07:01 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркиядаги қурғоқчилик: Истанбул масжидларидаги намозхонлар Аллоҳдан ёмғир сўраб илтижо қилмоқдалар

05.08.2007 17:39 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир)

© Артем Космарский фотоси

Туркиянинг ғарбий ва марказий минтақаларида бу йил ёғингарчилик меъёридан анча кам бўлди. Сувнинг камлиги дарёдаги сув сатҳларида акс этаяпти, айрим ўзанлар эса бутунлай қуриб қолди. Мамлакатнинг кўплаб сув омборларида сув сатҳи ўта пастлаб кетган. Қурғоқчилик туфайли мамлакат пойтахти Анқарада 1 августдан бошлаб сувни ярим доира бўйлаб ўчириб қўйиш тартиби жорий қилинди. Сув муайян жойларга навбат билан уч кеча-кундузгача берилмайди. Аҳоли сув ғамлаш билан овора.

Анқара мэри Мелих Гекчек сувни истеъмол қилишни камайтириш чораси сифатида шаҳарликларни дам олиш учун курортларга кетишга ёки бошқа шаҳарларда яшайдиган ота-оналарни зиёрат қилиб келишга чақирган. Пойтахтдан 50-60 минг оиланинг кетиши сув истеъмолини камайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Сув мамлакат бош вазири Ражаб Эрдўған оиласи яшайдиган уйда ҳам ўчирилаяпти. “Миллият” газетасининг хабар қилишича, сув ўчирилган пайтда ўн уч хонадонли уй яшовчилари қарийб саккиз тонна сув сиғадиган танкердаги сувдан имкон қадар тежаб фойдаланмоқдалар. Эрдўғаннинг ўзи телеканаллардан бирида чиқиш қиларкан, Туркияда сув ҳаддан зиёд исроф қилинишини билдирди.

Расмийлар, агар ёмғир ёғмаса ва сув билан боғлиқ танг вазият сақланиб қолса, Анқарадаги мактабларда санитария ҳолатини таъминлашнинг иложи йўқлиги сабабли ўқув йили бошланиши бир ойга – 15 октябргача қолдирилиши мумкинлигини маълум қилмоқдалар. Сув йўқлиги хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Туркия олти йилда бир марта мўътадил қурғоқчиликка, ўн саккиз йилда бир марта қаттиқ қурғоқчиликка дуч келади. Туркиядаги қурғоқчиликнинг асосий сабаби баҳор пайтида Оқденгиз, Мармар денгизи ва Марказий Онадўлида ёмғирларнинг кам ёғишидир. Мамлакатнинг кўплаб жойларида бир ойдан бери сўнгги 75 йил ичида энг иссиқ ҳарорат кузатилмоқда. Ҳаво ҳарорати +47 градусгача кўтарилмоқда.
Сувни тежаш учун Анқарадаги Швеция ва Буюк Британия элчихоналари дарахтлар ва гул буталарини суғоришни бас қилганлар. Анқара мэри эса Аллоҳнинг қудратига чин дилдан имон келтирган одамлар устидан кулиш ярамаслигини алоҳида урғулаб, элни Парвардигордан ёмғир тилаб дуо қилишга чақирди.

Сув таъминоти муаммосини узил-кесил ҳал қилиш учун Анқарадан 35 километр нарида оқиб ўтувчи Қизилирмоқ дарёсидан қувур қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Янги қувурдан сув Анқарага куз ўрталарида етиб келади.

Ўн беш миллион аҳолиси бўлган Истанбулда ҳам аҳвол бундан яхшироқ эмас. Истанбул шаҳри томон ҳам 185 километр узунликдаги иккита сув қувури жадал суръатлар билан қурилмоқда.

Истанбулнинг бир неча жомеъларида Жумъа намозидан кейин намозхонлар уйларига тарқалмай, Парвардигордан ёмғир тилаб, намоз ўқидилар. Ёмғир сўраб оммавий равишда намоз ўқишни Истанбул муфтийси Мустафо Чағрижининг ўзи сўради.

Истисқоъ (ёмғир сўраш) намозидан аввал Пендик ва Буюкчекмежедаги Қайнаржа масжидида имомлар намозхонларга буни қандай қилинишини батафсил тушунтирдилар. Намозхонлар ўз имомлари ортидан қуйидаги дуо-илтижоларни такрорладилар: “Эй Аллоҳимиз, фақат сенинг қудратинг билангина дарё-ю кўлларимиз тўлиши мумкин! Бизнинг дарё-ю кўлларимизни сувсиз қолдирмагин, ё Аллоҳ! Ўз яратмишларингни сувсиз қолдирмагин, ё Аллоҳ! Бизни ва ердаги бошқа махлуқларингни зинҳор сувсиз қолдирмагин, ё Аллоҳ!”

Анқара ва Истанбулдан фарқли равишда Туркиядаги катталиги жиҳатдан учинчи ўринда турувчи Измирда шаҳар мерияси сувни тежаб ишлатиш бўйича кенг кўламдаги тушунтириш ишларини олиб борди. Бутун шаҳар бўйлаб сувни тежаб ишлатишга чақирувчи плакатлар ёпиштириб чиқилди, “Сув” дея номланган махсус газета бепул тарқатилди. Бу чораларнинг ҳаммаси самарали тадбир бўлиб чиқди. Ёзда Измирда сув истеъмоли ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда саккиз фоизга қисқарди. Шаҳарда сувни ўчириш режалаштирилаётгани йўқ.