18:18 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Кубан Мамбеталиев: журналистикани «маъмурият хизматкори» мажбуриятларидан халос қилишимиз керак

05.09.2005 15:39 msk

Зулфия Жумабаева

Кубан Мамбеталиев – Қирғизистондаги «Журналистлар» жамоатчилик ташкилотининг раҳбари. «Журналистлар» жамоатчилик ташкилоти 1998 йили журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш, ОАВ ҳақидаги қонун лойиҳаларини ҳимоя қилиш, сўз ва матбуот эркинлиги тамойилларини ҳимоялаш мақсадида таъсис этилган. Ташкилот республика матбуоти ва электрон ОАВда ишлайдиган жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бирлашмасидир.

Аъзолар сони – 170 киши. 1999 йилнинг 28 ноябрь куни IFJ, Халқаро Журналистлар Федерацияси (штаб-квартираси Брюсселда) таркибига қабул қилинган. 1999 йилда «Қирғизистондаги ОАВ қонунчилик базаси ва сўз эркинлиги» мавзусида республика анжуманини ўтказган. 2000 йилда парламент ва президентлик сайловлари пайтида Қирғизистон электрон ОАВ мониторингини ўтказган. 2001 йилда Карнеги жамғармаси билан биргаликда «Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида Ислом» мавзусида Халқаро Анжуман ўтказган. 2002 йили «Қирғизистон ОАВ ва журналистлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда зиддиятлар мониторинги» лойиҳасини бошлаган. 2002 йилда IFJ билан ҳамкорликда журналистлар касаба уюшмаларини тузиш бўйича дастлабки лойиҳани бошлаган.

- Кубан Ильясович, бугунги кунда Қирғизистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ бўлган аҳвол қандай? Янги расмийлар иқтидорга келганларидан кейин туб ўзгаришлар содир бўлдими?

- Бугунги кунда расмийлар томонидан бошданоқ эълон қилиниб келинган катта ўзгаришлар кузатилмаяпти. Модомики, давлат ОАВ мақоми мавжуд экан, улар амалга ошмайдилар. Ҳозирги ҳокимият ОАВ устидан назорат қилишдан воз кечиши зарур. Биз ОАВни давлатдан ажратиш жараёнини ўтказган тақдиримиздагина эркин демократияга эга бўламиз. Журналистикани «маъмурият хизматкори» мажбуриятларидан ҳалос қилишимиз керак. Матбуот ва электрон ОАВга бозор шароитида ривожланиш имкониятини бериб, уларни давлат тасарруфидан чиқариш жараёнини бошлаш талаб қилинади. Майли, улар вазиятнинг ҳукмдор фармонига кўра эмас, талаб ва таклиф қонунига кўра ривожланиши учун ўз муштарийлари ва томошабинлар аудиториясини шакллантирсинлар ҳамда уларга эга бўлсинлар.

- Яъни, ҳозирданоқ сизнинг янги тизимга нисбатан эътирозларингиз бор?

- Курманбек Бакиев аввалроқ, Президент вазифасини бажарувчи бўлган пайтида давлатнинг барча оммавий ахборот воситалари - Миллий телерадиокорпорацияни, «Қирғиз туусу», «Слово Киргизстана», «Эркин-Тоо» каби ҳукумат нашрларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жамоатчиликники бўлиши кераклиги, Ҳукумат расмий қарорларни чоп қилувчи битта матбуот органига эга бўлишининг ўзи кифоя эканлигини билдирганди. Давлат ОАВ ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган, унга бош вазир муовини Адахан Мадумаров бош бўлган, мен унга ўринбосар ўлароқ танлангандим. Биздан ташқари гуруҳ таркибига Давлат мулкини бошқариш комитетининг ва Адлия вазирлигининг вакиллари ҳам кирган эдилар. Биз ислоҳотнинг муҳтамал шаклларини (моделларини) ишлаб чиққандик. Аммо ҳанузгача якуний қарор чиқарилгани йўқ, чунки комиссия турли сабаблар – сайловлар, инаугурация, А. Мадумаровнинг сафари, унинг таътили туфайли ўз ишини якунлай олмаяпти. Ниҳоят, шу ой комиссия яна йиғилади ва охирги қарорни қабул қилиш учун эндиликда сайланган Президентга тавсиянома берадилар.

