11:02 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Дин тўғрисида ҳали янги қонун қабул қилинганича йўқ, аммо “ортиқча” масжидлар ҳозирданоқ йўқ қилинмоқда

01.08.2007 08:58 msk

Ўз ахб.

Икки ҳафталардан кейин тожикистонлик қонун чиқарувчилар диний эркинликларнинг сезиларли даражада чеклаб қўйилишини назарда тутмиш “Эътиқод эркинлиги, диний бирлашмалар ва бошқа ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни кўриб чиқишга киришадилар.

Қонуннинг янги таҳрири мамлакатда фаолият кўрсатаётган масжидлар сонини чеклашни назарда тутади ва кўпчилик диний конфессиялар учун расмий рўйхатдан ўтиш имкониятини қарийб йўққа чиқаради. Дин тўғрисидаги қонунчиликка киритилажак тузатишлар зимдан, ҳеч кимга билдирмай ишлаб чиқилаётгани ҳукумат мухолифларининг норозилигига сабаб бўлмоқда. “Forum 18” ахборот агентлиги тожикистонлик диншунос Ибодулло Калонзоданинг “Моҳиятан, ҳозирги қонунчилик яширинча ишлаб чиқилмоқда”, деган сўзини иқтибос ўлароқ келтирган.

Номаълум мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига мувофиқ, етти ёшдан кичик бўлган болаларга диний дарслар ўқитиш, шунингдек, уйда бериладиган диний таълимнинг ҳамма шакллари таъқиқланиши лозим.

Жорий йилнинг июнь ойида насроний ва (Тожикистон учун анъанавий бўлмаган) бошқа диний ташкилотлар президентга мактуб йўллашиб, унда янги қонун лойиҳаси конституция томонидан кафолатланган мавжуд эътиқод эркинлигига путур етказиши юзасидан чуқур хавотирда эканларини изҳор қилганлар. Ноанъанавий динлар вакилларнинг хавотирларида жон бор: қонун лойиҳаси миссионерлик фаолиятининг ҳар қандай шакли жорий этилишини тўла таъқиқлашни кўзда тутади. Бироқ, дин тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири мусулмон жамоати эркинликларига ҳам зарба бериши мумкин.

Диндор мусулмонлар ҳаммасидан ҳам мамлакатдаги масжидлар сони, қонунчиликка мувофиқ, ғалат ҳисоб-китобдан келиб чиққан ҳолда (қишлоқ жойларда йигирма минг аҳолига битта масжид ва шаҳарларда ўттиз минг аҳолига битта масжид) қисқартирилиши мумкинлигидан хавотирланаяптилар. Душанбеда ўзига хос “лимит” янада кўпроқ қисқартирилган: пойтахт аҳолисига олтмиш минг киши учун битта масжидга рухсат берилган.

Шу тариқа, Душанбеда расман фаолият юритаётган йигирма саккиз масжиддан бор-йўғи ўн олтита қолиши мумкин. Бироқ, маҳаллий мусулмон раҳбарларининг билдиришларича, бугуннинг ўзидаёқ масжидлар Жумъа намозини адо қилиш учун келган диндорларнинг ярмини ҳам сиғдира олмаяптилар.

Тожикистон пойтахти расмийлари янги қонун қабул қилинишини ҳам кутиб ўтирмасдан ибодатларни тартибга солишга қаратилган чора-тадбирларни бошлаб юборганлар. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Душанбенинг турли жойларида оммавий текширувлар ўтказилаяпти, бунинг натижасида бир неча масжид фаолияти тўхтатилди. Шу кунларда Душанбе мэри М. Убайдуллоев буйруғига биноан Тожикистон пойтахтида жамоат жойлари текширилаяпти. Бу масала шу кунларда Душанбе шаҳар ҳукумат кенгашида муҳокама қилинган. Кенгашда Жомеъ масжидларини текшириш ва аттестациядан ўтказиш масжид имом-хатибларининг таклифига кўра республиканинг дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги мавжуд қонунчилик ҳамда президент томонидан кўтариб чиқилган “Тожикистон Республикасидаги анъаналар, тантаналар ва маросимлар тўғрисида”ги қонун асосида олиб борилиши таъкидланган.

Норасмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Тожикистонда уч мингдан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг қарийб 90 фоизи ноқонуний қурилган ёки тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмаган.
Кенгашда қайд этилганидек, бу чора-тадбирлардан мақсад пойтахт поселкалари ва мавзеларидаги жамоат жойларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш бўлиб ҳисобланади. Текширув шу йилнинг 25 августига қадар давом этади.

Прокуратура маълумотларига кўра, пойтахтнинг айрим жойларида тантаналар ва бошқа тадбирлар ўтказишга мўлжалланган жамоат жойларидан масжид сифатида ноқонуний фойдаланилмоқда.

Душанбенинг “Сино” туман ҳукуматидан “Фарғона.Ру” мухбирига маълум қилишларича, сўнгги текширувлар чоғида бу туманда турли сабабларга кўра бешта масжид тугатилган (март ойида “Регнум” агентлиги бу туманда эллик еттита масжид бузиб ташлангани ҳақида хабар қилганди). Пойтахтнинг баъзи туманларида масжид ёпилишига фаол қаршилик кўрсатаётган маҳаллий аҳоли билан расмийлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Душанбе расмийлари масжидларда азон айтилаётганда овоз кучайтиргичлардан фойдаланишни таъқиқлаб қўйгандилар. Жорий йилда республикада ўрта мактаб ўқувчилар ва олий ўқув юрти талабалари учун диний кийим-бош кийиб юриш ҳам маън этилганди.

Эҳтимол, ҳукуматнинг фуқаролар диний турмуши устидан назоратни кучайтириш ҳаракати ортида радикал дин таъсирини чеклашга уриниш турган бўлиши мумкин. Бошқа томондан эса расмийларнинг кескин аксилклерикал сиёсати мутлақо мўътадил, сиёсатга аралашмайдиган мусулмонларнинг қаттиқ норозилигини келтириб чиқармоқда. Давлат босими уларни яширин ибодат қилишга мажбур қилиши, демакки, ҳуқуқбузарларга айлантириб қўйиши мумкин.