12:39 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон: Ақмурад Режепов ўзи барпо қилган режимнинг қурбонига айланди

31.07.2007 15:39 msk

Ф. Жоний

Ашхободда Туркманистон президенти қўриқчилик хизматининг собиқ бошлиғи, генерал-лейтенант Ақмурад Режепов ҳамда унинг ўғли, Туркманистон миллий хавфсизлик хизмати зобити Нурмурад узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Бу ҳақда сешанба куни Москвадаги Время новостей газетаси хабар қилди.

Ақмурад Режепов Туркманистон собиқ раҳбари Сапармурод Ниёзовнинг энг эътиборли аъёнларидан бири бўлиб ҳисобланарди. А. Режепов Туркманистондаги “Меросхўр” амалиёти ўтказилишида асосий роллардан бирини ўйнаганди, бунинг натижасида 2006 йилнинг 21 декабрида Туркманбоши ўлими ҳақидаги хабар эълон қилинганидан кейин мамлакатда ҳокимият тепасига ҳозирги президент Қурбанқули Бердимухаммедов олиб келинганди.

Бир пайтлар ўта қудратли бўлган генерал Режеповнинг ҳибсга олингани ҳақида Туркманистонда расман эълон қилмаганлар. Шу йилнинг 15 май куни Туркманистон телевидениеси “бошқа ишга ўтказилганлиги муносабати билан” генерал Режепов ўз лавозимидан озод қилингани тўғрисида хабар бериш билан чекланганди. Шу билан бирга, Ашхобод Ниёзовнинг бош қўриқчиси ва унинг яқинлари ҳисбга олингани ҳақида чет эл оммавий ахборот воситаларида чиққан кўплаб хабарларни ҳам расман рад этмаган.

Время новостей маълумотларига кўра, 12 май куни Туркманистон, Россия ва Қозоғистон президентларининг Туркманбоши (собиқ Красноводск) шаҳрида бўлиб ўтган учрашувининг эртасигаёқ амалга оширилган генерал Режеповнинг ҳибсга олиниши унинг ўзи учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлган.

Ота-бола Режеповлар билан бирга туркманистонлик таниқли тадбиркор, “Ориентал” фирмасининг собиқ раҳбари Мурад Ағаев ҳам судланган. Уларнинг ҳар уччаласига ҳам мансабини суиистеъмол қилган ҳолда коррупцион битимлар ва жиноятларни амалга оширганлик юзасидан айбловлар эълон қилинган. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, катта Режепов 20 йилга, унинг ўғли эса 13 йилга қамалган. М. Ағаевни эса 17 йилга озодликдан маҳрум қилганлар.

Тарих фанлари доктори, РФА Умумий тарих институти (Москва) етакчи илмий ходими, “Фарғона.Ру” АА экспертлик кенгашининг аъзоси Артем Улунян Ақмурат Режеповнинг тақдири постсовет ҳудуди учун хос ва ибратли бўлди, деб ҳисоблайди.

А. Улунян - У хавфсизлик қўмитасида хизмат қилган ва совет давридаги олий мартабали раҳбарлар хавфсизлигига жавоб берган “бириктирилмиш” шахслардан эди. Туркманистон мустақилликка эришганидан кейин Режепов Ниёзов билан шахсан таниш бўлгани учун моҳиятан режимнинг “кулранг кардинали”га айланди. Мамлакатдаги бутун олий номенклатурани танлаш билан ҳам у шуғулланарди, кўплаб иқтисодий олди-соттиларни ҳам, афтидан, у амалга оширарди ҳамда Ниёзов томонидан хорижда ва мамлакат ичкарисида ўтказилган жиддийроқ амалиётларда воситачилик қиларди.

Режеповнинг қулаши табиий ҳол бўлиб ҳисобланади. 2006 йилнинг 21 декабридаёқ кўпчилик янги сайланган ёш Бердимухаммедов орқасида турган Режепов сал бўлмаса мамлакат раҳбарига айланиши ҳақида гапирганди. Мамлакат ичкарисида алоҳида мавқега эга бўлишга интилган ҳамда республика раҳбариятининг қудратлироқ аъзоси қиёфасида жаҳон газ бозорига чиқишга уринган А. Режепов Бердимухаммедовнинг янги раҳбарлар гуруҳи ва сайлов пайтида унинг орқасида турган кишилар учун рақиб бўлиб қолди.

Ҳозирги пайтда Туркманистондаги янги раҳбарият якуний шаклга эга бўлиб улгурганини кўп нарса айтиб турибди. Ниёзов ва унинг атрофидагилар ўрнига бошқа одамлар келаяптилар. “Собиқлар” ичидан фақат “маслаҳатчи” ролини ўйнаганларгина қолаяптилар. Ҳозирда Бердимухаммедов қарийб бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамлади ва бунга Ниёзов даврининг такрорланишини хоҳламаган номенклатурадаги кўпчилик рози бўлди. Режепов ўз қўллари билан барпо қилган режимнинг қурбони бўлиб ҳисобланади.

* * *

Туркманистонда узоқ йиллар яшаган мустақил экспертлардан бири ҳам А. Режепов “компания”сининг ҳибсга олиниши ва судланишида ҳайратланарли ҳеч нарса йўқлигини айтади.

Аноним эксперт: - Чунки Режепов ҳам, Ағаев ҳам президент Ниёзовга жуда яқин бўлган кишилардан ҳамда Ниёзовнинг ўғли Мурад билан боғлиқ бўлган бизнес-схемаларнинг фаол иштирокчиларидан эдилар. Ақмурад Режепов Қ. Бердимухаммедовнинг ҳокимият тепасига келиши ва тасдиқланишида анча фаол роль ўйнаганига қарамасдан, иқтидордаги президент бир пайтлар ўзини ҳокимият тепасига олиб келган кишилардан мутлақо анъанавий усуллар воситасида қутулаяпти.