- Сизнинг тахминингиз бўйича натижа қандай бўлиши мумкин?

- Ҳозирнинг ўзидаёқ айтишим мумкинки, Мадумаров тимсолидаги юқори мартабали амалдорлар ва унинг орқасида турганларнинг барчалари МТРКни жамоатчилик телевидениесига айлантиришга қатъиян қарши бўладилар. Улар МТРКни миллий телеканал сифатида сақлаб қолмоқчилар, ахир миллий дегани давлатники дегани эмасми?

Бундан келиб чиқадики, сайловгача улар бир нарсани гапирганлар, сайловлардан кейин эса умуман бошқа нарсалар содир бўлмоқда, ҳатто ортга қайтиш бўлаяпти. Улар давлат газеталарини ҳам қўйиб юбормоқчи эмаслар, давлатнинг 3 та етакчи газетасини ихтиёрларида қолдиришни режалаштирмоқдалар. Аслида парламентнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам матбуот органи функцияларини бажариши мумкин бўлган республика миқёсидаги битта давлат газетасини қолдириш мантиққа мувофиқроқ бўларди. Масалан, мен таклиф қилганимдек, «Эркин-Тоо» газетаси базасида. Дейлик, унинг логотипини қолдириб, номини ўзгартириш мумкин эди. (Чунки 1924 йилда чоп қилина бошлаганидан бери у давлат газетаси сифатида фаолият юритган). Уни «Қирғизистон Давлат газетаси» - Жогорку Кенеш ва Ҳукуматнинг расмий матбуот органи дея номлаш мумкин.

Уларнинг эса «Эркин-Тоо»ни Парламентнинг матбуот органига айлантириш режалари бор. Парламентга республика газетаси миқёсидаги ўз матбуот органига эга бўлиш нима учун керак? Бу бемаънилик! Улар бу газетада нимани чоп қилар эканлар? Табиийки, келажакда парламент ва ҳукумат ОАВнинг ўзаро қарама-қарши туришлари эҳтимоли бор. Улар сузиша бошлайдилар. Ундан кўра, ҳокимиятнинг асосий бутоқларидан келаётган барча зарур ахборотни чоп этувчи битта матбуот органи бўлгани яхши.

- Кубан Ильясович, агар ОАВни давлат тасарруфидан чиқариш амалга ошадиган бўлса, у ҳолда вариантлардан бири сифатида акцияларни 51% га 49% нисбатида тақсимлаш модели ўртага чиқиши мумкин. Агар шундай бўлса, Қирғизистон ОАВ ярим хусусий – ярим давлат ОАВга айланиб қолмайдиларми?

- Аввал-бошда шундай кўриниши мумкин. Давлат назорат пакетига эгалик қилади. Аммо амалда бу катта аҳамиятга эга бўлмайди. Бу энди давлат модели эмас. Чунки бу ерда «Ҳиссадорлик жамиятлари ҳақидаги қонун» амал қила бошлайди. Масалан, акцияларнинг 80% и давлатга берилади, аммо улар давлат балансида бўлган бино, транспорт, жиҳозлар шаклида бўлиши мумкин. Кейинчалик газета жамоаси аста-секинлик билан буларнинг ҳаммасини сотиб ола бошлаши мумкин. Бунда давлат тасарруфидан чиқариш жараёни бошланганининг ўзи муҳим.

- Унда фоизлар нисбатини аниқлаш жараёни қандай кечади?

