21:16 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон корейслари: Янги ватандаги етмиш йиллик машаққат ва муваффақиятлар

31.07.2007 15:37 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

Етмиш йил аввал 1937 йилнинг 21 августида СССР Халқ комиссарлари кенгаши ва ВКП(б) МК “Корейс аҳолисини Узоқ Шарқ ўлкасининг чегараолди ҳудудларидан кўчириш тўғрисида” қарор чиқардилар. Олти ой ичида Приморьедан Ўзбекистонга 75 минг корейс - 16307 оила мажбуран олиб келинди. Улар Тошкент вилоятининг қўриқ ерлари, Оч дашт, Амударё қуйиси ва Орол денгизи бўйларида маъмурий кўчманчилар сифатида жойлаштирилдилар. Бу ерда элликта корейс жамоа хўжаликлари ташкил этилди ва 222 жамоа хўжалиги кўчманчилар билан тўлдирилди.

Улкан иқтисодий экспериментми?

Бугунги кунда тарихчилар “совет ҳокимиятининг корейсларни Узоқ Шарқдан кўчириш ҳақидаги қарори яна бир бемаъни зулм кўринишимиди ёки большевик ҳақиқатан ҳам Япония билан пишиб қолган урушда бу миллатнинг “бешинчи колонна”га айланишидан чўчиганмидилар?” деган масала устида баҳс қиладилар. Кўчиришнинг улкан иқтисодий эксперимент сифатида ўйлаб топилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор, чунки 1929-1931 йиллардаги очарчиликдан сўнг Қозоғистон ва Ўрта Осиёда қўриқ ерларни ўзлаштириш ва шоли етиштиришни ривожлантириш бўйича беш йиллик режаларни бажариш учун “киши заҳиралари” етишмаётганди.

Корейсларни асосан ўзлаштирилмаган ерларга жойлаштирганлар. Дастлабки йиллар ўта қийин кечган. Турар-жой етишмагани сабабли улар омборхоналарда, оғилхоналарда ва ертўлаларда қишлаганлар. Қадрдон ерларидан ҳайдалган одамлар янги ерларда ҳам оммавий қатағонларга дучор қилинаверганлар. Улар шаҳарларда эркин юра олмаганлар ва истиқомат қилолмаганлар. Бироқ Ўзбекистондаги корейслар ўша оғир йилларда нафақат тирик қола билганлар, балки мустаҳкам оёққа туриб ҳам олганлар. Бугунги кунда Ўзбекистонда икки юз мингга яқин корейс истиқомат қилади, ўз адади бўйича улар дунёдаги тўртинчи корейс диаспорасини ташкил қиладилар. Уларнинг кўпчилиги кўчишдан кейин туғилганлар, аммо улар орасида узоқ ўтмишдаги фожеали воқеаларни эслайдиганлар ҳам бор.

Россия Узоқ Шарқида корейслар 1860 йили пайдо бўлганлар. 1905 йилда Корея ярим ороли Япония томонидан босиб олинган ва шимолга кўчиш сиёсий сабабларга кўра кучая борган. 1917 йилга келиб Россияда 90 минг корейс яшарди, улар Приморьеда аҳолининг қарийб учдан бирини ташкил қилишар, айрим чегараолди ҳудудларида эса улар кўпчиликни ташкил қилардилар. Корейс деҳқонлари миллий озчиликлар ва фақирларни эзишга чек қўйишни ваъда қилган 1917 йилдаги инқилобни қўллаб-қувватлаганлар.

Ўзбекистон корейслари кеча ва бугун

70-80 йиллардан бошлаб Ўзбекистондаги корейслар сони жуда тез суръатда ўса бошлади. Корейслар қишлоқ жойлардан йирик шаҳарларга, айниқса, Тошкентга илдамлик билан кўча бошладилар. Шаҳар оилаларида - моддий жиҳатларни ўйлабми - иккитадан ортиқ бола кўрмаслик анъанаси пайдо бўлди. Бу орада шаҳарлик корейслар қарийб барча соҳаларда муваффақиятларга эришишиб, урбанистик фаолият соҳаларини эгаллай бошладилар. Шу билан бирга, улар Ўзбекистон фани, маданияти ва санъатига сезиларли ҳисса қўшдилар. Улар ичида физика-математика фанлари доктори Вячеслав Эм, филология фанлари доктори Алексей Шин, шарқшунос Валерий Ким, Ўзбекистон хорижида “Шарқ Пикассоси” деб танилган рассом Николай Шин, дирижер Артем Пак, фоторассом Виктор Анлар бор. Бу рўйхатни ёш авлод вакилларининг ёрқин номлари билан ҳам тўлдириш мумкин.

Қишлоқлик корейслар орасида ҳам турғунликнинг сўнгги йилларида анъанавий меҳнатсеварлик, уддабуронлик руҳи ва соғлом прагматизм сўнгани йўқ. Ҳар йили Ўрта Осиё республикаларидан бўлган минглаб корейслар пиёз, сабзовотлар ва полиз экинларини етиштириш учун бутун Совет Иттифоқи бўйлаб мавсумий ишларга тарқаб кетардилар.

Корейслар бўлажак МДҲ ҳудудлари билан ҳам, Ўзбекистон билан бошқа мамлакатлар ўртасида ҳам бозор иқтисодиётига асосланган савдо-сотиқни фаол йўлга қўйдилар ва умуман, бўлажак ўзгаришларга яхши тайёргарлик кўрган бўлиб чиқдилар. Ўзбекистоннинг асосий улгуржи бозори бўлмиш “Ипподром” 90-йилларда “ўзбек” ва “корейс” бозорларига ажралгани ҳам бежиз эмас, албатта. Аммо бу янги даврнинг бошланиши эди, холос. Ўзбекистондаги корейс жамоатчилиги йирик бизнесининг юксак палласи Виктор Чженнинг Ўзбекистон ҳукуматида бош вазир ўринбосари вазифасини бажариб турган 1994-2000 йилларга тўғри келиши юзасидан фикрлар бор.

"Фарғона.Ру АА" фотоси

Сиёсатдан четланган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистонда корейслар ҳозирлигининг бошқа миллатлар учун сезиларли бўлган белгиси корейс миллий ошхонаси бўлиб ҳисобланади. Бу ошхоналар катта шаҳарларнинг барчасида ўнлаб машҳур ресторанлар билан тамсил этилган бўлиб, уларнинг филиаллари сўнгги йилларда қўшни мамлакатларда, масалан, Қирғизистонда ҳам очилмоқда. Лекин Тошкентда деярли ҳар бир муюлишда корейсларнинг “кимчи”, сабзи салат ва “фунчеза” сотиб ўтиришидек аввалги ўн йилликларда кўзга ташланадиган “анъанавий манзара”ни бугунги кунда топиш тобора қийин бўлиб бораяпти. Бу ноз-неъматларни тайёрлаш ва сотишни ўзбеклар ҳам аллақачон ўзлаштириб олганлар. Эндиликда бу емишларни сотиб ўтирган корейсларни Фарҳод бозори ёки Қўйлиқдагина кўриш мумкин. Бугунги корейс ёшларининг типик вакиллари менежерлар, ҳуқуқшунослар, тармоқ маъмурлари, шоу-бизнес намояндаларидир. Аснода мамлакатнинг чекка жойларида ҳали ҳам ўзларининг кичик ер участкаларига астойдил ва сабру бардош билан ишлов бераётган корейс оилаларини топиш мумкин.