ўйин”нинг “катта Уруш”га айланиб кетишини Худо кўрсатмасин...