14:47 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия: МДҲдан келувчилар учун виза тартибининг бекор қилиниши Европа Иттифоқига ёқмаслиги мумкин

01.08.2007 09:04 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир)

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия собиқ СССР туркий тилли мамлакатлари билан бўлган виза тартибини бир томонлама бекор қилди. Мамлакат вазирлар маҳкамасининг бу борадаги тегишли қарори “Resmi Gazete” (“Расмий газета”) нинг кечаги сонида чоп қилинганидан кейин кучга кирди.

Бундан буён умуммиллий паспорт эга бўлган Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркманистон, шунингдек, Тожикистон ва Мўғулистон фуқаролари Туркияга ўттиз кунгача муддатга эркин келиб-кетишлари мумкин бўлади. Мазкур мамлакатлар билан бўлган виза тартибини бир томонлама бекор қилиш тўғрисидаги қарор ҳукумат аъзоларининг июль ойи бошида Туркиянинг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчилари билан бўлиб ўтган учрашуви чоғида қабул қилинган. Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гулнинг “Заман” газетасига берган интервьюсида билдиришича, Туркия “барча муслимонлар ва турклар учун иккинчи ватанга” айланиш истагидадир.

Эслатиб ўтамиз, туристик мақсадларида икки томонлама визасиз тартиб Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан анчадан бери қўлланиб келинади. Бироқ Озарбайжон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга бориш учун Туркия фуқаролари мазкур мамлакатларнинг визаларини олишлари шарт. Шунинг учун ҳам, Туркияда кўпчилик “мамлакатга виза асосида кириш икки томонлама бекор қилиниши лозим”, деб ҳисоблайди.

Қайд этиш жоизки, қўшни Туркия ва Гуржистон ўртасида визасиз тартиб 2006 йилнинг февраль ойида кучга кирган. Туркий тилли мамлакатлар фуқароларидан фарқли ўлароқ Гуржистон фуқароларига Туркияда 90 кунгача юришга рухсат этилган. Расмий статистика ўтган йили Туркия-Гуржистон чегарасини бир ярим миллион киши кесиб ўтганини маълум қилади.

Айрим шарҳловчиларнинг тахмин қилишларича, туркий тилли мамлакатлар билан виза тартибининг бекор қилиниши Европа Иттифоқи томонидан танқид қилинади. Туркия ЕИга кириш учун номзод ўлароқ учинчи давлатларга нисбатан виза тартибларини жорий этиш ва уларни бекор қилиш масалаларида Европа мезонларига амал қилиши лозим бўлади. ЕИ комиссияси мазкур масала юзасидан Туркия томонидан қилинаётган барча хатти-ҳаракатларни диққат билан ўрганаяпти. “Позитив давлатлар” рўйхатида бўлган мамлакатларга нисбатан ЕИ виза тартибининг бекор қилинишини талаб қилади. Бироқ Туркия виза тартибини бекор қилган мамлакатлар ЕИ рўйхатида “ишончли бўлмаган давлатлар” қаторида туради.

Нега энди Туркия туркий тилли мамлакатлар билан виза тартибини бекор қилишга қарор қилди? Бунда кўпроқ май ойида Туркиянинг Европа Иттифоқига кириши масаласи юзасидан ЕИ билан ўтказилган сўнгги музокараларнинг қийин кечгани, шунингдек, Еврокомиссия раиси Жозе Мануэль Бароззонинг “Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлишга тайёр эмас, ЕИ эса, ўз навбатида, уни эртага ҳам, индинга ҳам қабул қилишга тайёр эмас” қабилидаги баёноти ўз ролини ўйнаган бўлиши мумкин. Охирги пайтларда Туркий тилли мамлакатлар иттифоқини тузиш чақириқлари тобора баландроқ янграй бошлади. Апрель ойида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ана шундай таклиф билан чиққанди, ўтган йилнинг сентябрь ойида Анталияда бўлиб ўтган туркий тилли мамлакатларнинг ўнинчи қурултойида бош вазир Ражаб Эрдўғаннинг чиқиши ҳам шу оҳангда бўлганди.

Қайд этиш жоизки, Туркия Озарбайжон ва Марказий Осиё энергетик заҳираларининг Европага транспортировка қилиниши учун транзит йўлакка айланишга интилмоқда.

Виза тартиби бекор қилинишининг ўзига келсак, пировардида бундан Туркия иқтисодиёти, айниқса, унинг туризм, хизмат кўрсатиш ва юк ташиш каби жабҳалари ютади.

Бунда Туркияга келиш истагида бўлганлар сонининг ошиши натижасида мамлакатга келаётган чет эл валютаси ҳажмининг ортиши ҳам анча аҳамиятли омиллардан бўлиб ҳисобланади.