- Ҳиссадорлар йиғилишининг қарори асосида ҲЖ устави яратилади, Давлат мулкини бошқариш комитети эса баҳолаш комиссияси билан биргаликда эгадорлик улушини аниқлайди. Қаердадир бино бор, қаердадир эса йўқ.

- У ҳолда таҳририятларнинг ўз келажаги учун, масалан, ўз бинолари учун ҳавфсирашларига асос бор экан-да. Агар улар бинолардан маҳрум бўлсалар, унда давлатнинг собиқ оммавий ахборот воситалари кўчада қолишлари мумкин-ку.

- Ҳозир расмийлар олдида битта муаммо турибди: бу қадамни қўйиш керакми ёки йўқми деган. Ахир бу ҳақиқатан ҳам қатъийликни, масъулиятни, ниҳоят, жасоратни талаб қилади-да. Баъзи газеталар давлат қарамоғидан кетишни шунчаки истамайдилар. Улар бундан буён ҳам расмийлар буюртмаларини бажаришни, бюжетдан пул олишни истайдилар. Баъзи журналистлар, муҳаррирларнинг позицияси ана шундай. Шунинг учун улар турли норозилик намойишлар, иш ташлаш ва ҳаказолар билан қўрқитишни бошлаяптилар. Аммо уларнинг етовига эргашиш керак эмас.

Мана, масалан, МТРК жамоасини олайлик. Нима учун у янгиликка қарши чиқмоқда? Наҳотки, ходимлар ойига 800-1000 сўм олиб яшашни истасалар? Ёки улар каналнинг амалдаги тузилишидан фойдаланган ҳолда, бошқа даромад манбаларга эгамилар? Уларнинг ривожланиш ва иш шароити яхшилашни, ойлик маошларининг ошишини истамасликларини бошқа қандай тушуниш мумкин? Ахир канални қудратли ТВ марказга айлантириш мумкин-ку. Агар жамоатчилик телевидениеси модели яратилмаса, унда грантлар олишга ҳам, халқаро ташкилотларнинг кўмагига ҳам, йирик реклама берувчиларга ҳам умид боғлашнинг кераги йўқ.

Расмийларни давлат ОАВ таҳририятлари томонидан юзага келтирилиши мумкин бўлган муаммоли вазиятлар чўчитмоқда.

- Аммо жамоатчилик телевидениесини ташкил этиш ғояси барибир ўзаро сўзлашилмоқда-ку?

- Мадумаров, менинг назаримда, анча айёрона бир йўлни айтиб ўтди. Ўшда «Ўш-3000» вилоят канали мавжуд ҳамда унинг базасида жамоатчилик телевидениесини ташкил этиш кўзланмоқда. Пировардида, у фақат Ўш шаҳри ва Ўш вилояти доирасидагина фаолият кўрсатади. У ҳолда Қирғизистоннинг қолган қисми нима қилади? Республика миқёсидаги жамоатчилик телевидениесини метрли 7-каналдан фойдаланган ҳолда пойтахтда ташкил этиш лозим. Асосий идора бу ерда бўлиши керак, филиал эса у ерда. Акс ҳолда иккита молиялаштирилувчи тузилма пайдо бўлади: МТРК ва жамоатчилик телевидениеси, чунки жамоатчилик телевидениеси давлат бюжетидан молиялаштирилиши керак. Молиялаштириш қандай пропорцияда бўлади? Албатта, тенг бўлмаган пропорцияда-да. Бир йилдан сўнг эса, уларнинг фаолияти якунларини чиқара туриб, жамоатчилик телевидениеси модели ўзини оқламади, дея хулоса қиладилар. Бекор гап! Келинг, у ҳақида умуман унутайлик. Бунақада биз фақат янада прогрессивроқ, ОАВдаги ҳақиқий ислоҳотни бошлайдиган учинчи Президентини кутишимизга тўғри келади. Ҳозирча эса амалда ҳеч қандай ислоҳот кетмаяпти.

