11:06 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Фарғона.Ру” АА манбаси: “Андижон вилояти собиқ ҳокимининг ўғли Россияда қўлга олинган ва Ўзбекистонга топширилган”

01.08.2007 14:35 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” АА хабардор манбаси берган маълумотларга қараганда, бундан бир ойча муқаддам Андижон вилояти собиқ ҳокими Қобилжон Обидовнинг ўғли Россия Федерацияси ҳудудида қўлга олинган ва Ўзбекистонга топширилган.

Халқ орасида “Шаҳзода” лақаби билан таниқлироқ бўлган Улуғбек Обидовга нисбатан унинг отаси, Ўзбекистон Қаҳрамони Қобилжон Обидов Андижон вилоят ҳокими лавозимидан бўшатилиши биланоқ қидирув эълон қилинганди. Миш-мишларга кўра, Улуғбекни фақат ҳуқуқ-тартибот идораларигина эмас, “шаҳзода” билан шахсий ҳисоб-китоблари бўлган маҳаллий “кўча болалари” ҳам қизиқмоқдалар.

Андижонликларнинг кўпчилиги Улуғбек Обидовнинг отаси вилоят хўжайини бўлиб турган пайтда гўё у қилган номаъқулчиликлар ҳақида гапириб беришлари мумкин. Бироқ бу гапларнинг ҳамма тўқиб чиқарилганини ва Улуғбек “тузук” йигит бўлганини таъкидловчи одамлар ҳам бор.

Энг шов-шувли нохуш ҳодисалардан бири “шаҳзода”нинг андижонлик машҳур боксчи, жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев билан тўқнашуви бўлганди. Андижонликларнинг айтиб беришларича, улар орасидаги жанжал Улуғбекнинг М. Абдуллаевга қарашли қаҳвахонада хизмат учун пул тўлашдан бош тортгани туфайли содир бўлган. Улуғбекнинг “Мени танимайсанми?! Мен ахир шаҳзодаман – Андижон ҳукмдорининг ўғлиман!” қабилидаги ғазабнок ҳайқириғига олимпия чемпиони гўё ўзининг президент Ислом Каримов ҳимоясидаги киши эканига ишора қилган ҳолда “Мен эса Ўзбекистон ҳукмдорининг ўғлиман”, дея жавоб қилган. Миш-мишларга қараганда, уларнинг жанжали муштлашув билан тугаган, бу муштлашув пайтида Абдуллаев тийиқсиз “шаҳзода”ни обдон дўппослаган. Тез орада У. Обидов тўдаси чемпионни темир таёқлар билан чалажон қилиб калтаклаб кетган. Ўша кунлари ўзбекистонликларни жунбушга келтирган бу воқеа тўғрисидаги миш-мишлар расман рад ҳам қилинмади ёки тасдиқланмади ҳам. Аммо тез орада Фарғона водийси вилоят телекомпаниялари каналларида Абдуллаевнинг кундалик турмуши ҳақида тайёрланган лавҳа бир неча бор намойиш қилинди, унда соппа-соғ бўлган олимпия чемпиони ўз машқлари қандай ўтишини намойиш қилган. Шу билан бирга, видекадрда лавҳанинг чемпион гўё калтакланган кундан кейин суратга олингани ҳақида гувоҳлик берувчи сана турарди. Афтидан, бу иш ёқимсиз миш-мишларни бутунлай йўққа чиқариш учун қилинган бўлса керак.

Бундан ташқари, андижонликлар Улуғбекнинг ёш қизларни хўрлагани, унинг машинасидан ўзиб кетган ҳайдовчиларни жазолагани ва ҳ.к. ҳақида ҳам эслайдилар. Яна “шаҳзода” наркомафия билан боғлиқлиги ҳақида ҳам гапириб юрардилар. Маҳаллий аҳолига кўра, Андижон вилоятининг собиқ раҳбари истеъфога кетиши ва кейинги қувғинлар учун ўз ўғлидан “миннатдор” бўлиши керак экан. Айтишларича, Улуғбекнинг қилмишлари тўғрисида шахсан Ўзбекистон президентига етказилган. Бироқ хабардор одамлар ҳоким ҳаддан зиёд мустақиллиги ва ўзининг Ислом Каримовга энг муносиб меросхўр экани хусусидаги гап-сўзларга хайрихоҳ бўлгани учун қувғинга учраганини қайд этадилар.

Улуғбек Обидовнинг ушлангани ҳақида расман ҳеч қандай хабар тарқатилмаяпти. Бироқ унинг фотосуратлари қидирилаётган жиноятчилар ҳақидаги эълон тахтасидан йўқолиб қолганига анча бўлгани диққатга сазовордир. Ушбу ҳодисани ҳуқуқ ҳимоячилари ёки сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган қочоқлар ва одамлар ҳақ-ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар аъзолари сезмай қолганларига қараганда, “шаҳзода”ни қўлга олиш амалиёти ўта махфий суръатда амалга оширилган кўринади. Тахмин қилиш мумкинки, Улуғбекнинг ўзи ҳам фақат Ўзбекистон махсус хизматларининг топқир ходимларигина топиб бора оладиган пана жойга яширинган бўлиши мумкин.

Бугунги кунда Андижонда Обидовлар оиласи атрофидаги гап-сўзлар бироз босилган. Ҳоким ҳибсга олинган дастлабки пайтларда эса Хонобод шаҳри (бу оила асли шу шаҳардан эди) одамлари Улуғбек ва унинг ака-укалари томонидан етказилган жабр-ситамлар учун ўч олишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида миш-мишлар айланиб қолганди. Ўша кунлари Обидовлар оиласидан бирор-бир киши, ғазабга минган ҳамюртларининг қўлига тушиб қолишдан чўчиб, остона ҳатламаганди.

Қайд этиш жоизки, гарчи Қ. Обидов истеъфоси 2005 йилнинг май ойидаги фожеали воқеалардан анча олдин содир бўлган эса-да, собиқ ҳоким юзлаб андижонликларнинг отиб ташланиши билан якунланган исённи ташкил этилишига алоқадорликда айбланганди. Бироқ бунга ишончли далиллар бўлмагани учунми ёки вилоят собиқ раҳбарининг обрў-эътибори ва таъсири бунга йўл бермагани сабаблими – ҳар ҳолда, суд Ўзбекистон Қаҳрамонини шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукм билан чекланган. Ҳозирги пайтда Қобилжон Обидов уй қамоғида сақланмоқда.