00:01 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент авиасозлик заводи ўз ходимлари сонини оммавий равишда қисқартира бошлайди

02.08.2007 19:44 msk

Фарғона.Ру

ТАИЧБ ҳудудидаги участканинг коинотдан олинган фотосурати © Maps.Google.Com

“Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси” ДҲЖ ходимлари сони 2007 йил охиригача йигирма фоизга қисқаради, дея хабар қилади Вести.Уз корхона раҳбариятига таянган ҳолда.

Ўзбекистон ҳукумати ТАИЧБнинг янги ташкилий тузилмасини, унинг ижроия аппарати ва ишлаб чиқаришини тасдиқлади. Нашр манбасига кўра, Вазирлар маҳкамасининг “Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси” ДҲЖ фаолиятини оптималлаштириш ва унинг молиявий аҳволини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йил охиригача 2,2 минг киши, шу жумладан, бошқарувчи ходимлардан 365 таси ишдан бўшатилиши кўзда тутилмоқда. Бугунги кунда корхонадаги кадрлар таркиби 10,9 минг кишини ташкил этади.

Бундан ташқари, ҳужжат корхонага қарашли профилланмаган ижтимоий объектларни ҳамда авиазаводнинг бир қисмини унда жойлашган бинолар билан бирга сотишни назарда тутади. Хусусан, ТАИЧБнинг умумий майдони 113,2 гектар бўлган ҳудуди Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларига топширилади, кейинчалик эса бу жойлар савдога қўйилади. Авиазавод майдонининг яна бир қисми бошқа вазирлик ва маҳкамалар балансига, шу жумладан, мудофаа вазирлиги ва “Ўзбекэнерго” ДАК балансига текинга ўтказиб берилади.

Ширкат вакилига кўра, ҳозирги пайтда авиазаводнинг молиявий-ишлаб чиқариш аҳволи унча яхши эмас, “ходимларнинг қисқариши у қадар оммабоп тадбирмас, лекин бусиз авиазаводни бўҳрондан олиб чиқиб бўлмайди”.

Эслатиб ўтамиз, 2006 йил якунларига кўра ТАИЧБ 5,596 млрд. сўм миқдорида (1 АҚШ доллари 1267 сўмга тенг) зарар кўрган. 2006 йил ноябрида Ўзбекистон президентининг махсус қарори билан “ТАИЧБ” ДҲЖ тузилмасини такомиллаштириш ва унинг молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар қабул қилинган. Корхона балансига Чирчиқ авиацион таъмирчилик-механика заводи активлари ўтказиб берилган. 2010 йилнинг 1 январигача авиазавод учоқлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган импорт эҳтиёт қисмлар ва материалларга божхона тўловлари тўлашдан озод қилинган.

Мустақил экспертлар баҳосига кўра, ТАИЧБнинг молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон авиазаводининг Россия “Бирлашган авиасозлик корпорацияси”га (БАК) интеграциялаштириш юзасидан тайёргарликнинг бошланишидир.

ТАИЧБнинг БАК таркибига кириши хусусида Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Ивановнинг шу йил июль ойида Ўзбекистонга бўлган сафари якунларига кўра билдирилганди. Авиазаводнинг БАКка интеграциялашуви юзасидан дастлабки режа 2007 йил охиригача тайёрланиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

ТАИЧБ мамлакатнинг юқори технологияли етакчи корхонасидир. СССР пайтида ТАИЧБда Ил-76 русумли учоқларнинг ҳаммасидан чиқарилган. 1991 йилгача Тошкентда 900 тадан кам бўлмаган ҳарбий-транспорт учоқлари ишлаб чиқарилганди. Аммо Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин МДҲнинг бутун учоқсозлиги, шу жумладан, ТАИЧБ ҳам синди. Ўшандан буён ТАИЧБда, СССР давридаги қуриб битказилмаган учоқлар билан қўшиб ҳисоблаганда, Ҳиндистон ва Хитой ҲҲК учун мўлжалланган 10 тадан кўпроқ учоқ ишлаб чиқарилди, холос.

Ҳарбий соҳа экспертлари ТАИЧБнинг Россия БАКига кириши билан Ўзбекистон учоқсозлигида қанақадир истиқбол пайдо бўлади, деб ҳисоблайдилар. БАК режасига кўра 2012 йилгача 1млрд. АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағлик 23 та Ил-76 МФ учоғини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бунга қўшимча равишда ТАИЧБда Ил-76МД русумли 34 та ҳарбий-транспорт учоғи ва Ил-78 русумли тўртта ёнилғи қуйиш учоғи ишлаб чиқариш юзасидан Хитой шартномасининг (бу шартнома умумий қиймати ҳам 1 млрд. АҚШ долларидан ошади) бир қисми бажарилади.

Ҳозирда ТАИЧБ Ил-76 ва Ил-114 учоқлари, шунингдек, Ан-70 учоқлари учун қанотлар ишлаб чиқармоқда.



 

Реклама