- Мамлакатда ОАВ билан аввалгидек вазият қайтадан такрорланиши мумкинлиги юзасидан ҳавф борми?

- Асқар Ақаев пайтида нималар бўлганини бир эсланг-а. Ўз оиласи ва ўзи номига билдирилган танқидларга у очиқ муносабат билдирмасди. Бунга ўрта ва юқори бўғин амалдорлари жавоб қилардилар. Нима учун дерсиз? Чунки улар «хўжайин» олдида хизмат ўтагандай кўринишлари керак эди. Улар энг кичик имкониятни ҳам қўлдан бой бермасдилар. Ҳозир ҳам худди шу нарса қайталаниши мумкин. Янгитдан тайинланган ҳокимлар ва амалдорлар ҳам мамлакатда ўзгача қарашларни жорий этишга журъат қилган ОАВга нисбатан айтайин душманлик, ғазабнок муносабатни пайдо қилишлари мумкин.

- Гап фақат бу қарама-қаршиликнинг қай даражада бўлишидагинами?

- Авваллари расмийлар ОАВни ёпиш, босмахонадаги электрни узиб қўйиш, радиотўлқинлардан маҳрум қилиш ва ҳаказо ҳаракатларни амалга оширардилар. Биз бунинг янги тизимда қай даражага чиқиши мумкинлигини билмаймиз. Ҳозир мен Бакиевга ишонаман, чунки у ҳали у ёки бу томонга муайян қадам қўйгани йўқ. ОАВни давлат тасарруфидан чиқариш қарор ҳали қабул қилинмади. Аммо ҳозирги Президентнинг, бошқа сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, бу ҳақда очиқ билдиришининг ўзиёқ яхши. Назаримда, ҳозир баъзи амалдорлар томонидан ушбу ниятларга нисбатан қайсидир даражада зимдан қаршилик қилиш бормоқда, улар орасида консерватив ва регрессив кишилар бор. Юқори лавозимларни эгаллаб турган бу кечаги озодликни бўғувчилар жараёнларни қандай бўлишини юзасидан амр этмоқдалар ва саботаж қилмоқдалар.

- Яъни, муаммо давлат раҳбарининг атрофида бўлган кишиларда, барча таклифлар эса…

- Барча таклифлар амалдорларнинг нафсоний манфаатлари билан тўқнашмоқда! Ёш сиёсатчиларнинг янги даврасига бир қаранг. Ўз вақтида давлат ОАВнинг қаттиқ сиқувига дучор қилинган Данияр Усенов ва Адахан Мадумаров ҳозирда ўзлари ашаддий давлатчига айланиб бормоқдалар ва эндиликда биз уларнинг позициясига қарши туришимизга тўғри келаяпти. Мен уларнинг ислоҳотчи бўлишларига умид қилгандим, улар учун эса жамиятдаги демократик ўзгаришлар эмас, ҳокимият тизимидаги ўз ўринлари муҳим бўлиб чиқди. Уларнинг номига ҳеч қандай танқид бўлмаслиги керак, фақат қарсаклар ва мақтов бўлиши керак! Заррача танқид ҳам ҳозир қаршилик билан қабул қилинмоқда – мана шуниси ҳавфли! Эски, ашаддий демократлар эса тинчгина ўтириб, янги ташаббусларга зимдан қаршилик кўрсатмоқдалар.

- Агар давлат раҳбари ўз ниятлари ҳақида очиқ билдирган бўлса, худди шундай бўлади, деб умид қиламиз.

- Мен ҳам бунга умид қиламан. Албатта, мен ўз таклиф ва эътирозларимни Президентга битилган очиқ хат орқали айтаман. Мен МТРК базасида жамоатчилик телевидениеси ташкил этилишига эришиш учун, ҳеч қандай келишувларга бормай, қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман.

Зулфия Жумабаева суҳбатлашди